Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, 27 октябрь куни интернетда Таиланд ҳукумати томонидан 2026 йил 15 сентябрдан жорий этилган, Ўзбекистон фуқароларининг ушбу мамлакатга, жумладан, туристик мақсадларда бориши учун электрон виза расмийлаштиришни назарда тутувчи қарор бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган.

Вазирликка кўра, Ўзбекистон фуқароларининг Таиландга сафарларини енгиллаштириш мақсадида жорий йил май ойидан буён фаол дипломатик музокаралар олиб борилмоқда.


Хусусан, Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги билан тўғридан-тўғри музокаралар натижасида икки мамлакат ўртасида визасиз сафарлар тўғрисидаги битимни имзолаш бўйича келишувга эришилган. Айни пайтда битим матни Таиланд томонидан кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, ўзбекистонликларнинг Таиланд электрон визасини расмийлаштиришда дуч келаётган муаммоларини ҳал этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Ўзбекистоннинг Таиланддаги Бош консулхонаси ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги билан мунтазам учрашувлар ўтказмоқда. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси эса Таиланднинг Москвадаги дипломатик ваколатхонаси билан ҳамкорлик қилмоқда.