Бу ҳақда Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Акқуловнинг Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой билан учрашувида маълум қилинди.
Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги туристик алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда янги сайёҳлик маҳсулотларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар муштарак тарих, тил, маданият ва қадриятлар икки халқни бирлаштириб туришини таъкидлаб, бу яқинликдан туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, Туркиянинг туристик ҳудудларни бошқариш, меҳмонхона бизнеси, маданий меросни асраш ва гастрономия туризмини ривожлантириш борасидаги тажрибасини ўрганишга келишиб олинди.
Алоҳида эътибор зиёрат туризми, ислом цивилизацияси мероси ва MICE туризми (ишбилармонлик учрашувлари, конференциялар ва кўргазмалар) бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди.
Бундан ташқари, икки мамлакатнинг туристик имкониятларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўзаро медиа ва блогерлар сафарларини ташкил этиш, соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш ҳам режалаштирилган.
Учрашув якунида 2026–2028 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон ва Туркия ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди.
Ҳужжатда сайёҳлар алмашинувини кенгайтириш, зиёрат туризмини ривожлантириш, қўшма туристик йўналишларни шакллантириш, халқаро тадбирларда биргаликда иштирок этиш, мутахассислар малакасини ошириш ва Ўзбекистон ҳудудларининг туристик салоҳиятини ривожлантириш каби йўналишлар белгиланган.
Келишув икки мамлакат ўртасидаги туристик ҳамкорликни янги лойиҳалар билан бойитиш ва Туркиядан Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар сонини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.