Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консули Аслам Акбаров «Алфит» компанияси раҳбарияти билан учрашиб, компаниянинг замонавий фитотерапевтик маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш, уларнинг савдосини йўлга қўйиш ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
Музокараларда маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида «Алфит плюс» компанияси вакилларини жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилаётган Олтой ўлкаси бизнес-миссияси таркибига киритиш таклиф этилди.
Учрашув якунида «Алфит» компаниясининг яқин вақт ичида Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасини очиши, кейинчалик эса Ўзбекистонда қўшма корхона ташкил этиши бўйича келишувга эришилди.
Ҳамкорликнинг кейинги босқичида ишлаб чиқаришни «Чирчиқ» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда.
Маълумот ўрнида, «Алфит» компанияси 350 дан ортиқ турдаги фитомаҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания маҳсулотлари орасида капсула шаклидаги фитойиғмалар, ўсимлик экстрактлари, махсус косметика воситалари ҳамда шакар қўшилмаган қандолат маҳсулотлари мавжуд.