Кир Стармер Англиядаги маҳаллий сайловлар ва Шотландия ҳамда Уэлс парламентларига бўлиб ўтган овоз беришларда Лейбористлар партияси катта йўқотишларга учраганидан сўнг ҳам лавозимини тарк этмаслигини билдирди.

Буюк Британия бош вазири сайлов натижаларидан кейин журналистлар билан мулоқотда «ўзгаришларни амалга ошириш учун ишда қолишини» таъкидлади. У партия мағлубияти учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, ҳукумат айрим «кераксиз хатолар»га йўл қўйганини тан олди.

Сайловларда асосий ютуқни Reform UK партияси қўлга киритди. Найжел Фараж етакчилик қилаётган сиёсий куч Англияда мингдан ортиқ маҳаллий кенгаш ўринларини эгаллади. Партия, шунингдек, Шотландия ва Уэлсда ҳам асосий мухолифат кучларидан бирига айланиши мумкин.

Натижалар Британиянинг анъанавий икки партияли сиёсий тизими заифлашаётганини кўрсатди. Консерватив партия ва Лейбористлар партияси нафақат Reform UK, балки Яшиллар партияси ҳамда миллий партияларга ҳам овоз бой берди.

Лейбористлар партияси Англиянинг бир қатор ҳудудларида, жумладан, сўнгги қарийб 50 йил давомида назорат қилиб келган айрим кенгашларда ҳокимиятни йўқотди. Reform UK эса илк бор Лондондаги маҳаллий кенгашлардан бири устидан назоратни қўлга киритди.

Сайлов натижалари ортидан айрим лейборист депутатлар Стармерни келажакдаги режалари ва эҳтимолий истеъфоси бўйича аниқ позиция билдиришга чақирди. Бироқ ҳукумат аъзолари бош вазирни қўллаб-қувватлаб, ҳозирда раҳбарият алмашинуви мамлакат учун янада беқарорлик келтириб чиқаришини таъкидлади.

Кузатувчилар фикрича, мазкур сайловлар Британия сиёсий саҳнасидаги жиддий ўзгаришларни ва аҳоли кайфиятининг кескин ўзгариб бораётганини намоён қилди.