Бу ҳақда ОАВ учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Азиза Назарова маълум қилди.

Иккинчи босқич доирасида умумий қиймати 625 млн АҚШ доллари бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан 5 та замонавий завод барпо этилмоқда.

Лойиҳалар Хитойнинг «Beijing China Sciences Runyu Environmental Technology», «Wangneng Environment», «Henan Investment Group» ҳамда Корея Республикасининг «Green Hammer» компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Янги заводлар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларини қамраб олади.

Лойиҳалар тўлиқ қувватга чиққач, ҳар йили:

  • 1,9 млн тонна қаттиқ маиший чиқинди термик қайта ишланади;
  • 635 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади;
  • 158 млн куб метр табиий газ иқтисод қилинади;
  • иссиқхона газлари чиқиндилари 316 минг тоннагача қисқартирилади;
  • 500 та янги иш ўрни яратилади.

Маълумот ўрнида, лойиҳаларнинг биринчи босқичида Хитойнинг «China CAMC Engineering», «Shanghai SUS Environment» ва «China Everbright International Limited» компаниялари томонидан жами 933 млн АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан 6 та завод қурилиши бошланган.

Биринчи босқич лойиҳалари Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрини қамраб олади.

Шу тариқа, икки босқич доирасида умумий қиймати 1 млрд 558 млн АҚШ доллари бўлган 11 та инвестиция лойиҳаси орқали республика ҳудудларида чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқаришнинг яхлит тизими яратилади.

Барча заводларни 2027–2028 йилларда босқичма-босқич ишга тушириш режалаштирилган.

Лойиҳалар тўлиқ қувватга чиққач, республикада йилига жами:

  • 5,4 млн тонна қаттиқ маиший чиқинди термик қайта ишланади;
  • 2,2 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади;
  • 1 500 та янги иш ўрни яратилади.

Электр энергиясини сотиб олиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериш бўйича битимларга мувофиқ, заводларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси 30 йил давомида «Ўзэнергосотиш» АЖ томонидан кафолатли равишда харид қилинади.

Заводларда чиқиндиларни ёқиш жараёнида ҳосил бўладиган зарарли моддаларнинг атмосферага тарқалишини чеклашга хизмат қилувчи замонавий технологиялар жорий этилади. Бу ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш ва чиқиндиларни полигонларга жойлаштириш ҳажмини камайтиришга хизмат қилади.

Мутахассислар таъкидлаётганидек, мазкур лойиҳалар чиқиндиларни шунчаки йўқ қилиш эмас, балки уларни муқобил энергия ва иқтисодий ресурсга айлантиришга асосланган янги тизимни шакллантиришга қаратилган.