Бу ҳақда Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Васила Абдусатторова ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, Президентнинг 2026 йил 8 июндаги «Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан суд тизимида коррупциявий хавфларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган қатор механизмлар белгиланган.

Фармонга кўра, судьялар ҳамда суд аппарати ходимлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш, шунингдек, декларация маълумотларини интеграциялашган тизим орқали текшириш механизми жорий этилади.

Судьялар бўйича электрон декларация тизими 2026 йил 1 сентябрга қадар, суд аппарати ходимлари бўйича эса 2027 йил 1 майга қадар ишга туширилади.

Шунингдек, Олий судда суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашга масъул комплаенс назорат хизмати ташкил этилмоқда.

Мазкур хизмат коррупциявий хавфларни аниқлаш ва баҳолаш, касб этикасига риоя этилишини мониторинг қилиш, ишга қабул қилишда номзодларни коррупцияга қарши текшириш ҳамда ходимларнинг коррупцияга қарши билим ва кўникмаларини оширишни мувофиқлаштиради.

Фармонда коррупция ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, пора таклиф қилинган ҳолатлар ҳақида хабар бериш тизими ҳамда фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, 2026 йил якунига қадар «vacancy.sud.uz» портали ва «SudHR» электрон платформасини ишга тушириш белгиланган. Уларда вакансияларни эълон қилиш, номзодларни саралаш ва ишга қабул қилиш жараёнларида сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланилади.

Фармон асосида суд ишларини автоматик тақсимлаш дастурини такомиллаштириш, судьялар ва суд аппарати ходимларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳар уч йилда малакасини ошириш чоралари ҳам белгиланган.