2 ноябрь куни Тошкент City ҳудудидаги амфитеатрда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров иштирокида маҳорат дарси бўлиб ўтди.

Очиқ осмон остида, ўзига хос самимий ва эркин мулоқот муҳитида ўтказилган тадбир талаба-ёшлар учун тажрибали журналист билан юзма-юз суҳбатлашиш, касб сирларини ўрганиш ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкониятини яратди.

Тадбир давомида Салим Дониёров ўзининг кўп йиллик касбий фаолияти ва журналистик тажрибасидан келиб чиқиб, замонавий журналистиканинг муҳим жиҳатлари, ахборот тайёрлаш жараёни, мавзу танлаш, воқеа-ҳодисаларни холис ва ҳаққоний ёритиш, сўз олдидаги масъулият каби масалаларга алоҳида тўхталди.

Журналист фаолиятида билим ва маҳорат билан бир қаторда, касбий масъулият, ҳалоллик, принципиаллик ҳамда аудитория ишончини қозониш муҳим аҳамият касб этишини таъкидланди. Шунингдек, бугунги ахборот маконида тезкорлик билан бирга, маълумотларнинг ишончлилигини текшириш, ҳар бир сўзнинг таъсири ва оқибатини англаш журналист учун энг муҳим талаблардан бири эканини қайд этди.

Тадбир давомида бўлажак журналистлар томонидан билдирилган саволларга батафсил жавоблар берилиб, уларнинг касбий фаолиятга оид фикр ва мулоҳазалари тингланди. Салим Дониёров ёшлар билан ўз тажрибасини ўртоқлашар экан, журналистикада муваффақиятга эришиш, ўз услубини шакллантириш, доимий изланиш ва касбий ривожланиш борасида ҳам қимматли тавсияларини берди.

Самимий мулоқот ва тажриба алмашинуви руҳида кечган маҳорат мактаби талаба-ёшларнинг журналистика касбига бўлган қизиқишини янада ошириш, уларнинг назарий билимларини амалий тажриба билан бойитиш ҳамда келажакдаги касбий фаолиятига йўл-ўриқ кўрсатишга хизмат қилади.

Фото: Ҳаким Йўлдошев