Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, автомобиль бозоридаги фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида кодекс янги 178²-модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилгани ёки алмаштирилгани ҳақида харидорни хабардор қилмаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенаторлар таъкидлашича, мазкур норма истеъмолчиларнинг товар ҳақида ҳаққоний ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади ҳамда иккиламчи автомобиль бозоридаги ноҳалол амалиётларга чек қўяди.

Қонуннинг яна бир муҳим йўналиши — вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Энди вояга етмаганлар иштирокидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўриш жараёнида педагог ёки психологнинг иштироки мажбурий этиб белгиланмоқда.

Бу боланинг руҳий ҳолатини инобатга олиш, унга нисбатан босим ўтказилишининг олдини олиш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилгани қайд этилди.

Шунингдек, қонун билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини юритишда «рад қилиш» ва «ўзини ўзи рад этиш» институти илк бор тизимлаштирилмоқда. Бу эса судья ёки бошқа ваколатли шахснинг ишга манфаатдорлигини бартараф этиш ва қарорларнинг холислигини таъминлашга хизмат қилиши айтилди.

Бундан ташқари, транспорт воситасини бошқариш ёки ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тартиби ҳам такомиллаштирилмоқда. Энди бу масала фақат суд томонидан белгиланган аниқ шартлар асосида кўриб чиқилади.

Қонунга кўра, агар шахс аввал ушбу имтиёздан фойдаланган бўлса ёки жазо муддати давомида такроран ҳуқуқбузарлик содир этса, унга нисбатан мазкур енгиллик қўлланилмайди.

Сенаторлар фикрича, қонуннинг қабул қилиниши маъмурий жавобгарлик тизимини инсонпарварлик ва адолат тамойиллари асосида ислоҳ қилишга хизмат қилади.