“Эл-Сальвадор Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган Юрий Павел Сантакрус Пердомо жанобларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилишдан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг телеграм-каналида. – Сальвадорни Марказий Америкадаги истиқболли шерикларимиздан бири сифатида кўрамиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳаларда изчил кенгайтириш тарафдоримиз.
Элчи жанобларига янги вазифасида муваффақиятлар тилаб, ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш учун биргаликда ишлашга тайёр эканимизни билдирдик”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Сальвадор ўртасида дипломатик алоқалар 2014 йил 3 декабрда ўрнатилган. 59 ёшли Юрий Павел Сантакрус Пердомо, шунингдек, қароргоҳи Москва шаҳрида бўлган ҳолда, Сальвадорнинг Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги элчиси ҳам ҳисобланади.