Дунёнинг қайси бурчагига борманг, қайси цивилизациянинг тарихини варақламанг, барчасида бир ҳақиқат муштарак: жамият ва давлатнинг куч-қудрати оиладан бошланади. Шу мўъжазгина маконда улкан бунёдкорлик ғоялари туғилади, келажак эгалари камол топади. Демакки, мамлакатнинг эртанги куни шу кичик қўрғон соҳибу соҳибаларига чамбарчас боғлиқ.

 Оила — авлодлар орасида мустаҳкам кўприк, қадриятлар асралувчи олтин қўрғон, муҳим ижтимоий институт. Шу боис, ҳеч қайси давлат бу асрий тузилмага беэътибор қарай олмайди. Янги Ўзбекистонда эса бу масалада аниқ ва ­изчил сиёсат юритилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Осиё хотин-қизларининг иккинчи форуми иштирокчиларига йўллаган мурожаатида ­хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, пировардида оилалар фаровонлигига кўмаклашиш янги Ўзбекистон ислоҳотларининг устувор йўналишига айлангани таъкидланиб, оила институтини тадқиқ этиш бўйича илмий муассасалар тармоғини шакллантириш, шунингдек, энг илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш кутилган самарани беражагига ишонч билдирди.

Ҳар йили май ойи бутун жонажон ватанимиз учун яна бир янги маъно касб этади:
15 май — халқаро оила куни. Айнан шу сана муносабати билан мамлакатимизда “Оиламиз — келажагимиз” ойлиги эълон қилинган. Ойликнинг мақсади чуқур, моҳияти кенг: фаровон ва барқарор оилаларнинг тажрибасини оммалаштириш, ёшларнинг оилавий ҳаётга масъулиятини ошириш ҳамда оила институтини янада юксалтириш.

Шу маънода, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси баёни билан белгиланган ушбу ойлик оила институтига стратегик ёндашув ўлароқ, Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси, амалдаги қонунчилик ва ­ижтимоий сиёсатни ҳам ўзида мужассам этади.

Ўзгариш ва ислоҳотлар, олинаётган баланд марралар бугун 10 миллиондан ортиқ оиланинг барида ўз аксини кўрсатмоқда. Йил сайин оилавий корхоналар сони ортаётгани, тадбиркор, омилкор оилалар сафи кенгаяётгани, дунёнинг манаман деган етакчи дорилфунунларида ўқиб, илм урфонида чўққиларни забт этаётган маърифати юксак фарзандларимиз зиёли оилаларда вояга етаётгани фикримизни яна бир карра далиллайди.

“Оиламиз — келажагимиз” ойлиги доирасида ибратли оилаларни излаб топиш, рағбатлантириш ҳамда бой ҳаётий тажрибасини оммалаштириш мақсад қилинган. Узоқ йиллар давомида аҳил-иноқ яшаб, фарзандларини ватанпарвар ва маърифатли инсонлар этиб тарбиялаган оилалар — давлатнинг энг катта бойлиги. Уларнинг ҳаёт йўли ёш авлодга йўлчироқ вазифасини ўтайди.

Шу боис, “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танлови ҳудудларда катта иштиёқ ва шукуҳ билан ўтказилмоқда. Танлов китобхонлик, ҳунармандлик, тадбиркорлик, соғлом турмуш тарзи, томорқадан унумли фойдаланиш, энг муҳими, фарзанд тарбиясига масъулият каби йўналишларни қамраб олади. Бу йўналишларнинг ҳар бирида юртимиз ривожи учун долзарб ҳисоблаган ­ижтимоий масалалар ўрин олган. Танлов доирасида оила­ларнинг ҳаётий тажрибаси, фарзанд тарбиясига ёндашуви, оиладаги маънавий муҳит, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат анъаналарига ­эътибор қаратилади.

Ҳарбий хизматчилар оилаларида соғлом маънавий муҳит, ватанпарварлик, садоқат ва оилавий бирдамликни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли ҳарбий оилалари” кўрик-танловини ташкил этиш белгиланган. Ушбу ташаббус ватан ҳимоячилари оилаларидаги фидойилик, сабр-­матонат ва ибратли тарбия муҳитини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Ойлик доирасида садоқат, ўзаро ҳурмат, фарзанд тарбиясида масъулият, маҳалла ва жамоат ишларида фаоллик, миллий қадриятларга содиқлик каби фазилатлари билан ­намуна бўлаётган оилаларни “Ибратли оила” кўк­рак нишони билан тақдирлаш маросимини юқори савияда ташкил этиш назарда тутилган.

Ўтган йили кўкрак нишонига муносиб кўрилган икки мингта файзли хонадоннинг дарвозасини ушбу нишон безаб турибди. Ибратли оилалар кўчасидан ўтиб-қайтган киши борки, нишонга ҳавас билан қарайди, ўзининг оиласи ҳам бу шарафга лойиқ бўлиши учун янги қадамлар ташлайди. Жорий йилда ҳам икки мингта оила мазкур юксак нишон билан тақдирланади.

Бугун оилани асраб-авайловчи, барча каттаю кичикни ўз атрофида бирлаштирувчи аёллар меҳнати ҳам муносиб баҳоланмоқда. Жорий йилда таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, тадбиркорлик ва ижтимоий соҳаларда фидойилик билан хизмат қилган 351 хотин-қизга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилди. Марказий шаҳарлардан тортиб, чекка қишлоқ ва овулларгача — оила ва жамият барқарорлигига муносиб ҳисса қўшаётган бу фидойи аёллар сафида маҳалланинг виждони, оилаларнинг тотувлик тимсоли бўлган опа-сингилларимиз бор. Президентимизнинг “Маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди!” деган ғояси айнан шу нишоннинг моҳиятида мужассам. Мукофотланган ҳар бир аёл сиймосида оиланинг, маҳалланинг, юртнинг ифтихорини кўргандек бўламиз.

Эндигина тетапоя бўлиб келаётган, олдига улкан марраларни қўйиб кечагина янги ҳаёт бошлаган ёш оилалар четда қолган эмас. Бундай оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларда соғлом оилавий муҳит, масъулиятли ота-оналик, ўзаро ишонч ва меҳр-оқибат тамойилларини мустаҳкамлаш мақсадида “Энг намунали ёш оила” танлови ўтказилади. Бу танлов эса муносибларни жамиятда фаол, маънавиятли, ватанпарвар ва фарзанд тарбиясига ­масъулият билан ёндашувчи оила сифатида намоён этишга хизмат қилади.

Ҳар қандай ислоҳотларнинг кишилар ҳаёт тарзига таъсири, ютуқлари, камчиликлари ва истиқболини баҳолайдиган ўз барометрлари бўлади. Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистонда фаровон оила модели: миллий тажриба, илмий таҳлил ва инновацион ёндашувлар” мавзусида халқаро илмий-­амалий конференция ўтказилади. Анжуманда оила инс­титутини мустаҳкамлаш, замонавий оила моделини шакллантириш, миллий қадриятлар ва ­илмий ёндашувлар ­уйғунлигини ­таъминлаш, ­шунингдек, оилавий ­муносабатларда барқарорлик ва фаровонликни ошириш масалалари муҳокама қилинади.

Бугун замонавий жамиятларда оилавий ажрашишлар, ёшлар орасида никоҳга лоқайдлик, фарзанд тарбиясидаги бўшлиқлар каби масалалар ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Чунки улар минтақавий эмас, глобал муаммоларга айланиб улгурди. Уларни бартараф этишда миллий ва жаҳон тажрибаси уйғунлашуви шарт.

Анжуман айнан шундай платформа вазифасини ўтайди: олим ва амалиётчилар, сиёсатчи ва тарбиячилар, маҳалла хотин-қизлар фаоллари ва нуронийлар бир давра бўлиб, мавжуд ҳолатни таҳлил қилади, энг муқобил таклифларни илгари суради.

“Саодатли оилалар сайли” каби сайилларда бир неча авлод вакиллари бирга истиқомат қилаётган хонадонлар, кўп йиллик оилавий ҳаёт тажрибасига эга нуронийлар, ибратли келин-куёвлар, ёш оилалар ҳамда маҳалла фаол­лари иштирокида самимий мулоқотлар ташкил этилади. Уларда оилавий тотувлик, сабр-­қаноат, ўзаро тушуниш, фарзанд тарбия­си, келин-қайнона муносабатлари, оилада маънавий муҳитни соғлом сақлаш каби мавзулар ҳаётий мисоллар асосида ёритилади.

Тадбирлар доирасида “Оила — муқаддас қўрғон”, “Оилавий анъаналар — маънавий мерос”, “Ота ва она — оила таянчи”, “Фарзанд тарбияси — келажак пойдевори”, ­“Оилада соғлом муҳит ва ўзаро ҳурмат” каби мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари ва маънавий-маърифий мулоқотлар ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, таълим муассасаларида ёшлар билан оилага тайёргарлик, масъулиятли никоҳ, оилада ўзаро ишонч ва ҳурмат, ота-оналик бурчи, миллий қадриятлар ва замонавий ҳаёт уйғунлиги ҳақида очиқ мулоқотлар ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.

Маҳаллаларда эса “Аҳил оила кунлари” дои­расида оилавий ажрашиш билан боғлиқ муам­моларни барвақт аниқлаш, низоли оилалар билан индивидуал ишлаш, ҳуқуқий, психологик, тиббий ва педагогик маслаҳатлар бериш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий тадбирлар ўтказилади. Бу — профилактик ёндашув. Оиладаги муносабатлар дарз кетишидан олдин эрта аниқлаш ва муқобил ечимларни топиш оқил ва одил йўлдир.

Хотин-қизлар ва оналарнинг маънавий-маърифий фаоллигини ошириш мақсад қилинган “Китобхон оналар куни” лойиҳаси доирасида китобхонлик тадбирлари, оилавий мутолаа кечалари, оналар ва қизлар иштирокида адабий учрашувлар ташкил этилади. Ота-она ва фарзандларни бир китоб атрофида жамлайдиган бундай тадбирлар оилада маънавий муҳитни бойитишга хизмат қилади. Зеро, китобхон оилада маърифатли фарзандлар ­вояга етади. Маърифатли авлод эса миллатнинг истиқболи, эртасидир.

Оилавий муносабатларни соғломлаштиришга қаратилган “Оила квести”, “Севган овқатни биргаликда тайёрлаш”, “Оила даврасида кўрамиз”, “Борлигингиз учун раҳмат!” каби маърифий тадбирлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу ташаббуслар оила аъзолари ўртасида меҳр-муҳаббатни кучайтириш, бир-бирини қадрлаш, ота-онага ҳурмат ва фарзандларга эътиборни янада оширишга хизмат қилади.

Соғлом оила — соғлом жамият асоси. Қайд этиш керак, айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Аёллар спорт олимпиадаси”, бир-биридан қизиқарли спорт тадбирлари, оилавий юришлар, марафонлар, стол тенниси, шахмат, шашка ва енгил атлетика бўйича мусобақалар ўз атрофида юзлаб, минглаб хотин-қизларни бирлаштира олди. Момоларимиз топиб айтган: соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Демакки, ҳар қандай тараққиёт аввалида тан сиҳатлиги устувор. Шу боис, ушбу мусобақалар оналар, оилалар ўртасида ҳам спортни оммалаштириш, мунтазамликни таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Бу эзгу ташаббуслар пойдеворини мус­таҳкамлаш ва оила институтини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг узоқ муддатли йўналишларини белгилаш мақсадида “2026-2036 йилларда Ўзбекистонда оила фаровонлиги” концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳани оилани жамиятнинг бирламчи бўғини, қадриятлар, ижтимоий нормалар ва инсон капиталини шакллантирувчи бош институт сифатида эътироф этувчи, давлатимизнинг истиқболдаги ўн йилга мўлжалланган стратегик харитаси, дейиш мумкин.

Концепциянинг моҳияти теран ва кенг қамровли. Унга кўра, 2036 йилга бориб, жамиятимизда никоҳга киришиш бўйича маданият қарор топиши, ажримлар коэффициенти барқарор пасайиб, оилавий бирдамлик янада мустаҳкамланиши кўзда тутилмоқда. Оиладаги зўравонликнинг ҳар қандай кўринишининг тизимли олди олиниб, жабрланувчилар учун манзилли, тезкор ва ўз вақтидаги ҳимоя механизми тўлиқ ишга туширилади. Оила таркибидан қатъи назар — тўлиқми ёки нотўлиқ — болалар хавфсиз ва ривожлантирувчи муҳитда вояга етади.

Оилалар барқарор даромад манбаларига эга бўлиб, эҳтиёжманд хонадонларга кўрсатилаётган ёрдам уларни иқтисодий жиҳатдан мустақил субъектга айлантиришга йўналтирилади. Ҳар бир оила аъзосига тиббий ва психологик ёрдам олиш имконияти яратилади, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолганлар эса ўз маҳалласида ёхуд энг яқин хизмат нуқтасида комплекс кўмак олади.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, концепцияда болалар фаровонлиги, хавфсизлиги, жисмоний ва интеллектуал камолоти устувор. Замоннинг янги глобал масалалари — меҳнат миграцияси, рақамли макондаги хатарлар, рақамли зўравонлик, танишув платформаларининг тартибсизлиги каби долзарб масалаларга ҳам аниқ ечимлар таклиф этилмоқда.

Жумладан, трансчегаравий ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатувчи кўп тармоқли “ишонч телефони” ҳамда онлайн консультация тизими, масофавий медиация хизматлари, шунингдек, “Оилага дўстона иш берувчи” стандарти асосида шахсий ҳаёт ва меҳнат мувозанатини ҳимоя қилиш механизмлари босқичма-босқич жорий этилади.

Айни вақтда концепция оилани иқтисодий ёки ижтимоий бирлик эмас, аввало, халқимизнинг маънавий-ахлоқий, маданий ва тарихий қадриятларини асраб-авайловчи муқаддас даргоҳ сифатида эътироф этади. Зотан, фаровон оила моддий барқарор бўлиши билан бирга ватанга муҳаббат, авлодлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, она тилига садоқат, миллий ўзликни англаш каби фазилатларни фарзандларига табиий сингдира оладиган маскандир. Айнан оила қадриятлар авлоддан авлодга узлуксиз ўтказиладиган, ўрни бошқа бирор институт билан тўлдириб бўлмайдиган ягона макондир.

“Фаровон оила” модели муаммолардан мутлақо холи идеал тузилмани эмас, балки юзага келаётган ижтимоий, иқтисодий ва психологик қийинчиликларни мустақил енгиб ўта оладиган, етарли ички ресурслар ва тизимли қўллаб-қувватловга таянган оилани кўзда тутади. Давлат бу ўринда оила ўрнини босмайди, унинг ички масъулиятини зиммасига олмайди, балки оила ўз қадриятларини мустаҳкамлаб, кейинги авлодларга муносиб мерос қолдириши учун зарур шарт-шароитни яратиб беради. Муҳими, ушбу концепция БМТнинг тегишли конвенциялари, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва халқаро меҳнат стандартлари билан уйғун тарзда амалга оширилади. Бу эса юртимиз оила сиёсатининг ҳам миллий, қолаверса, глобал талаблар даражасида эканини яна бир карра тасдиқлайди.

Бугун юртимиздаги ҳар бир ижтимоий-сиё­сий ислоҳот марказида инсон ва унинг қадри турибди. Инсон оилада улғаяди, оилада камол топади. Оила қанча мустаҳкам бўлса, жамият шунча барқарор бўлади. Оиламиз бизнинг эртамиз, келажагимиз. Келажак бугундан бош­ланар экан, демак, бугун оилалар бахтли, саодатли яшаши керак. Ўз оиламизни асраш ва мустаҳкамлаш эса ҳар биримиз учун ҳам масъулиятли, ҳам шарафли бурчдир.

Зулайҳо МАҲКАМОВА,

Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси