Самарқандда оғир ва ҳаёт учун хавфли касалликларга, жумладан, онкологик касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ ташкил этилгани эълон қилинди.
Тармоқ тузилганини АҚШнинг «St. Jude» болалар илмий-тадқиқот шифохонаси вице-президенти, «St. Jude Global» директори Карлос Родригес-Галиндо маълум қилди.
Глобал тармоқ халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашиш мақсадида биринчи хонimлар ҳамда давлат раҳбарларининг турмуш ўртоқларини бирлаштиради. Ташаббус оғир ва ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева икки йил муддатга Глобал тармоқ раиси этиб сайланди. Унинг раиси сифатида фаолият бошлашига бағишланган маросим Болалар онкологияси бўйича халқаро конгресс доирасида ўтказилди.
Мазкур қарор Ўзбекистонда болалар онкологияси хизматини ривожлантириш борасида эришилган ютуқлар, шунингдек, Зироат Мирзиёеванинг саратонга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳар бир боланинг ҳаётий шароитидан қатъи назар, ўсиши ва ривожланиши учун шароит яратиш борасидаги фаолияти эътирофи сифатида қайд этилди.