Ижтимоий тармоқларда дарахтлар қўпориб ташлангани ҳақида хабар тарқалганидан сўнг Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда Экополиция ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида ўрганиш олиб борди.

Текширув давомида “Ғазалкент” маҳалласи ҳудудида “Й.Д.” МЧЖ томонидан 2 гектар майдонда жами 586 туп дарахт ноқонуний равишда илдизи билан қўпориб ташлангани аниқланди.

Уларнинг 9 тупи дўлана, 3 тупи арча, 3 тупи тоғ олчаси ва 571 тупи учқат экани маълум қилинди.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан тадбиркорга бир неча бор мурожаат қилинган. Бироқ у қонуний талабларга бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатишга уринган.

Айни пайтда Экополиция томонидан ҳуқуқбузарликка чек қўйилган. Махсус техникалар ёрдамида тупроқ остида қолган дарахтлар ҳам чиқариб олинган ва табиатга етказилган зарар ҳисобланган.

Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қонунбузарлик натижасида табиатга 1 млрд 705 млн 660 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.