Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, қардош Қозоғистон халқининг тинч-осойишта ҳаёти ва равнақи йўлидаги масъулиятли давлатчилик фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон етакчиси Туркий давлатлар ташкилотининг Туркистондаги норасмий саммити ҳамда мазмунли музокаралар юқори даражада тайёрлангани ва ўтказилгани, улар туфайли иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги суръат касб этганини алоҳида таъкидлади.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Яқин йилларда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, инвестициявий фаолият, шу жумладан, Халқаро саноат кооперацияси маркази доирасида кенгаймоқда, энергетика, транспорт, экология ва маданий-гуманитар соҳаларда истиқболли лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилмоқда.

Бўлажак Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, Ҳудудлар раҳбарлари кенгашининг биринчи учрашуви ва бошқа механизмлар доирасида янги иқтисодий кун тартибини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.