Энг кўп эътибор қимор ва букмекерлик хизматлари рекламасига қаратилган. Қўмита мониторинглари давомида тотализатор ва букмекерлик рекламаси билан боғлиқ 82 та ҳолат қайд этилган.

Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тарғиб қилувчи 76 та веб-сайт бўйича уларни блоклаш юзасидан ваколатли органларга сўровлар юборилган. Натижада 50 дан ортиқ сайт фаолияти чекланган.

Ижтимоий тармоқлардаги мониторинглар давомида эса катта аудиторияга эга саҳифаларида қимор ва букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи саҳналаштирилган видеоларни жойлаштирган 3 нафар блогер аниқланган. Уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Жумладан, ижтимоий тармоқларда «Melbet» бренди орқали қимор ўйинларини тарғиб қилувчи видеороликларни жойлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган. Бу ҳолатлар бўйича фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилиб, тегишли материаллар судга юборилган.

Қонунбузарликлар фақат қимор рекламаси билан чекланмаган. Қўмита қарийб 250 та ҳолатни ўрганишда 54 тасида тамаки, алкоголь, электрон сигарета ва пиво каби тақиқланган маҳсулотлар рекламаси жойлаштирилганини аниқлаган.

Дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар рекламаси бўйича ўтказилган 545 та ўрганишнинг 51 тасида ҳам қонун талаблари бузилган.

Шунингдек, айрим дори воситалари ва тиббий буюмлар рекламаларида миллий ва оилавий анъаналар, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакл, ибора ва образлардан фойдаланилган ҳолатлар аниқланган.

Умуман, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича 83 та субъектга нисбатан таъсир чоралари қўлланган.

Қўмита маълумотига кўра, реклама экспертизаси ва таҳлили жараёнида 18 мингдан ортиқ реклама ўрганилган. Уларнинг 25 фоизи реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига номувофиқлиги бўйича хулосалар берилган.

Бундан ташқари, ОАВ, Telegram канал ва гуруҳлари, «.uz» доменидаги веб-сайтлар маъмурлари, реклама агентликлари, реклама берувчи ва тарқатувчиларга қонунчилик талабларига риоя этиш бўйича 10 мингга яқин огоҳлантириш ва сўровлар юборилган.

Рақобат қўмитаси реклама бозорида қонун талабларига риоя этилишини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мониторингларни давом эттирмоқда.