Бу оддий байрам санаси эмас, халқимизнинг асрлар давомида орзу қилган озодлиги, эркинлиги, миллий қадр-қиммати, давлатчилик шаъни ва буюк келажакка ишончи тантанасидир.
Мустақиллик — шунчаки сиёсий мақом эмас. У миллатнинг руҳи, халқнинг иродаси,
юртнинг эркин нафаси, инсоннинг эртанги кунига ишончидир. Шу боис, мустақиллик ҳар
бир хонадонга қувонч, ҳар бир қалбга ғурур, ҳар бир авлодга масъулият бағишлайди.
Айниқса, бугунги глобал таҳликали ва мураккаб шароитда мустақилликнинг қадри
янада юксак англанмоқда. Чунки ҳозир жаҳоннинг турли минтақаларида геосиёсий қарама-қаршиликлар,
мафкуравий зиддиятлар, иқтисодий инқирозлар, георесурслар учун курашлар, санкциялар
уруши, ахборот ҳужумлари, қуролли тўқнашувлар ва қонли урушлар давом этмоқда. Айрим
давлатларда тинч ҳаёт бузилган, одамлар қочқинга айланган, шаҳарлар вайрон бўлган,
болалар уруш садолари остида улғаймоқда.
Ана шундай бир даврда Президентимизнинг кучли иродаси, узоқни кўзлаб юритаётган
сиёсати, минтақани дўстлик ва ҳамжиҳатлик маконига айлантириш ташаббуси ва асосийси,
“Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган улуғвор ғояси асосида сўнгги
10 йилда амалга оширилаётган кенг кўламли амалий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда
барқарор тинчлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва осойишталик ҳукм
сурмоқда.
Бугун юртимизда одамлар уруш эмас, тўй ҳақида ўйлаяпти. Вайронагарчилик эмас,
бунёдкорлик ҳақида фикрлаяпти. Қочқинлик эмас, саёҳат ҳақида орзу қиляпти. Қурол
эмас, китоб, илм, меҳнат ва тараққиёт ҳақида гапиряпти.
Мустақиллигимизнинг
35 йиллик тўйи руҳи аллақачон юртимизнинг барча ҳудудларида кенг ҳис этилмоқда.
Ижодий учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, концерт дастурлари,
китобхонлик кечалари, саховат акциялари, халқ сайиллари ва шукрона йиғинлари орқали
мустақиллик байрамининг шодиёна кайфияти ҳар бир хонадонга кириб бормоқда.
Бу йилги байрам шодиёналари “Ягона
Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида
нишонланмоқда. Бу шиор шунчаки сўзлар эмас. Бу Ўзбекистоннинг бугуни ва эртаси,
халқимизнинг орзу-интилиши, давлатимизнинг тараққиёт стратегияси ва миллий ғоясининг
қисқа, лекин теран ифодасидир. Ушбу тўрт муқаддас тушунча — Ватан, халқ, янги ҳаёт
ва келажак — мамлакатимиз ҳаётининг бутун мазмунини белгилаб бермоқда. Шунингдек,
“Ягона Ватан”, “ягона халқ”, “янги ҳаёт” ва “келажак яратамиз” каби тўрт жуфт сўз
бирикмасида эса янги Ўзбекистоннинг эзгу мақсадлари, орзу-интилишлари мужассамлашган
улкан фалсафа намоён бўлади.
Муқаддас замин олдидаги
буюк мажбурият
Ватан инсон учун фақатгина туғилган
макон эмас, балки тақдир, қисмат ва маънавий таянчдир. Она қандай азиз бўлса, Ватан ҳам шундай
азиздир. Чунки инсон тилини, дилини, қадриятини, орзу-умидини айнан шу заминда
топади.
Ўзбекистон истиқлол йилларида том маънода мустақил давлат сифатида шаклланди.
Ўз армияси, ўз Конституцияси, миллий валютаси, ташқи сиёсати ва ўз тараққиёт йўлига
эга мамлакатга айланди. Айниқса, сўнгги 10 йилда ягона Ватан ғояси амалда янада
кучайди. Ҳудудларни ривожлантириш дастурлари қабул қилинди. Йўллар, кўприклар,
темир йўллар, аэропортлар қурилди ва реконструкция қилинди. Янги уй-жой массивлари
барпо этилди. Бугун барча ҳудудларда тарихий мерос ва қадриятларимиз ҳамда замонавийликни
уйғунлаштирган гўзал қиёфага эга обод қишлоқ ва шаҳарларни кўрасиз.
Янги Тошкент
шаҳри қурилиши келажакка ташланаётган улкан қадамдир. Замонавий шаҳарсозлик, яшил
ҳудудлар, рақамли бошқарув ва интеллектуал инфратузилма асосида барпо этилаётган
бу шаҳар янги Ўзбекистон тимсолига айланмоқда.
Ягона Ватан дегани — Қорақалпоғистондаги Орол муаммоси ҳамманинг муаммоси,
Бухородаги кенг қўламли ютуқлар ҳамманинг ютуғи, Фарғона тараққиёти ҳамманинг қувончи,
Сурхондарё ободлиги ҳамманинг бахти деганидир.
Бугун ҳар бир фуқаро Ватан учун меҳнат қилса, фарзандини яхши тарбияласа,
қонунга риоя қилса, табиатни асраса, Ватанга хизмат қилган бўлади. Синдоровлар оиласи
бу борада ёрқин мисол. Оила Жавоҳир Синдоровни ҳар томонлама етук фарзанд қилиб
тарбиялади ва натижада у бутун дунёга Ўзбекистоннинг қанчалик қудратли юрт эканини
кўрсатди. Жавоҳир сингари минглаб ёшларимиз эришаётган оламшумул ютуқлар барча
ватандошларимизники. Демак, ҳар бир оила ўз фарзандини Ватан корига ярайдиган,
фидойи ва доим “Ватан мен учун нима қилиб беради?” деб эмас, “Мен ватан учун нималар қиламан?” деб яшайдиган
авлод сифатида тарбиялаш ягона Ватан ғоясини чуқур англашга хизмат қилади.
Халқимиз — улкан бойлигимиз
Ўзбекистоннинг ер ости бойликлари кўп, имкониятлари кенг. Аммо энг катта
бойлигимиз ягона, аҳил ва меҳнаткаш халқимиздир.
Сўнгги йилларда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга катта эътибор берилди.
Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари
аҳил ва иноқликда, бағрикенглик, умуминсоний тамойилларга хос ягона бир халқ бўлиб
яшаб келмоқда. Уларнинг ўзлигини англаши, миллий қадриятлари ва урф- одатларини
сақлаши ва ривожлантириши учун 150 га яқин миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда.
Турли миллат вакилларининг тили, маданияти ва урф-одатларини асраш учун барча шароитлар
яратилди.
Бугунги кунда юртимиздаги ва хориждаги ватандошларимизнинг ҳар томонлама
манфаатларини қўллаб-қувватлаб келаётган Дўстлик жамиятлари фаолияти ҳам кенгайтирилди.
Давлатимиз раҳбари қайси мамлакатга борса, ўша ерда истиқомат қилаётган, ишлаётган
ёки ўқиётган ватандошларимиз билан учрашади. Уларнинг фикри, таклифларини эшитади,
қўллаб-қувватлайди. Ўз навбатида, улар ҳам ортида доим Ўзбекистон турганини ҳис
қилади.
Президентимизнинг
халқ билан мулоқот сиёсати эса жамиятда ишонч муҳитини янада кучайтирди. Халқ қабулхоналари,
виртуал қабулхона, сайёр қабуллар орқали миллионлаб мурожаатлар ҳал этилди. Илгари
эшитилмаган овозлар бугун давлат эшигидан кириб бормоқда. Жамиятимизда камбағаллик
тоифасида турган оилаларни бу ботқоқликдан олиб чиқиш бўйича дунё эътирофига сазовор
миллий модель яратилди. Биргина 2025 йил якуни бўйича 5 миллион аҳоли даромади оширилиб, ишсизлик даражаси
5,5 фоиздан 4,9 фоизга камайди. 1,5 миллионга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилди.
Маҳалла тизимининг янги босқичга чиққани халқ бирлигининг амалий ифодасидир.
Жорий йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланиши
ва давлат дастуридаги мисли кўрилмаган устувор вазифалар юртдошларимиз ҳаёти фаровонлигига
замин яратмоқда. Шу тариқа маҳаллалар бугун тарбия маскани, муаммо ечими, саховат
ва ҳамжиҳатлик марказига айланди.
Ислоҳотларнинг асосий мазмуни
Янги Ўзбекистон — янги фикрлаш, янги бошқарув, янги имкониятлар ва янги ҳаёт
демак.
Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар халқ ҳаётини тубдан ўзгартирди. Қайси ўзгаришлар
дейсизми? Бир эсланг, пластик картангиздаги маблағни 20 фоиздан камига нақдлаштирганмисиз
ёки банкдан валюта сотиб ололганмисиз? Уларни қўя туринг, маҳалла масъулларига
муаммонгизни тушунтириб, уни ҳал қилганмисиз?
Аминманки, йўқ. Чунки у пайтлар ҳозирги шароит эртак эди.
Ҳозир-чи?! Бугун вазият тамоман бошқача, барчаси сизу биз — “Инсон учун!”.
Туман ёки вилоятни қўя туринг, республика даражасидаги раҳбарлар, ҳатто Президентга
ҳам онлайн мурожаат йўллашингиз мумкин. Бунинг учун барча шароит яратилган, бирор
тўсиқ йўқ. Ўзингиз яшаб турган жой — маҳалланинг ички йўллари, ижтимоий соҳа объектлари
сизнинг ташаббусингиз, танловингиз асосида қурилаётгани ҳам айни ҳақиқат. Давлат
сизнинг муносиб яшашингиз учун бор куч-ресурсларини ишга солаётгани, буни ҳуқуқий
жиҳатдан кафолатлаб, зиммасига катта масъулият олганига нима дейсиз?!
Ёки таълим йўналишини олайлик. Кейинги йилларда олий таълим билан қамров
кескин ошди: 2016 йилда 9 фоиз бўлган, ҳозир эса 44 фоиз. Президент мактаблари,
ижод мактаблари, техникумлар, касб-ҳунар марказлари очилди. Ёшлар учун грантлар
кўпайтирилди.
Тиббиётдаги янгиланишлар ҳам ғоят салмоқли: янги клиникалар, замонавий диагностика
марказлари, қишлоқ врачлик пунктлари барпо этилди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш
тизими такомиллаштирилди.
Ижтимоий ҳимоя реестри, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”
каби тизимлар орқали эҳтиёжманд оилаларга ёрдам берилди. Миллионлаб инсонлар иш
билан таъминланди, касб ўрганди, имтиёзли кредитлар олди.
Қишлоқларда ичимлик сув, электр, газ, йўл масалалари ҳал этилди. Янги уй-жойлар
қурилди. Бугун халқимиз кечагидан яхши, эртага эса ундан ҳам яхши яшашга интилиб
меҳнат қилмоқда.
Учинчи Ренессанс сари
Келажак кутилмайди, яратилади. Шунинг учун ҳам янги Ўзбекистон тараққиётининг
асосий мақсади Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдир.
Биринчи Ренессансда Хоразмий, Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий каби
буюк алломалар, Иккинчи Ренессансда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур
каби даҳолар етишиб чиққан.
Энди навбат Учинчи Ренессансни барпо этишга келди. Бунинг асосий кучи билимли
ёшлар, замонавий илм-фан ва юксак маънавиятдир. Шу мақсадда мамлакатимизда AT парклар,
инновация марказлари, технопарклар, стартап дастурлар, рақамли иқтисодиёт лойиҳалари
ривожлантирилмоқда. Сунъий интеллект, “яшил” энергетика, логистика, биотехнология
каби соҳаларда янги йўналишлар очилмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси, Имом Термизий маркази,
янги музей ва кутубхоналар қурилиши маънавий юксалишнинг муҳим белгисидир.
Ҳар бир устоз шогирди, ҳар бир тадбиркор янги иш ўрни, ҳар бир олим кашфиёти
билан келажак яратади. Ҳар бир ёш ўз билими билан бу жараёнга ҳисса қўшади.
Бу эзгу ғоя ва мақсадлар қаерда тинчлик ҳукм сурсагина амалга ошади. Бугун
дунёда тинчликнинг қадри ошмоқда. Чунки уруш бор жойда тараққиёт, низо бор жойда
фаровонлик бўлмайди. Адоват бор жойда бахт бўлмайди.
Шукр, Ўзбекистонда тинчлик, ривожланиш, тараққиёт барқарор. Бозорларимиз
тўкин, одамлар ўқиш, касб ўрганиш, тадбиркорлик йўлида изланяпти, меҳнат қиляпти.
Умуман олганда, булар мустақилликнинг энг катта самарасидир.
35 йил тарих учун жуда қисқа, халқ учун улкан даврдир. Шу йиллар ичида Ўзбекистон
ўз йўлини топди, ўз сўзига эга бўлди, ўз келажагини белгилади. Айниқса, кейинги
10 йилда янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар мамлакатни барча йўналишлар
бўйича бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Бугун халқимиз бирдам, ҳамжиҳат, янгиланишларга,
яратишга чанқоқ. Шу асосда юртимиз янада обод бўляпти, иқтисодиёт глобал беқарорликка
қарамай, барқарор ўсмоқда, ёшларимиз пухта билим олмоқда ва асосийси, жамиятда жипслик,
фаровонлик ошмоқда.
Ҳа, биз
ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратяпмиз. Бу ишлар изчил давом
этади. Зеро, бош ғоядаги ягона Ватан — муқаддас уйимиз, ягона халқ — буюк кучимиз,
янги ҳаёт — эзгу мақсадимиз, келажак яратишимиз — умумий бурчимиз.
Азизбек АМОНОВ,
социология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент,
Республика Маърифат тарғиботчилар жамияти аъзоси