Қозоғистон парламенти Сенати Ўзбекистон билан давлат чегарасидаги айрим ўтказиш пунктлари фаолиятини кенгайтиришни назарда тутувчи протоколни ратификация қилди.
Ҳужжатга мувофиқ, «Малик — Сирдарё» ҳамда «Оқ олтин — Целинний» автомобиль ўтказиш пунктларининг мақоми икки томонламадан халқаро (кўп томонлама) мақомга ўзгартирилади.
Шунингдек, мазкур ўтказиш пунктлари энди фақат кундузги вақтда эмас, балки сутка давомида 24 соат ишлайди.
Янги тартибга кўра, «Оқ олтин — Целинний» ўтказиш пункти орқали енгил автомобиллар, бўш юк машиналари, шунингдек, йирик ҳажмли ва оғир вазнли юклар ҳаракатланиши мумкин бўлади.
«Малик — Сирдарё» ўтказиш пункти эса енгил автомобиллар ҳамда бўш юк транспортлари учун хизмат қилади. Ушбу пункт орқали тижорат мақсадида юк ва товарлар ўтказилиши назарда тутилмаган.
Қайд этилишича, мазкур ўзгаришлар ҳамда чегара инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида транспорт ҳамда йўловчилар оқимини янада самарали тақсимлаш, чегарадан ўтиш жараёнини енгиллаштиришга хизмат қилади.