Шу юртнинг ҳар бир фарзанди ўзини ҳар томонлама ҳимояланган ҳис қилиши, хусусан, малакали, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлиши, биринчи навбатда, халқнинг давлатга, бугунги ва эртанги кунига ишончини мустаҳкамлайдиган асосий омиллардан.
Кейинги
йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ана шу
улуғвор мақсад йўлидаги муҳим қадамлардан бўлди. Янги шифохоналар қурилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди, юқори технологик амалиётлар сони ортиб, тиббиётнинг кўплаб йўналишлари янги босқичга кўтарилди. Аммо бу ҳали ҳаммаси мукаммал, ҳаракатдан, ривожланишдан тўхтаб қолишга ҳаққимиз бор дегани эмас. Тобора шиддат билан тараққиёт пиллапоясидан илдамлаётган давр тизимдан янада чуқур ўзгаришларни, бошқарувда мутлақо янги ёндашувларни талаб қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ана шу эҳтиёждан туғилган тарихий ҳужжат, замонанинг айни йўналишда қаршимизга қўяётган саволларига муносиб жавоб бўлди. Кенгроқ тушунтирсак, қарорда бошқарув маданияти, стратегик режалаштириш, илмий таҳлил, клиник назорат, жамоатчилик билан мулоқот, рақамлаштириш ва профессионал жавобгарлик сингари масалалар ягона тизим ҳолатида кўрилмоқда. Уларнинг ҳар бири ҳақида қисқача мулоҳаза юритишни мақсад қилдик.
Институционал асос
Тарихга назар ташланса,
ҳар
қандай
буюк
цивилизация
негизида
тўғри
бошқарув
сиёсати,
инсон
қадри
ва
тақдирини
улуғлаш,
соғлом
ва
баркамол
авлод
тарбиясига
алоҳида
эътибор
қаратилганини
кузатиш
мумкин.
Қадимги
Шарқ
табобати,
юнон
тиббий
мактаблари,
Мовароуннаҳрдаги
илм
марказлари
— буларнинг
барчаси
инсон
саломатлигига
жамиятнинг
маънавий
ва
маданий
даражасини
белгиловчи
мезон
деб
қараган
кишиларнинг
тафаккури
маҳсули
эди.
Зеро,
инсон
ҳаётига
муносабат
давлатнинг
ўз
халқига
муносабатини
ҳам
акс
эттиради.
Бугун замонавий давлат қудрати фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчанмайди. Аҳолининг умр давомийлиги, оналар ва болалар саломатлиги, тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражаси, профилактика тизимининг ишлаши каби омиллар ривожланишнинг энг муҳим мезонлари қаторида турибди. Сўнгги йилларда дунё бошдан кечирган пандемия сингари оғир синовлар ҳам бунинг яққол далилидир. Яъни соғлиқни сақлаш тизими заиф бўлган жамиятлар энг мураккаб вазиятларда катта йўқотишларга дуч келади. Тиббиёт фақат касаллик пайтида эсланадиган соҳа эмаслиги, у миллий хавфсизлик, иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий осойишталик билан бевосита боғлиқ тизим эканини жаҳон аҳли янада чуқур англаб етди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар стратегик характер касб этмоқда. Чунки соғлом жамият бўлмаса, тараққиётнинг бошқа йўналишлари ҳам тўлиқ самара бермайди. Айтайлик, янги-янги мактаб, олийгоҳлар қуриш, саноат корхоналари барпо этиш, улкан иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш ҳам мумкин. Бироқ инсон ва жамият саломатлиги, хавфсизлиги тўла маънода таъминламас экан, бу ютуқларнинг барқарорлиги хавф остида қолаверади. Шу боис, тиббиёт тизимини мунтазам модернизация қилиб бориш аслида соғлом келажак пойдеворини мустаҳкамлаш демакдир.
Фармон билан аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини яхшилаш масаласининг алоҳида мақсад сифатида белгиланишида чуқур стратегик маъно мужассам. Бу ерда гап жамиятнинг умумий ҳаёт сифати, меҳнат унумдорлиги, оилалар барқарорлиги, ёш авлоднинг жисмоний ва руҳий саломатлиги ҳақида бормоқда. Соғлом инсонгина ўз келажагига ишонч билан қарай олади. Демак, соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилаётган ҳар қандай маблағ мамлакатнинг эртанги кунига киритилаётган сармоядир.
Ривожланган мамлакатларнинг тиббиёт тизимига катта маблағ сарфлаётгани ҳам бежиз эмас. Негаки касалликнинг олдини олиш уни даволашдан анча арзонга тушиши аллақачон ўз исботини топиб улгурган ҳақиқат. Сифатли тиббий хизмат эса миллионлаб инсонларнинг фаол ҳаётини узайтиради. Шу жиҳатдан, тиббиётдаги ҳар бир тўғри бошқарув қарори иқтисодиётга ҳам, ижтимоий барқарорликка ҳам хизмат қилади.
Мазкур фармонда стратегик режалаштириш, прогнозлаш ва таҳлил тизимига катта эътибор қаратилгани ҳам айнан мана шу зарурат билан боғлиқ. Замонавий тиббиёт муаммони бугуннинг ўзида ҳал қилиш билан бир қаторда эртанги хавфларни олдиндан кўра билиши керак. Аҳоли сонининг ўсиши, урбанизация, экологик омиллар, тўғри овқатланиш маданияти, турмуш тарзи билан алоқадор хатарлар чуқур ўрганилмаса, келажакдаги муаммолар янада мураккаблашади. Шу туфайли тиббиёт таҳлил ва прогнозлаш билан чамбарчас боғлиқ стратегик соҳага айланган.
Яна
бир муҳим жиҳат бор. Инсон саломатлиги жамиятдаги ижтимоий ишонч муҳитига ҳам
кучли таъсир кўрсатади. Оддий мисол. Ўзи ёки оила аъзоларидан бири бетобликдан
азият чекаётган инсон малакали тиббий хизматдан фойдалана олса, мураккаб
вазиятда ўзини ёлғиз ҳис қилмаса, ана шунда давлатга, ислоҳотларга ишонч ҳам
мустаҳкамланади. Тиббиётга нисбатан ишонч ҳисси жамиятдаги умумий адолат
туйғусини ҳам кучайтиради.
Шунингдек,
ушбу ҳужжат асосида энди тиббиёт тизими оддий ижро механизмидан стратегик
қарорлар қабул қилинадиган, таҳлил ва жавобгарлик бир нуқтада кесишадиган
мураккаб бошқарув тизимига айланмоқда. Энг аввало, Соғлиқни сақлаш вазирлигига
берилаётган янги ваколатлар тизимнинг ички динамикасини сезиларли даражада
ўзгартиради. Хусусан, вазирликка лойиҳа офисларини ташкил этиш ҳуқуқи берилиши
орқали ислоҳотлар аниқ лойиҳалар асосида юритиладиган босқичга ўтмоқда. Бу
ҳолат тиббиёт бошқарувида эски бюрократик ёндашувдан босқичма-босқич воз кечилиб,
натижага йўналтирилган лойиҳа бошқаруви шаклланаётганини англатади. Ҳар бир
ташаббус энди алоҳида режа, ресурс ва натижа мезонига эга бўлади.
Шу
билан бирга, вазирликка тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш ваколатлари
берилмоқда. Мазкур ёндашув тизимга янгиликларни бирдан ва мажбурий жорий этиш
эмас, балки аввал синовдан ўтказиб, кейин кенгайтириш тамойилини олиб киради.
Вазирлик фаолиятига хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш имконияти
ҳам бошқарув фалсафасида сезиларли ўзгариш борлигини кўрсатади. Тиббиёт халқаро
консалтинг, экспертиза ва менежмент тажрибаси билан уйғунлашган ҳолда
ривожланиши кўзда тутилмоқда. Бу эса бошқарувда ёпиқ тизимдан очиқ ва
рақобатбардош тизимга ўтиш жараёнини тезлаштиради.
Фармон
билан соғлиқни сақлаш тизимида янги турдаги институтлар шакллантирилмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат сиёсатининг самарадорлигини баҳолаш, аҳоли
саломатлиги кўрсаткичларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, илмий тадқиқот ишларини
амалга ошириш ҳамда стратегик қарорлар қабул қилиш учун таҳлилий маълумотлар
тайёрлаш мақсадида Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти негизида ташкил
этилаётган Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази ана шундай
тузилмалардан. Ушбу марказ қарор қабул қилиш учун аналитик асос яратади. Яъни
энди соғлиқни сақлаш сиёсати аниқ маълумотлар таҳлили ва прогнозлар асосида
шакллантирилади.
Клиник
аудит инспекциясининг ташкил этилиши эса тизимда янги турдаги назорат маданияти
пайдо бўлишига хизмат қилади. Инспекция тиббиёт муассасаларининг фаолияти,
хизмат сифати ва клиник стандартларга риоя этилишини мустақил баҳолайди. Шу
орқали тизимда ички назоратдан ташқи ва профессионал назоратга ўтиш жараёни
бошланади. Бу эса сифат масаласини субъектив қарашлардан чиқариб, аниқ
мезонларга боғлайди.
Яна
бир муҳим жиҳат — тиббиёт тизимида ахборот сиёсатининг алоҳида институт
даражасига кўтарилиши. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиликлар, тиббий хизматлар
ва давлат сиёсатини жамоатчиликка холис ва тезкор етказиш, шунингдек, жамоатчилик
фикр-мулоҳазаларини тизимли равишда йиғиш ҳамда таҳлил қилиш ва ахборот
сиёсатини самарали ташкил қилиш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлган
давлат муассасаси шаклида Контент медиамарказининг ташкил этилиши орқали
соғлиқни сақлаш соҳасидаги жараёнлар жамоатчиликка тизимли, тезкор ва изчил
етказилиши кўзда тутилмоқда. Бу жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш
билан боғланган икки томонлама коммуникация моделидир. Шу билан бирга,
“Cаll-markaz” ва қайта алоқа тизимининг жорий этилишини ҳам бошқарув
фалсафасидаги ўзгаришнинг амалий ифодаси дейиш мумкин. Умуман, соғлиқни сақлаш
тизими энди таҳлил, ваколат тақсимоти, лойиҳа бошқаруви ва мустақил назорат
механизмларига таянган мураккаб институтлар мажмуасига айланмоқда.
Профессионал масъулият ва бошқарув маданияти
Ҳар
қандай тизимнинг ҳақиқий қиёфаси уни бошқараётган инсонларнинг масъулиятида,
қарор қабул қилиш тезлиги ва аниқлигида, энг муҳими, натижага муносабатида
намоён бўлади. Бугунги ислоҳотлар айнан шу жиҳат — инсон омилини марказий
ўринга олиб чиқмоқда. Фармон соҳада раҳбарлик тизимини бутунлай янги форматга
ўтказишга хизмат қилади. Республика ва ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасалари
раҳбарлари билан меҳнат шартномалари чекланган муддатга, яъни беш йилгача
тузилиши белгиланди. Бу оддий ташкилий ўзгариш бўлмай, бошқарувда “натижа
асосидаги раҳбарлик” тамойилига ўтишдир. Раҳбарлар белгиланган муддатда юритган
самарали фаолияти билан баҳоланади.
Янги моделнинг энг муҳим талабларидан бири шуки, номзод
раҳбарлик лавозимига тайинлангач, қисқа муддатда, аниқроғи, олти ойда муассаса
ривожи бўйича бизнес-режа ишлаб чиқиши ва уни Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳимоя
қилиши зарур. Мазкур талаб, ўз навбатида, тиббиёт бошқарувига режалаштириш
маданиятини олиб киради. Ҳар бир шифохона ёки марказ ўз йўналишини олдиндан
пухта ишлаб чиқилган стратегия асосида белгилайди.
Шунингдек,
раҳбарлар учун бир йил муддатда тиббиёт менежменти ва молиявий бошқарув бўйича
малака ошириш мажбурияти белгиланиши ҳам муҳим бурилишдир. Бу орқали тиббиёт
раҳбарининг фақат клиник тажрибага эга бўлиши етарли эмаслиги, унинг иқтисодий,
ташкилий ва стратегик билимларни ҳам эгаллаган бўлиши зарурлиги очиқ кўрсатиб
берилмоқда. Чунки замонавий шифохона нафақат даволаш маскани, айни вақтда
мураккаб молиявий ва бошқарув тизимига эга йирик ташкилот ҳамдир.
Бундан
ташқари, тиббиёт муассасаси раҳбарининг бевосита тиббий амалиёт билан
шуғулланиши чекланади. Айрим ҳолларда фақат илмий-амалий мақсадлар учун рухсат
берилиши мумкинлиги кўзда тутилган. Мазкур қарор раҳбарнинг диққатини клиник
амалиётдан бошқарувга тўлиқ йўналтиришга хизмат қилади. Негаки бошқарув ва
амалий тиббиёт бир пайтда тўлиқ самарали юритилиши ҳар доим ҳам мумкин эмас.
Бундан буён раҳбарнинг асосий вазифаси тизимни бошқариш, самарадорликни ошириш
ва ресурсларни тўғри йўналтиришдан иборат бўлади.
Муҳим
янгиликлардан яна бири самарадорликни баҳолашнинг ягона мезони сифатида KPI
тизимининг жорий этилишидир. Бунда тиббиёт муассасаси фаолияти бир нечта аниқ
кўрсаткич асосида баҳоланади. Ушбу кўрсаткичлар орасида тиббий хизмат сифати,
молиявий интизом, бошқарув самарадорлиги, рақамлаштириш даражаси, кадрлар
сиёсати ва бошқа муҳим йўналишлар мавжуд. Белгиланган кўрсаткичларга
эришилмаган тақдирда эса меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилиниши
мумкин.
Яна
бир муҳим йўналиш тиббиёт ассоциацияларининг ролини кучайтириш билан боғлиқ.
Аниқроғи, профессионал тиббиёт ҳамжамиятлари оддий маслаҳат органи эмас,
аксинча, тизимни шакллантиришда фаол иштирок этувчи субъектга айланмоқда. Улар
тиббий ёрдам стандартларини ишлаб чиқишда қатнашади, хизмат сифати баҳоланишида
иштирок этади, мутахассисларни сертификатлаш ва қайта тайёрлаш жараёнида
мустақил эксперт сифатида жалб қилади. Шунингдек, тиббиёт ассоциацияларининг
мустақил аудит ўтказиш ваколати ҳам муҳим янгиликдир. Бу орқали тиббиёт
муассасаларининг фаолияти ҳам ички назорат, ҳам ташқи профессионал баҳолаш
билан текширилади. Натижада сифатни яшириш ёки расмий кўрсаткичлар билан чеклаш
ҳолатлари камаяди.
Фармоннинг
молиявий ва ташкилий бошқарувга оид қисми ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.
Тиббиёт муассасаларига ажратилган маблағларнинг йил якунида олиб қўйилмаслиги
ва кейинги йил бизнес-режа тузишда инобатга олиниши тизимда янги иқтисодий
рағбат механизмини яратади.
Соҳанинг келажак архитектураси
Бугун
дунёда тиббиётнинг табиати аста-секин ўзгариб бормоқда. Авваллари шифокор
қарори, тажриба ва кузатув асосий ўринда турган бўлса, энди бу жараёнларга
маълумотлар оқими, рақамли тизимлар ва интеграциялашган платформалар тобора
кучли таъсир кўрсатмоқда. Соғлиқни сақлаш тизими ҳам улкан маълумотлар
экотизимини ўзида жамлайди. Мазкур фармон айнан шу ҳақиқатни чуқур англаган
ҳолда, соғлиқни сақлаш тизимини рақамли трансформация йўлига олиб чиқишни
стратегик вазифа сифатида белгилаб берди.
Энг
аввало, барча ахборот тизимлари, платформалар ва рақамли ечимлар учун ягона
архитектура ва интеграция стандартлари жорий этилиши тизимнинг ички тартибини
тубдан ўзгартиради. Маълумот алмашинуви протоколлари ва ахборот хавфсизлиги
талаблари эса тизимнинг ишончлилигини таъминловчи асосий пойдевор вазифасини
бажаради.
Фармон
билан давлат тиббиёт муассасаларида ахборот тизимларини босқичма-босқич тўлиқ
жорий этиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Сабаби
рақамлаштириш бир зумда амалга ошириладиган жараён эмас. У босқичма-босқич,
синов ва мослашув орқали шаклланадиган мураккаб трансформация. Шу туфайли “йўл
харитаси” айни жараённи тартибга солувчи асосий инструмент бўлиши даркор.
Шунингдек,
рақамлаштиришнинг асосий жиҳатларидан бири мониторинг ва баҳолаш тизимининг
жорий этилишидир. Энди ахборот тизимлари амалда қандай ишлаётганига кўра
баҳоланади. Тизимлар тиббий хизмат сифатига қандай таъсир қилаётгани,
бошқарувнинг тезкорлиги ва аниқлигини қанчалик ошираётгани доимий кузатувда
бўлади. Тиббиёт ходимларини ахборот тизимларидан фойдаланиш бўйича узлуксиз
ўқитиш ва малакасини ошириш тизими йўлга қўйилмоқда. Боиси, технологиялардан
самарали фойдалана оладиган кадрларсиз улар ҳеч қандай амалий қийматга эга
эмас. Акс ҳолда, энг илғор тизим ҳам амалиётда самара бермаслиги эҳтимоли юқори.
Рақамли
трансформациянинг яна бир муҳим босқичи амалдаги тизимларнинг самарадорлигини
комплекс баҳолашдир. Фармонга кўра, Ҳисоб палатаси томонидан мустақил
экспертлар иштирокида ўтказиладиган аудит жараёнлари орқали соғлиқни сақлаш
соҳасида жорий этилган ахборот тизимлари чуқур таҳлил қилинади. Бу жараёнда
техник ишлаш даражаси билан бирга уларнинг молиявий самарадорлиги ва амалий
натижаси ҳам ўрганилади.
Давлат
ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор —
“UZINFOCOM” МЧЖ томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаб чиқилган ахборот
тизимлари ва жорий лойиҳаларнинг самарадорлиги ҳамда шартномалар аудит предмети
этиб белгиланган. Бу ёндашув рақамли лойиҳаларнинг реал ҳаётда қанчалик фойда
бераётганини аниқлашга хизмат қилади. Самарали деб топилган тизимлар
ривожлантирилади, самарасизлари эса қайта кўриб чиқилади ёки бекор қилинади. Шу
орқали ресурсларнинг оқилона сарфланиши таъминланади. Шу билан бирга, рақамли
тизимлар тиббиётдаги шаффофлик даражасини ҳам оширади. Умуман, мазкур жараён
бошқарув маданияти, жавобгарлик тизими ва тиббий хизмат сифати билан чамбарчас
боғлиқ кенг қамровли трансформациядир.
Фармон
тиббиёт тизимида профессионал жамиятнинг ролини ҳам янгича йўсинда талқин қилиш
эҳтиёжини туғдирди. Тиббиёт ассоциацияларига берилган ваколатлар орқали соҳа
ичидаги профессионал ҳамжамият қарор қабул қилиш жараёнига фаол жалб этилмоқда.
Стандартлар ишлаб чиқиш, сертификатлаш жараёнларида иштирок этиш, малака
баҳолаш ва мустақил аудит ўтказиш ваколатлари тиббиётда профессионал ўзини ўзи
тартибга солиш тизими шаклланаётганини кўрсатади.
Бир
сўз билан айтганда, соғлиқни сақлаш тизими жамиятдаги ишонч, адолат ва инсон
қадрини шакллантирувчи муҳим институтдир. Шу маънода, фармон билан бошланган
янги босқич тиббиёт тизимини техник ёки ташкилий янгиланишлар даражасидан олиб
чиқиб, уни ижтимоий онг, бошқарув маданияти ва инсон қадри билан чамбарчас
боғлиқ яхлит тизимга айлантирмоқда. Бу эса соғлиқни сақлаш соҳасида янги давр
бошланганидан далолат беради.
Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,
“Янги
Ўзбекистон” мухбири