Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилишини белгилагани мана шу муаммонинг ечими бўлди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов қайси фанлар қисқартирилиши масаласига тўхталар экан, номутахассислик фанлари улуши камайтирилишида иш берувчи, кадр буюртмачисининг талаби асосий мезон бўлишини таъкидлади. Муайян йўналишга тайёрлаётган кадр нимани билиши керак? Иш берувчи ундан нимани кутяпти? Мутахассисда амалиётда зарур компетенция шаклланиши учун унга қайси фанларни ўқитиш керак? Ўқитиладиган ва қисқартирадиган фанлар мана шу саволлар жавобидан келиб чиқиб белгиланади.
— 2018/2019 ўқув йилига қадар ўқув режадаги фанларнинг сони 46-50тани ташкил этарди, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев. — Шу ўқув йилидан бошлаб ўқув режалардаги фанлар сони таянч олий таълим муассасалари томонидан 36-40 тагача камайтирилиб оптималлаштирилди, шунингдек, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётлари 24 хафтадан 30 хафтагача кўпайтирилди. Бироқ бу етарли бўлмай, ишлаб чиқариш ва илм-фан ривожи мутахассисликка бевосита дахлдор бўлмаган, шунга қарамай, умумий ўқув соатининг 30 фоизини ташкил этаётган 1- ва 2-блок фанлари заруратини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётган эди.
Шу кунгача бўлган ҳолатни таҳлил қиладиган бўлсак, талабалар олий таълим даргоҳида мутахассислигига оид бўлмаган ўнлаб фанларни ўқиганининг гувоҳи бўламиз. Масалан, тор ихтисослик ҳисобланган кимёвий технология йўналишида “Диншунослик”, “Миллий ғоя”, “Ўзбекистон тарихи” “Фалсафа”, “Иқтисодиёт назарияси”, “Фуқаролик жамияти”, “Ўзбек (рус) тили”, “Хорижий тил”, “Жисмоний маданият” “Математика” каби фанлар ўқитилган. Хуллас калом, “ҳар соҳадан бир шингил”. Тўғри, фаннинг кераксизи бўлмайди, аммо таълим йўналишига мос бўлмаган мутахассислик ва ихтисослик фанларини ўзлаштиришга вақт қолдирмайдиган фанлар бор.
— Фикримча, ҳозирги замонда ахборот оқими шунчалик катта ва соҳаларда ихтисослашиш даражаси шунчалик юқорики, олдингига ўхшаб "ҳар соҳада кенг фикрлайдиган" мутахассислар тайёрлаш имконсиз, — дейди Лондон университет коллежи (University College London UCL) таълим институти (Буюк Британия) ўқув дастурларини тузиш, педагогика ва таълим жараёнларини баҳолаш мутахассислиги битирувчиси, бир қатор халқаро грандлар соҳиби Комил Жалилов. — Оддий мисол: қулоғингиз оғриса юрак ёки тиш докторига бормайсиз, айнан қулоқ докторига борасиз! Бир мутахассис бошқа соҳа ва фанлар нари ёқда турсин, ҳатто битта соҳанинг барча йўналишларини эгаллай олмайди. Ҳозирги замон тор ихтисосликлар даври, ҳамма ўз соҳасини билиши керак. Ҳеч ким муҳандис ёки қурувчини ишга олаётганида унинг тарих ёки фалсафани билиш-билмаслиги ёки она тили ўқитувчиси ишга қабул қилинаётганда унинг экология, валегология ёки матншуносликдан нечоғлик хабардорлигини текширмайди. Ўқув режага фанларни киритишни асослашда Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий каби қомусий билимга эга буюк аждодларимиз ҳамма соҳани ўзлаштирган деган далилларни келтириш кулгили, чунки у даврдаги ахборот оқими билан ҳозиргиси ўртасидаги фарқ ер билан осмонча. Собиқ Иттифоқ даврида эса таълимга мафкуравий тус бериб, ўқув режага жуда кўплаб идеологик фанлар киритилган ва биздаги олий таълим тизимимиздаги аксар 1-2 блок фанлари аслида асосан шу мафкуравий фанларнинг "меросхўри".
Мамлакатимиз давлат таълим стандартларидаги фанларнинг камида учтадан биттаси таҳсил олувчилар эгаллаётган мутахассисликка тегишли малака ва кўникмани шакллантиришга йўналтирилмаган эди. Натижада талабалар тўрт йил мобайнида 50талаб фанларни ўзлаштирган. Баъзи семестрларда 12-13 фан ўқитилар эди. Умумтаълим муассасаларида ўтилган фанларни нега яна олий таълимда ўқитиш ҳолатини тушуниш қийин. Ҳар куни уч-тўрт “пара” (6-8 соат) ўқиб чарчаган талабанинг кутубхонада китоб ва илмий журналлар варақлашга на вақти, на ҳафсаласи бўлади. Талабалар кўплаб фанларни ўқимасдан, ундан турли йўллар билан баҳо олишга интилади ёки сессиядан кейин фан мазмунини бутунлай эсдан чиқаради.
Шу ҳолатни халқаро рейтингларда юқори ўрин эгаллайдиган давлатлар тажрибаси билан солиштирайлик. Буюк Британия олий таълим муассасалари бакалавриатида 3 йил давомида 24 та фан ўқитилади, бу ҳар бир семестрга ўртача тўрттадан тўғри келади. АҚШда талаба битта семестрда 15 кредит тўплаши керак, Хар бир фанга 3-5 кредит берилишини ҳисобга олсак, бир семестрга учтадан бештагача фан тўғри келади. Агар фанлар номи ва тафсифини қарайдиган бўлсак, хорижнинг етакчи олий таълим муассасаларида бирорта умумий фанни кўрмаймиз, барча фанлар шу касбга бевосита боғланган.
Шулардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, номутахассислик фанларининг қисқартирилиши таълим тизимининг халқаро талабларга мослашуви, ўз ишининг устаси бўлган кадрлар етишиб чиқишига хизмат қилади.
Санобар Жуманова