Мазкур лойиҳа концепциясини тасдиқлаш тўғрисида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг қарори қабул қилинди.
Таҳлилларга кўра, ҳозирда ушбу йўналишда транспорт оқимининг 92−94 фоизини енгил автомобиллар ташкил қилади. Жамоат транспортининг улуши эса ўта паст (1 фоизга ҳам етмайди). Бу йўл ўтказувчанлигини пасайтириб, тирбандликларни келтириб чиқариши қайд этилган.
Лойиҳа Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани (Қўйлиқ бозори ҳудуди)дан бошланиб, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари орқали ўтиб, Нурафшон шаҳрида якунланади. Унинг умумий узунлиги 23 км бўлиб, 19,2 км қисми қайта қурилади.
Лойиҳа доирасида:
- йўл I-тоифали шаҳар магистрали даражасигача кенгайтирилади;
- ҳаракат тезлиги 80–100 км/соатгача оширилади;
- BRT учун алоҳида ажратилган йўлак ташкил этилади;
- 9 та замонавий автобус бекати қурилади;
- 2 та транспорт боғламаси, 5 та кўприк ва 9 та ерости ўтиш йўли барпо этилади;
- “ақлли транспорт тизими” (ITS), видеокузатув ва LED ёритиш жорий этилади.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, лойиҳа амалга оширилгач:
- Тошкент–Нурафшон ўртасидаги қатнов вақти 2 баробарга қисқаради;
- кунлик 150 мингдан ортиқ аҳоли учун ҳаракат қулай ва хавфсиз бўлади;
- BRT орқали кунига 50 минггача йўловчи ташиш имконияти яратилади.
Ҳозирги вақтда мазкур йўналишда транспорт оқимининг 90 фоиздан ортиғини енгил автомобиллар ташкил этмоқда, жамоат транспорти улуши эса жуда паст. Лойиҳа ана шу муаммони ҳал этишга қаратилган.
Лойиҳанинг дастлабки қиймати 119,6 млн АҚШ долларини ташкил этади. Харажатларнинг асосий йўналишлари қуйидагича тақсимланган:
Қурилиш қиймати — 113 млн 945,4 минг доллар. Мазкур йўналиш таркибидаги иш турлари ва уларнинг қиймати (минг долларда):
- Йўл ишлари (Асфальт-бетон қопламаси): 61 577,7;
- кўприклар ва сув қувурлари бўйича ишлар: 5266,1;
- БРТ станциялари бўйича ишлар (9 дона): 16 330,6;
- муҳандислик тармоқлари бўйича ишлар: 8034,5;
- ёритиш тизими: 6898,6;
- ITS (Интеллигент transport system): 13 354,3;
- кўкаламзорлаштириш ишлари: 2483,4;
Шунингдек, кўзда тутилмаган харажатлар учун 5 млн 697,3 минг доллар миқдорида маблағ ажратилган.
Қурилиш ишлари 2027–2028 йилларда амалга оширилиб, 2028 йил якунига қадар лойиҳани тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, мазкур лойиҳа Тошкент агломерацияси ривожига кучли туртки бериб, транспорт тизимини янги босқичга олиб чиқади.