Хитойнинг Гуандун провинцияси маркази Байюнь халқаро аэропортида рейс экипажи ва йўловчиларини минтақа авиация ҳукумати, аэропорт маъмурияти, “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси раҳбарияти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари тантанали кутиб олди.

Гуанчжоу Байюнь халқаро аэропорти бош директори ўринбосари Ци Яомин янги авиақатновнинг йўлга қўйилиши нафақат “ҳаво йўлаги”нинг кенгайиши, балки қадимий Буюк ипак йўлининг замонавий давоми эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Хитойнинг жанубий дарвозаси ва мамлакатнинг йирик халқаро савдо марказларидан бири бўлган Гуанчжоу билан Марказий Осиёнинг муҳим транспорт-логистика маркази саналган Тошкент ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатнов савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар алоқаларнинг янада кенгайишига хизмат қилади.

Хитойлик сайёҳлар икки мамлакат ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновларнинг кенгайишини ижобий баҳолаб, янги парвозлар Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг дунёга машҳур тарихий обидалари билан танишиш учун қўшимча имкониятлар яратишини қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, янги йўналиш бўйича парвозлар 28 майдан бошлаб ҳафтасига бир марта (чоршанба куни) амалга оширилади. Шу билан бирга, бугунги кунда Хитойнинг Гуандун провинциясидан Тошкентга тўғридан-тўғри авиақатновларнинг умумий сони ҳафтасига 12 тага етди.