Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг деярли барча соҳасига кириб келди. Энди банкка бориб навбат кутиш шарт эмас. Бир неча сонияда телефон орқали пул ўтказиш мумкин. Коммунал тўловлар, солиқлар, давлат хизматлари, онлайн савдо, масофавий таълим ва ҳатто тиббий маслаҳатлар ҳам рақамли платформалар орқали амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, электрон давлат хизматларини кенгайтириш ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу жараён иқтисодиёт самарадорлигини ошириш, давлат хизматларининг шаффофлигини таъминлаш ва аҳоли учун қулайлик яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бироқ ҳар қандай янгиликнинг иккинчи томони ҳам бўлади. Технологиялардан нафақат ҳалол инсонлар, балки ёмон ниятли кимсалар ҳам фойдаланишни ўрганмоқда. Илгари фирибгарлик кўпроқ юзма-юз мулоқот орқали содир этилган бўлса, бугун у телефон, интернет, ­ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, банк карталари, электрон ҳамёнлар ва ҳатто сунъий интеллект ёрдамида амалга оширилмоқда.

Шу боис, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш билан бир вақтда унинг ҳуқуқий ҳимоясини ҳам кучайтириш давлат сиёсатидаги устувор вазифалардан бирига айланди.

Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Киберхавфсизликни таъминлаш ва рақамли муҳитдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Рес­публикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ҳамда Сенатга юборилди. Қонундан асосий мақсад рақамли муҳитда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишонч­ли ҳимоя қилиш, жиноятларнинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг самарали фаолияти учун замонавий ҳуқуқий асос яратишдан иборат.

Нега айнан бугун бундай чора зарур бўлди?

Ҳар куни юзлаб фуқаро турли алдов ва товламачилик усуллари қурбони бўлиб, маблағидан айрилмоқда. Телефонга келган биргина қўнғироқ, сохта ҳавола, ёлғон хабарнома (SMS) ёки ўзини банк ходими сифатида таништирган шахс билан бир неча дақиқали суҳбат инсоннинг йиллаб тўплаган маблағини йўқотишига сабаб бўлиши мумкин.

Келинг, ҳаётда тез-тез учраб турадиган бир ҳолатни тасаввур қилайлик. Тошкент вилоятида яшовчи ёши улуғ аёлга кутилмаганда телефон қўнғироғи бўлади. Қўнғироқ қилган шахс ўзини банк ходими деб таништиради. У аёлнинг картасида гўё шубҳали операция ўтказилаётганини айтиб, маблағни сақлаб қолиш учун SMS орқали келган кодни айтишни сўрайди. Аёл хавотирга тушиб, кодни айтади. Бир неча дақиқа ўтмасдан ҳисобидаги барча маблағ бошқа ҳисобларга ўтказиб юборилади. Бу воқеада фирибгар на банкка кирди, на карта ўғирлади. У фақат инсоннинг ишончидан фойдаланди.

Кўпчилик “кибержиноят” деганда компьютерни хакерлик орқали бузиб кириш ёки мураккаб хакерлик ҳаракатларини тушунади. Аслида эса бугун кибержиноятларнинг катта қисми оддий инсонларни алдаш орқали содир этилмоқда.

Масалан, “Сиз 50 миллион сўм ютдингиз” деган хабар, арзон нархда автомобиль ёки квартира сотилаётгани ҳақидаги ­сохта эълон, ижтимоий тармоқларда қариндошининг аккаунти бузилиб, пул сўралган хабар, ўзини банк, солиқ органи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими сифатида таништирган шахслар, инвестиция платформаси ёки криптовалюта орқали юқори даромад ваъда қилувчи фирибгарлар инсонларнинг алданиб қолишига сабаб бўлаётир.

Бундай ҳолатларда компьютер тизими эмас, инсон психологияси “бузилади”. Шунинг учун замонавий кибержиноятчилик ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ­муаммога айланиб улгурди.

Сўнгги вақтларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида “дроп” деган атама тез-тез қўлланмоқда. Оддий қилиб айтганда, “дроп” ўз банк картаси, электрон ҳамёни ёки банк ҳисоб рақамини бошқа шахсларга муайян ҳақ эвазига ёки бепул фойдаланиш учун бериб қўядиган шахсдир. Кўпчилик бундай ҳаракатнинг оқибати ҳақида ўйламайди.

Масалан, талаба ижтимоий тармоқ орқали “карта керак, ойига 1 миллион сўм тўлаймиз” деган таклифга рози бўлади. У ўз картасини бошқа шахсларга беради. Бир неча кундан кейин эса ўша карта орқали ўнлаб фирибгарлик маблағи айлантирилгани маълум бўлади. Натижада жиноятчилар изини яширади. Жабрланувчилар пулсиз қолади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эса маблағнинг ҳақиқий эгасини аниқлаш учун кўпроқ вақт сарфлайди.

Айнан шундай алдов ва товламачилик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мазкур қонун билан самарали ҳуқуқий механизмлар жорий этилади.

Жазони кучайтириш эмас, жиноятнинг олдини олиш

Янги қонунни ўқир эканмиз, ундаги ўзгаришларнинг аксарияти жиноят содир бўлишидан аввал унинг йўлини тўсишга қаратилганига гувоҳ бўламиз. Бунинг учун қонунда жиноятчиларнинг молиявий изларини тезроқ аниқлаш, фирибгарликда фойдаланилаётган банк карталари айланмасини чеклаш, рақамли хизматлардан жиноий мақсадларда фойдаланишнинг ҳуқуқий оқибатларини белгилаш, интернет орқали содир этилаётган жиноятларга нисбатан ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, тергов органларига замонавий рақамли далиллар билан ишлаш имкониятларини кенгайтириш каби чоралар назарда тутилган. Киритилаётган ўзгартиришлар жиноятнинг содир этилиши эҳтимолини камайтиришга хизмат қилади.

Ҳар бир давр ўзининг ҳуқуқий ечимларини талаб қилади. Ўтган асрда қонунлар асосан анъанавий муносабатларни тартибга солган бўлса, бугун рақамли муҳит мутлақо янги ҳуқуқий ёндашувларни тақозо этмоқда.

Шу маънода, мазкур қонун алоҳида жиноятларни жазолашга қаратилган нав­батдаги ҳуқуқий ҳужжат эмас. У рақамли жамият шароитида давлат, фуқаро ва бизнес ўртасида хавфсиз рақамли муносабатларни шакллантиришга хизмат қиладиган тизимли ҳуқуқий механизмдир. Қонуннинг асосий вазифаси жиноятчилар қўллаётган янги усулларга ҳуқуқий жиҳатдан муносиб жавоб беришдир.

Биринчи муҳим янгилик: интернет орқали содир этилган жиноятларга ҳуқуқий баҳо ўзгаради. Рақамлаштириш жараёнининг жадаллашуви натижасида фирибгарлик жиноятларининг салмоқли қисми интернет тармоғи ва бошқа ­рақамли платформалар орқали содир этилмоқда. Фуқаро телефон қўнғироғини қабул қилади. Телеграм орқали ҳавола келади. Ижтимоий тармоқда сохта дўкон очилади. Интернет орқали қарз таклиф қилинади. Натижада жиноят содир бўлади.

Амалда эса кўп ҳолларда жиноятнинг айнан рақамли технологиялар орқали содир этилгани жазо тайинлашда алоҳида ҳуқуқий аҳамият касб этмас эди. Қонун билан мазкур ёндашув қайта кўриб чиқилиб, интернет, телекоммуникация тармоқлари ёки оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланиб, жиноят содир этиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиши белгиланган.

Иккинчи муҳим янгилик: “картамни вақтинча ишлатиб туринг” деган гап энди жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Сўнгги йилларда фирибгарлик натижасида қўлга киритилган маблағларнинг ҳаракат йўналишини аниқлаш ҳамда уларни ўтказишда фойдаланилган ҳисоб­рақамлар ва бошқа молиявий воситаларни белгилаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги энг мураккаб вазифалардан бирига айланмоқда.

Амалдаги усуллар шундай ишлайди. Жиноятчи ҳеч қачон ўз картасидан фойдаланмайди. У талабалар, ишсизлар ёки осон даромад излаётган шахсларга мурожаат қилиб, уларнинг банк картаси ёки электрон ҳамёнидан фойдаланади.

Масалан, “бир ойга картангизни ижарага берсангиз, 2 миллион сўм тўлаймиз” деган таклифлар ижтимоий тармоқларда тез-тез учраб туради. Кўпчилик бунинг жиноят эканини англамайди. Аслида эса айнан шу карта орқали ўнлаб жабрланувчиларнинг маблағи айлантирилади.

Қонун мазкур занжирни узишга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизмларни таклиф қилмоқда. Хусусан, банк карталари, ҳисобварақлар ва электрон тўлов воситаларини жиноий мақсадларда бошқа шахсларга бериш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларга аниқ ҳуқуқий баҳо белгиланмоқда. Бу ўзгариш, биринчи навбатда, ҳалол фуқароларни ҳимоялашга хизмат қилади.

Учинчи муҳим янгилик: электрон ҳам­ён ва рақамли активлар соҳасида ҳам ҳуқуқий аниқлик пайдо бўлади. Бугун рақамли иқтисодиёт фақат банк карталаридан иборат эмас. Электрон ҳамёнлар, онлайн тўлов платформалари, рақамли активлар ва криптовалюта билан боғлиқ операциялар ҳам тобора оммалашмоқда. Мазкур жараён жиноятчилар учун янги имкониятлар яратмоқда.

Масалан, маблағ банк картасидан электрон ҳамёнга, ундан бошқа мамлакатдаги криптоҳамёнга, кейин эса яна бошқа ҳисобга ўтказилиши мумкин. Бир неча дақиқада пулнинг ҳақиқий ҳаракат йўлини аниқлаш жуда қийинлашади.

Шу сабабли қонун билан электрон тўлов воситалари ва улардан жиноий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмлар ҳам такомиллаштирилди. Бу ўзгаришлар рақамли молия бозорининг барқарор ривожланиши учун ҳам муҳим.

Тўртинчи муҳим янгилик: терговнинг замонавий воситалари кенгаяди. Кибержиноятларни тергов қилиш оддий жиноятларни очишдан тубдан фарқ қилади. Агар анъ­анавий жиноятда гувоҳлар, излар ёки ашёвий далиллар асосий аҳамиятга эга бўлса, рақамли жиноятларда электрон маълумотлар, IP манзиллар, сервер журналлари, банк операциялари ва рақамли транзакциялар асосий далил бўлади. Бундай маълумотларни тезкор олиш имконияти бўлмаса, жиноятчилар маблағни бир неча дақиқада бошқа давлатларга ўтказиб юбориши мумкин.

Шунинг учун қонунда айрим процессуал механизмларни замонавий рақамли муносабатларга мослаштириш назарда тутилган. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кибержиноятларни тезроқ фош этиш имконини беради.

Қонуннинг асосий таъсири фирибгарлик усулларини ташкил қилаётган, бош­қаларнинг картасидан фойдаланаётган, сохта ҳисоблар очаётган, интернет орқали оммавий алдовлар уюштириб келаётган шахсларга қаратилади.

Шу маънода, мазкур ҳужжат рақамли маконда жиноятдан даромад топишга уринаётган шахслар учун жиддий огоҳлантириш вазифасини бажаради.

Ҳеч бир қонун фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва эҳтиёткорлигисиз тўлиқ самара бермайди. Масалан, қонун банк картасини бошқа шахсларга бермасликни талаб қилиши мумкин. Лекин инсон осон даромад илинжида ўз картасини ихтиёрий равишда бошқаларга тақдим этса, энг аввало, ўзи хавф остида қолади.

Ёки банк ҳеч қачон SMS орқали келган тасдиқлаш кодини сўрамаслиги ҳақида миллион марта огоҳлантириш мумкин. Аммо фуқаро ишониб кодни айтса, фирибгар учун эшикни айнан ўзи очиб берган бўлади. Шунинг учун мазкур қонунни мамлакатимизда рақамли ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий ҳужжат сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқ.

Бир қарашда кибержиноятчилик алоҳида шахслар ўртасидаги фирибгарликдек кўринади. Аслида, унинг таъсир доираси анча кенг. Бугун рақамли технологиялар банк тизими, давлат хизматлари, электрон тижорат, солиқ маъмуриятчилиги, инвестициялар, ташқи савдо ва молия бозорларининг асосий инфратузилмасига айланган. Демак, рақамли муҳитдаги хавфсизлик энди бутун иқтисодиёт барқарорлигининг ҳам муҳим шартидир.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, кибержиноятчилик оқибатида етказилаётган зарар йилдан йилга ошиб бормоқда. Халқаро таҳлилларга кўра, бу тенденция сақланиб қолса, яқин йилларда кибержиноятлар туфайли жаҳон иқтисодиёти кўрадиган зарар триллионлаб АҚШ долларига етиши мумкин. Бу рақамлар киберхавфсизликни миллий иқтисодий хавфсизликнинг ажралмас қисми сифатида кўриш зарурлигини намоён этади.

Тасаввур қилайлик: ёш оила бир неча йил давомида уй харид қилиш учун маб­лағ жамғарди. Интернетдаги сохта ипотека ёки инвестиция таклифига ишониб, бутун маб­лағини фирибгарларга ўтказиб юборди.

Бу ерда фақат битта банк ҳисобварағи бўшаб қолгани йўқ. Оиланинг келажак режалари кечикади, банк тизимига ишонч пасаяди, аҳоли рақамли хизматлардан эҳтиёткорлик билан фойдалана бошлайди. Натижада рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш суръатига ҳам салбий таъсир кўрсатилиши мумкин. Шунинг учун ҳам кибержиноятчиликка қарши курашиш давлат иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналишидир.

Энг муҳим капитал — ишонч

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривож­лантириш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва электрон тўлов тизимларини кенгайтириш бўйича изчил ишлар бажарилаётир. Бу ислоҳотларнинг муваффақияти эса, энг аввало, аҳолининг ишончига боғлиқ.

Агар инсон телефон орқали пул ўтказишдан қўрқса, интернет дўконларига ишонмаса ёки электрон хизматлардан хавфсираса, рақамлаштиришдан кутилаётган иқтисодий самарага эришиш қийин бўлади.

Демак, рақамли иқтисодиётнинг энг муҳим капитали технология эмас, ишончдир. Мазкур қонун айнан ана шу ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бугун хорижий инвестор мамлакатнинг солиқ сиёсати ёки бозор ҳажми билан бирга киберхавфсизлик даражасини ҳам баҳолайди. Чунки ҳар қандай замонавий ишлаб чиқариш, банк тизими, логистика маркази ёки финтех компанияси ўз фаолиятида рақамли технологияларга таянади. Агар мамлакатда электрон операцияларни ҳимоя қилувчи ҳуқуқий механизмлар етарли бўлмаса, инвесторнинг таваккалчилиги ортиб боради. Шу нуқтаи назардан, кибержиноятчиликка қарши самарали қонунчилик инвестиция муҳитининг ҳам муҳим таркибий қисмидир.

Ривожланган давлатлар тажрибасида ҳам рақамли муҳитда содир этиладиган жиноятларга нисбатан ҳуқуқий чоралар босқичма-босқич кучайтирилмоқда. Масалан, Европа Иттифоқида ахборот тизимларига қарши жиноятлар, шахсий маълумотларни ноқонуний эгаллаш, электрон тўлов воситалари орқали фирибгарлик ва рақамли идентификация воситаларидан жиноий мақсадларда фойдаланиш учун жавобгарликка оид умумий ҳуқуқий стандартлар шакллантирилган.

АҚШда электрон молиявий фирибгарлик, банк карталари маълумотларини ўғирлаш, электрон алоқа воситалари орқали фирибгарлик ҳамда кибержиноятлар федерал даражада оғир жиноят сифатида баҳоланади.

Сингапур, Жанубий Корея ва Япония каби рақамли иқтисодиёти юқори ривожланган мамлакатларда эса электрон тўлов тизимлари хавфсизлигига миллий иқтисодий хавфсизликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралади.

Бу мисоллар шуни кўрсатадики, рақамли иқтисодиёт қанчалик ривожланса, уни ҳимоя қилувчи ҳуқуқий механизмлар ҳам шунчалик мустаҳкам бўлиши лозим.

Бизнес учун ҳам муҳим

Айримлар “бу қонун фақат жиноятчиларга қарши қабул қилинмоқда”, деб ўйлаши мумкин. Аслида эса унинг бевосита манфаатдорлари орасида тадбиркорлар ҳам бор.

Онлайн савдо платформалари, тўлов ташкилотлари, маркетплейслар, электрон хизмат кўрсатувчи компаниялар, логис­тика операторлари ва финтех лойиҳалари хавфсиз рақамли муҳитсиз барқарор ривож­лана олмайди.

Фирибгарликлар кўпайса, биринчи навбатда, бизнеснинг ўзи зарар кўради. Мижозлар ишончини йўқотган бозор узоқ муддатли ривожлана олмайди. Шунинг учун мазкур қонун рақобат муҳитини ҳам ҳимоя қилади.

Қонунни таҳлил қилар эканмиз, яна бир муҳим жиҳат эътиборни тортади. Унда жиноятнинг олдини олишга хизмат қилувчи механизмларга алоҳида эътибор қаратилган. Бу замонавий ҳуқуқ сиёсатининг асосий тамойилларидан биридир. Чунки ҳар қандай фирибгарликдан кейин пулни қайтариш осон эмас. Аммо унинг содир бўлишига имкон бермаслик кўп жиҳатдан самаралидир.

Айнан шу нуқтаи назардан қараганда, банк карталари айланмасини тартибга солиш, электрон тўлов воситалари билан боғлиқ муносабатларни аниқ ҳуқуқий қоидалар асосида белгилаш ҳамда рақамли муҳитда жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатларини кучайтириш профилактиканинг муҳим воситасига айланади.

Қонун мамлакатимиздаги кенг кўламли рақамли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланиши лозим. Чунки давлат бир томондан рақамли иқтисодиётни ривожлантирар экан, иккинчи томондан унинг хавфсизлигини таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ҳам такомиллаштириб бориши табиий. Бу эса “рақамлаштириш — ҳуқуқий муҳофаза — жамоат ишончи” занжирининг барқарор ишлашини таъминлайди.

Ҳуқуқ тараққиётдан ортда қолмаслиги керак. Бу — ҳуқуқий давлат қуришнинг энг муҳим талабларидан. Жамиятда янги муносабатлар пайдо бўлар экан, уларни тартибга соладиган ҳуқуқий механизмлар ҳам замон билан ҳамқадам ривожланиб бориши зарур. Биз ана шундай тарихий босқичда турибмиз.

Бугун рақамли иқтисодиётни шакллантириш ва ривожлантириш, давлат бош­қаруви тизимини рақамли технология­лар асосида такомиллаштириш, электрон давлат хизматлари кўлами ва сифатини ошириш, шунингдек, инновацион ечимларни амалиётга кенг татбиқ этиш мамлакатимиз тараққиётининг устувор стратегик йўналишлари қаторига киритилган. Бу ўзгаришлар одамларнинг кундалик турмуш тарзини енгиллаштирмоқда. Давлат хизматларининг очиқлиги ва самарадорлигини оширмоқда. Тадбиркорлик учун янги имкониятлар яратмоқда. Аммо рақамлаштиришнинг ҳақиқий самараси технологиялардан хавфсиз фойдаланиш имконияти билан белгиланади.

Кўпинча кибержиноятчиликка қарши курашиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси сифатида қабул қилинади. Аслида эса рақамли хавфсизликни таъминлашда ҳар бир фуқаро, ҳар бир ташкилот ва ҳар бир давлат органининг ўз ўрни бор. Банклар замонавий ҳимоя тизимларини жорий этади. Телекоммуникация операторлари ахборот хавфсизлигини таъминлайди. Давлат органлари ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиради. Таълим муассасалари рақамли саводхонликни оширади. Оммавий ахборот воситалари аҳолини огоҳлантиради. Фуқаролар эса шахсий маълумотлари ва молиявий ресурсларига масъулият билан муносабатда бўлади.

Мана шу занжирнинг бирор бўғини заиф­лашса, бутун тизимнинг самарадорлиги пасаяди. Шу боис, киберхавфсизликни таъминлаш умуммиллий вазифага айланмоқда.

Ҳеч қандай қонун ҳар бир инсоннинг телефони ёнида туриб, уни фирибгардан ҳимоя қила олмайди. Ҳеч қандай ҳуқуқий норма инсоннинг ўрнига қарор қабул қилмайди. Ҳеч қандай давлат органи фуқаро ўз ихтиёри билан фирибгарга юборган SMS кодни қайтариб бера олмайди. Шунинг учун рақамли хавфсизликнинг биринчи ва энг муҳим шарти ҳуқуқий маданиятдир.

Энг катта натижа нимада?

Бу саволга жавобни олди олинган жиноятлар сони билан баҳолаш тўғрироқ бўлади. Агар янги ҳуқуқий механизмлар натижасида фуқаролар банк карталарини бошқаларга бермай қўйса, интернет фирибгарлиги қурбонлари камайса, рақамли хизматларга ишонч ортса, тадбиркорлар электрон тижоратдан хавфсиз фойдаланса, банк тизими барқарорлиги мустаҳкамланса, тергов органлари кибержиноятларни тезроқ фош эта олса, демак, қонун ўзининг асосий вазифасини бажарган бўлади. Чунки замонавий ҳуқуқнинг энг муҳим мезони хавфни камайтиришдир.

Рақамли иқтисодиёт ҳам, электрон давлат хизматлари ҳам, сунъий интеллект технологиялари ҳам, финтех соҳаси ҳам, ахборот тизимлари ҳам, энг аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши лозим.

Мазкур қонун айнан шу мақсадга хизмат қилувчи ҳуқуқий ислоҳотлардан биридир. У рақамли тараққиётни чекламайди. Аксинча, унинг хавфсиз ривожланиши учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтиради. Энг муҳими, ушбу қонун фуқароларнинг шахсий мулки, молиявий хавфсизлиги ва рақамли ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бу эса ҳар бир инсоннинг давлатга, қонунга ва рақамли хизматларга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Рақамли технологиялар тараққиётини тўхтатиб бўлмайди. Улар янада ривожланади, янги хизматлар, янги имкониятлар ва янги иқтисодий муносабатларни вужудга келтиради. Бироқ улар билан бирга янги хавф-хатарлар ҳам пайдо бўлади. Шундай экан, ҳуқуқ ҳам тараққиёт билан бирга ҳаракат қилиши шарт.

Қонун ана шу эҳтиёжнинг ҳуқуқий ифодасидир. У рақамли маконда жиноятчиликка қарши курашишнинг самарали механизмларини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда янги Ўзбекистонда хавфсиз рақамли муҳитни барпо этишга хизмат қилади.

Акром ТОШПЎЛАТОВ,

Парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори