Серҳосил, сархил мевалари билан кўзларни қувнатиб турган боғлар ёнидан ўтаркансиз, беихтиёр заҳматкаш боғбонига балли дейсиз...
Равон йўллардан кетаркансиз, меҳнаткаш йўлсозларнинг отасига раҳмат дейсиз...
Кўркам ва осмонўпар иншоотларга ҳавас билан тикилиб, уни барпо этган инсон меҳнатига таҳсин айтасиз...
Аммо ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ушбу раҳматлару таҳсинларга сабаб бўлган омил илм, таълим ва тарбиядир. Онг ва қалбда шаклланган илм ҳамда инсоний фазилатлар жамулжам бўлиб, мана шундай бунёдкор кучга айланади.
Таълим — жамият равнақининг муҳим асоси. Шу боис, сўнгги йилларда таълим тизимига давлат сиёсатидаги энг устувор йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда. Мактабгача таълимдан бошлаб олий таълим ва илмий тадқиқотларгача бўлган тизимни такомиллаштиришга қаратилган мутлақо адолатли ислоҳотлар кечмоқда.
Соҳа вакили сифатида бу ишларга гувоҳ бўларканман, беихтиёр бундан
15-20 йиллар олдинги манзара кўз олдимда гавдаланади. У даврлардаги ўқитувчи шахсига эътибор, меҳнатига муносабат, мактабларда яратилган шарт-шароит ва ўқувчиларнинг ўзлаштириш сифати ва бугунги кун янгиланишлари орасида осмон билан ерча фарқ мавжуд.
Кўп жойларда замонавий компьютер, лаборатория жиҳозлари ва электрон таълим воситалари фақат хаёлда эди. Айниқса, чекка ҳудудлардаги мактабларда таъмирлаш, иситиш, мебель, спорт жиҳозлари ва бошқа шароитлар билан боғлиқ муаммолар кўплаб қийинчиликлар туғдирган. Интернет имкониятлари ҳам бугунгидек кенг бўлмагани сабабли ўқувчи ва ўқитувчиларнинг электрон манбалардан фойдаланиш имконияти ниҳоятда чекланган эди.
Бугунги электрон платформалар, онлайн курслар, рақамли кутубхоналар ва масофавий таълим имкониятлари қаёқда эди дейсиз... Буни ўзим ишлаётган Бекобод туманининг чекка ва чегараолди ҳудудида жойлашган 31-мактабимда кўрган-кечирганларим мисолида ёзяпман.
Яна бир муҳим жиҳат — ўқитувчининг меҳнатига, ҳурматига муносабат масаласи. У пайтлар ўқитувчилар зиммасига дарс беришдан ташқари турли тадбирлар, қоғозбозлик ва бошқа вазифалар ҳам юклатилгани ҳақида фақат шивирлаб гапирилар эди. Бу эса ўқитувчининг асосий вазифаси бўлган таълим-тарбия бериш ва ўқувчи билан ишлашга ажратадиган вақтини қисқартиришга, самарасиз бўлишига олиб келарди. Айниқса, пахта ва бошқа экинларга жалб этиш сиёсатини гапирсам ёки эсласам, ҳанузгача кўзларимга ёш келади. Чунки ўқув йилининг 3-5 ойида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг асосий вақти далаларда ўтарди. Ачинарли томони, мактаблар ёпилиб, ўзлаштирилмай қолиб кетган дарс машғулотларимизни чораклик таътилда давом эттиришга мажбур эдик. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиларига ҳам пахта режаси берилар, улар сумкасига 1-2 килограммдан бўлса ҳам пахта солиб келиб топширишар эди. Ўзимиз ойлаб оиламиздан узоқларга навбат билан пахта теримига бориб келардик.
Қанчалик оғир бўлмасин, ўша даврларни эсламай иложимиз йўқ, аммо қанча кўп эсласак, бугунги кунга шунчалик кўп шукрона келтирамиз.
Шу ўринда Президентимизнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бўлиб ўтган учрашувда “Биз болаларимизни пахта далаларидан мактаб партасига, ўқитувчиларни таълим жараёнига қайтардик”, деган бебаҳо гапларини алоҳида таъкидлаб ўтишни жоиз биламан.
Одилона ва оқилона сиёсат туфайли бугун таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилашга тубдан эътибор кучайтирилди. Юртимизда ҳар йили янги мактаблар қурилмоқда, эски бинолар таъмирланмоқда, синф хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Бугунги ўқувчи учун компьютер, интернет, электрон дарсликлар, мультимедиа воситалари ва онлайн таълим платформаларидан фойдаланиш имкониятлари мисли кўрилмаган даражада кенгайиб бормоқда.
Таълим соҳасидаги энг катта ўзгаришлардан бири АТ ва рақамли технологиялар кириб келиши бўлди. Аввал ўқувчи маълумот излаш учун асосан китоб ва кутубхонага мурожаат қилган бўлса, бугун интернет орқали дунёнинг турли таълим ресурсларидан фойдаланиши мумкин. Қолаверса, йил бошида туманимизда ҳам янги, барча қулайликларга эга замонавий АT марказ фойдаланишга топширилди. У ёшлар замонавий билимларни ўзлаштиришига хизмат қилмоқда.
Электрон журналлар ва платформалар, онлайн дарслар, видеодарслар ва масофавий таълим имкониятлари илм эгаллаш жараёнини анча ўзгартирди. Асосий натижамиз малакали ўқитувчи, яхши дастур, сифатли дарслик ва ўқувчининг билим олишга бўлган қизиқиши деб иккиланмай айта оламиз. Чунки бугунги ислоҳотларда ўқитувчининг касбий нуфузи, ҳурмат-эътибори, малакаси ва меҳнат шароитларига алоҳида аҳамият берилмоқда.
Дарҳақиқат, давом этаётган улуғвор ўзгаришлар, жамият ҳаётидаги мисли кўрилмаган ислоҳотлар барча қатори туманимиз таълим тизимида ҳам улкан натижаларга эришишга омил бўлмоқда.
Бугун туманимизда 60 та давлат ва 5 та хусусий мактаб фаолият юритмоқда. Унда 29 мингга яқин ўқувчи таълим олмоқда. 2450 нафар малакали ўқитувчи эса таълим-тарбия бермоқда.
Кундан кун замонавий шарт-шароитларга эга бўлиб бораётган таълим муассасаларимиз сони ортмоқда. Таъмирталаб ва яроқсиз ҳолга келиб қолган мактаблар ўрнида янги, замонавий, барча қулай шароитларга эга мактаблар қад кўтармоқда. Туманимизда кейинги бир ярим йилда ўнлаб мактаб бинолари, спорт заллари ва ўйингоҳлари ҳамда болалар боғчаларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 150 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Қувонарлиси, туманимизда хусусий мактаблар ва ўқув марказлари ҳам кўпаймоқда. Таълим кластери мактаби фаолият бошлагани ўқувчилар учун жуда қулай имконият ва янгилик бўлди. Буларнинг барчаси ўқувчиларнинг соғлом рақобатли таълим масканларида билим олиши учун имконият ва танлов ҳисобланади, албатта.
Кези келганда айтишни истардимки, туманимизда 255 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд, шундан 34 таси давлат, 2 таси давлат-хусусий шериклик асосида ҳамда 219 та оилавий мактабгача таълим ташкилотидир. Уларга бугунги кунда 3-7 ёшли 12 минг 673 бола қамраб олинган. Қамров даражасини янада ошириш мақсадида яна 9 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилаётгани барчамизни қувонтирмоқда. Бундай эътибор натижасида боғчаларга қамров даражаси 85 фоизга етказилди.
Таърифлаётганим янги бинолар, илғор ёндашув, янгича фикрлаш самараси ўқитувчи ва ўқувчилар эришаётган ютуқларда ҳам яққол кўринади. Биргина 2025/2026 ўқув йилида туманимизда 11-синфни битирган 2235 ўқувчининг 54 нафари олтин ва кумуш медалга сазовор бўлди. Мактаблардаги 203 хорижий тил ўқитувчисидан 168 нафари шу йилнинг ўзида халқаро сертификат олди.
Жорий ўқув йилидан бошлаб эса тумандаги 7 та мактабга Филиппин, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан мутахассислар жалб этилди. 11 та мактабда инклюзив таълим синфлари ташкил этилди. Ўтган ўқув йилидан тумандаги барча умумий ўрта таълим мактабларида янги баҳолаш тизими жорий қилинди.
Ўтган йили умумтаълим мактабларининг 9-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган асосий фан олимпиадаларининг вилоят босқичида 10 ўқувчи ғолибликни қўлга киритди. Ўтган йилги битирувчилардан 1001 нафари давлат олий таълим муассасаларига, 741 нафари хусусий олий таълим муассасаларига, 108 нафари техникумларга қабул қилинди.
Шу йилнинг 18-21 май кунлари “Ёш китобхон” танловининг республика финал босқичи айнан Бекобод туманида ўтказилгани ҳар бир бекободлик қалбига чексиз фахр-ифтихор бағишлади.
Мактаб кутубхоналари мунтазам равишда бадиий адабиётлар билан бойиб бормоқда. Ўтган ўқув йилида “Ҳар бир мактабга 100 китоб” лойиҳаси доирасида 10 минглаб янги адабиёт совға қилинди. Бундан ташқари, янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган 25 та замонавий маҳалла биноларида ҳам алоҳида кутубхоналар ташкил этилиб, улар чинакам зиё масканига айланиб бормоқда.
Педагог малакасини ошириш, рағбатлантириш, аттестациядан ўтказиш ва касбий ривожланиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ишлар таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Фахр билан айтаманки, бундай имкониятлардан куч ва илҳом олиб, мен ҳам республикамиздаги минг доллардан ортиқ маош олувчи 40 минг муаллим қаторидан жой олдим. Аввал фаолиятимда асосий эътиборни ўқувчининг тайёр маълумотни ўзлаштиришига қаратган бўлсам, ҳозир мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш, ижодкорлик, танқидий фикрлаш, амалий кўникмаларни шакллантиришга кўпроқ урғу беряпман. Аслида, замонавий таълимнинг мақсади ҳам фақат “кўп нарсани билиш” эмас. Ўқувчи олган билимини ҳаётда қўллай олиши, муаммога ечим топиши, мустақил қарор қабул қилиши ва ўз устида ишлай олиши керак.
Яхши таълим олган бола келажакда малакали мутахассис, тадбиркор, муҳандис, шифокор, ўқитувчи ёки бошқа соҳанинг профессионал вакили бўлиб етишади. Шунинг учун таълимга ажратилган маблағнинг натижаси бир йилда эмас, йиллар давомида намоён бўлади.
Энг асосий мезон — ўқувчи қандай билим оляпти, қандай фикрлаяпти ва мактабни тамомлагандан кейин ҳаётда ўз ўрнини топа оляптими? Шу маънода, бугунги таълим ислоҳотларининг асосий мақсади билимли, мустақил фикрлайдиган, рақобатбардош ва ватанпарвар авлодни тарбиялашдир. Бу эса мамлакатнинг келажак тараққиёти учун энг муҳим омиллардан бири.
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида “Йил ўқитувчиси — 2026” кўрик-танловининг 208 нафар ғолиби ва 50 минг доллар билан сийланган устозлар сафидан жой олганимдан бениҳоя хурсандман.
Эътирофга лойиқ бўлганим ҳақидаги хушхабарни оила аъзоларим, яқинларим қатори туманимизда ёш авлодга таълим бериб келаётган 2500 га яқин устоз-педагог ҳам шодиёналик билан кутиб олди.
Бир ҳафта давомида телефоним табриклардан тинмади. Қалбимнинг туб-тубидан ғурур туйдим, ўқитувчи — устоз бўлганимдан фахрландим. Ғурурланишимнинг яна бир сабаби, ушбу учрашувда Президентимизнинг таълим тизимини такомиллаштириш, ўқитувчи меҳнатини янада муносиб тақдирлаш, иқтидорли ўқувчиларга юксак эътибор бериш ҳақидаги қатор таклифларини ниҳоятда мамнуният билан қабул қилдик.
Айниқса, фан олимпиадаси ғолибларини тайёрлаган устозларга тўғридан тўғри олий тоифа бериш, энг илғор ва иқтидорли ўқитувчилар учун Авлоний номидаги давлат мукофотини таъсис этиш, миллий сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоиз устама тўлаш, бошланғич синф ўқувчилари учун фан олимпиадаларини ўтказиш, ҳар йили минг нафар педагогни хорижий давлатларга малака оширишга юбориш, фарзандларини оилавий боғчага берган ишли аёлларнинг бадал пули бюджетдан қоплаб берилиши каби таклифлар жуда ўринли бўлди.
Шундай хурсандчилик ва шодликларга тўлиб юрган кунларимизда Президентимиз таълим сифатини янада юксак босқичга олиб чиқиш учун яна бир муҳим ислоҳот ташаббусини илгари сурди. Унга кўра, энди юртимизда боғча тарбиясидан тортиб, олий таълим ва илмий тадқиқотларгача бўлган узвий даврни яхлит ва самарали тизимга айлантириш мақсадида барча таълим тизимлари ягона — Таълим ва илм-фан вазирлигига бирлаштирилди. Бу таълим масаласи янги Ўзбекистон учун ҳамиша энг устувор йўналиш бўлиб қолишига яна бир мисол бўлди.
Қисқаси, халқимизнинг “Устоз отангдан улуғ” деган зукко ҳикматининг амалдаги исботи бугун ўқитувчиларга яратиб берилаётган катта имкониятларда яққол кўзга ташланади.
Сарвиноз НУРАЛИЕВА,
Бекобод туманидаги 31-умумтаълим мактабининг рус тили фани ўқитувчиси,
“Йил ўқитувчиси — 2026” кўрик-танлови ғолиби