Ўсиш суръати анча юқори. 2025-йили 17 261 нафар ёшнинг имтиҳон харажатлари қопланган бўлса, 2026 йил якунигача 25 850 нафарлик маррани кўзлаб турибмиз. Бир йилнинг ўзида яна 8 589 нафар ёш. Бу, албатта, сезиларли сакраш.

Хўш, имкониятдан кимлар кўпроқ фойдаланяпти?

Энг катта улуш 18–23 ёшли йигит-қизларга (33 317 нафар) тегишли. 14–17 ёшли 25 112 нафар ёш ҳам халқаро имтиҳонларда юқори натижа қайд этган. Демак, жами компенсация олганларнинг 79 фоизи 14–23 ёшдагилар. Бу эса болалар мактаб давридаёқ халқаро сертификатлар ва хорижий таълим имкониятларига жиддий тайёрланаётганини билдиради. Умумий ҳисобда имкониятдан 38 503 нафар қиз ва 35 599 нафар йигит фойдаланган.

Қайси йўналишларга талаб юқори?

IELTS бўйича ҳозиргача 54 048 нафар ёшга 125 млрд сўм компенсация тўланган. САТ бўйича ҳам рақамлар чакки эмас: 9 082 нафар. Демак, ёшларимиз мўлжални тобора баланд оляпти.

Яна бир яхши тенденция, танлов кенгаймоқда: корейс тилидан TOPIK, хитой тилидан HSK, немис тилидан TestDAF, Goethe-Zertifikat каби халқаро имтиҳонлар ҳам компенсация тизимида ўз ўрнига эга бўлиб боряпти.

Қорақалпоғистоннинг шимолида бу имкониятга етиш учун IELTSдан 6 балл кифоя. Давлатимиз раҳбари қарорига кўра, 12 та ҳудудда доимий яшовчи ёшлар IELTSдан 6 ва ундан юқори ёки TOEFLдан 60 ва ундан юқори балл олса, имтиҳон харажатлари қоплаб берилади.

Бу рақамларни кўриш, албатта, қувонарли. Бир неча йил олдин минглаб ёшлар фойдаланган имконият бугун ўн минглаб ёшларни қамраб оляпти.