Дипломатлар нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Сибпекар”, мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш ва сотиш билан шуғулланувчи “Хилокс товар базаси” ҳамда металл қуйишга ихтисослашган “SIBELEKTROTERM” корхоналарида меҳнат қилаётган ҳамюртлар билан учрашди.

Юртдошларга колл-марказлар маълумотлари ва дипломатик ваколатхоналарнинг манзиллари кўрсатилган материаллар тарқатилиб, консуллик-ҳуқуқий ёрдам масалалари бўйича маслаҳатлар берилди.

Мулоқот жараёнида иш ҳақини ўз вақтида тўлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳамюртларимизга тўловлар асоссиз кечиктирилган тақдирда, масалани тезкорлик билан ҳал қилиш учун Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонасига мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилди.

Учрашувлар давомида оғир молиявий аҳволга тушиб қолган ва ватанига қайтишга муҳтож бўлган олти нафар Ўзбекистон фуқаросига, жумладан, вояга етмаган болаларга ёрдам кўрсатилди. Уларга зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, юртимизга қайтиш учун чипталар тақдим этилди.

Бош консулхона фуқароларга ҳужжатларни расмийлаштиришда ва Новосибирск вилояти ҳудудида уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда бундан буён ҳам кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди.