Тошкент шаҳар онкология марказининг 4,36 гектарлик ҳудудида бинолар бўшатилгач, шаҳар аҳолиси учун очиқ яшил боғ барпо этиш режалаштирилмоқда.
Маълум қилинишича, мазкур ҳудудда режалаштирилаётган Ёшлар шаҳарчаси боғ ўрнини эгалламайди ва унинг майдонини қисқартирмайди. Мавжуд бинолар сақлаб қолиниб, реконструкция қилинади ҳамда таълим, ижодий ва ижтимоий мақсадларга мослаштирилади.
Уларда ўқув ва ижодий марказлар, кутубхона, коворкинг майдонлари, симуляция устахоналари ва стартап-студиялар жойлаштирилади.
Лойиҳа доирасида алоҳида бизнес-офислар ёки бошқа тижорат объектларини қуриш кўзда тутилмаган. Бинолар атрофи ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилади.
Шу тариқа, ҳудуднинг асосий қисми яшил боғ сифатида сақланади, мавжуд бинолар эса ёшлар ва шаҳар аҳолиси учун очиқ таълим, ижодий ҳамда ижтимоий майдонларга айлантирилади.
Лойиҳанинг келажакдаги кўриниши акс этган рендерлар ва тақдимот материаллари ҳам жамоатчиликка тақдим этилди. Ташкилот вакиллари шаҳарликларни қизиқтирган саволларга очиқ жавоб бериш ва лойиҳани муҳокама қилишга тайёр эканини билдирган.