“Маъсума” романини ўқир экансиз, бир ўзбек актрисасининг жасоратли одимлари, севги бахтига ошно кунларидан завқланасиз, фожеали тақдири мисолидаги воқеликлардан эса юрагингиз ўртанади. Ҳаётга уйғоқ назар билан қарамоқ, илм-маърифат сари дадил қадам ташламоқ ажри бу маъсума аёлни не-не синовларга рўбарў қилмади.
“...Оға (Маннон Уйғур) башорат қилгани каби Маъсума спектаклдан спектаклга юксаларди. Руҳи кўкларга оққушдай парвоз қиларди. Мазлума, ҳақсиз, бироқ қалби зилолдай мусаффо қаҳрамонлари гўё тирикдай, шу атрофда, бироқ бошқа бир оламда яшаётгандай туюлар, баъзан тушларига кирарди. Тушларида Маъсума уларнинг ўлмаганини, ширин ҳаёт кечираётганини кўрарди...”
“Маъсума” романини ўқир экансиз, бир ўзбек актрисасининг жасоратли одимлари, севги бахтига ошно кунларидан завқланасиз, фожеали тақдири мисолидаги воқеликлардан эса юрагингиз ўртанади. Ҳаётга уйғоқ назар билан қарамоқ, илм-маърифат сари дадил қадам ташламоқ ажри бу маъсума аёлни не-не синовларга рўбарў қилмади. Ёзувчи бу ўзига хос тақдирнинг чигалликларию мушкулотларини ёритишга қандай тайёргарлик кўрди? Тарихнинг неча йилдирки очилмаган саҳифаларини тўлдирган чангу ғуборлар бугунги кун асарлари орқали асл ифодасини топа оляптими? Миллий театримизнинг бадиий тарихини яратиш масъулияти муаллифга қандай вазифаларни юклади? Ватанпарвар ота-боболаримизнинг юрт озодлиги ва халқ ҳуррияти йўлидаги фидойилиги, мамлакат равнақи йўлида амалга оширган ибратли ишларини ёзмоқ, таърифламоқ бахти ижодкор қалбга қандай туйғуларни ҳадя этди?
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон бўлган суҳбатимизда гарчи қатағон даври билан боғлиқ кўнгилларга оғриқ солгувчи, қалбларни йиғлатгувчи воқеаларни эсласак-да, бир таскинимиз бор: “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир”...
– Исажон ака, 2021 йил 9 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Ғалаба боғида бўлиб ўтган Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таниқли саҳна устаси, собиқ Ҳамза театрининг етакчи актрисаларидан бири Маъсума Қориева ҳақида чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан сўзлаган эди. Ўшанда актрисанинг фожеали ҳаёти ҳақида эшитган ижодкорларимиз қаҳрамон аждодларимизнинг ўчмас хотираси олдидаги қарзимиз ва бурчимиз қанчалар кўп ва залворли эканлигини ҳис этган эдилар.
– Ҳа, ушбу тарихий нутқда эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлган юз минглаб ватандошларимиз хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолиши, мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмаслиги таъкидланди.
Президент тилга олган Маъсума Қориева – ана шундай фидойи, ўзбек театрининг илк қалдирғочларидан бири. Унинг ҳаёти нафақат роман, балки спектакль, бадиий фильм ёки сериал учун ибратли мавзу эканини барча ижодкорларимиз эътироф этишди. Қатағонга дучор бўлган юзлаб маърифатпарварлар, жувонмарг бўлган минглаб оилалар қаторида халққа театр воситасида маърифат улашиш қисматини бўйнига олган ва охир-оқибат, авлод-аждоди билан кули кўкларга совурилганлар қисмати кишини сескантиради, фидойи зотларнинг қутлуғ орзуси бўлмиш миллий давлатимизни кўз қорачиғидай асраб-авайлашга ундайди
Жадидлар замонаси билан бугунги давр орасида ер билан осмонча фарқ бор. Тинимсиз ўзгариб турган кўп векторли дунёда янгиликлар кўз очиб юмгунча содир бўлмоқда. Жадид боболаримиз халқни тараққиётга бошлаб, миллий давлатимизга эга бўлишни орзулашган бўлса, бугунги мураккаб дунёда Ўзбекистонимизнинг ўз муносиб ўрни ва кўзланган улуғвор манзиллар ҳақида жон куйдирилмоқда. Бу албатта, ўзбек халқига насиб этган буюк неъмат.
Тарихга муносабат борасида адолат устуворлиги жуда кўп мавзуларга йўл очиб берди. Олис ёки яқин ўтмишда рўй берган бирон воқеани айтиб, “Афсус, бу ҳақда ёзиб бўлмайди-да”, деб ўкинган ижодкорлар кўп бўлган. Тан олиб айтиш керакки, юртимизда амалда қарор топган сўз ва ижод эркинлиги қалам аҳлига том маънода қанот бахш этди. Бунинг учун ҳар қанча шукрона айтса арзийди.
– “Маъсума” романи тақдимоти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўзгача шукуҳда ўтказилди. Ўша тақдимотда сиз ушбу асарда тасвирланган давр руҳиятига кириш учун турли манбалардан маълумот излаш билан бирга, Эски шаҳарни кезганингиз, тарихимизга уйғун кўҳна манзараларни излаганингиз, ёши улуғ инсонлар билан суҳбатлашганингиз ҳақида айтиб ўтган эдингиз...
– Асар воқеалари ўтган аср бошларида бўлиб ўтади. Яъни, бундан юз йил аввалги Тошкент манзараларини жонлантириш зарурати юзага келди.
Пойтахтимизнинг Эски шаҳарини том маънодаги очиқ музей десак янглишмаймиз. У ерда ҳозир ҳам эски кўчалар, ўрик бўй чўзиб турган тор ҳовлилар сақланиб қолган, икки киши зўрға сиғадиган тор йўлаклардан елкангиз деворга ишқаланиб юриб ўтасиз ва бир пайтлар бу маконларда ҳаёт қайнаганини тасаввур қиласиз.
Чиғатой бозори ҳар куни тонг ёришмасидан гавжум бўлади. Бу жуда эски бозор, бир пайтлар олис-яқиндан келган кишилар бомдоддан сўнг шу ерда нонушта қилиб, кейин юмушларига равона бўлишган. Сағбон, Қўштут, Каллахона, Сақичмон каби маҳаллалар тарихнинг бир парчасидай таассурот уйғотади. Қолаверса, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Ҳамза, Чўлпон каби зотларнинг қадами етган, Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Маъсума Қориева хизмат қилган миллий театр ҳам Эски шаҳар бозорининг шундоққина биқинида жойлашган. Саксон ёшни қоралаган сағбонлик Саври она, тўқсон бешга кирган Ойиша онахон салкам бир аср аввалги турмуш қандай бўлганини сўзлаб беришганида, худойим бу кишиларга узоқ умр ато этганига қувонасиз киши. Уларнинг хотираларидан меҳмон келганида ош-овқат тортиш удумларидан ҳовли саҳнида ўсадиган гул-чечак парваришигача, ташқи ва ички ҳовли анжомларидан эркак ва аёл либосларининг безакларигача билиб олса бўлади. Бугун шаҳар бағридаги Чилонзор, Қорасарой, Қушбеги каби мавзелар ўша пайтларда қишлоқ бўлган экан. Бир қанча урф-одатларни улуғ адиблар Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом асарларидан топса бўлади.
Қисқача айтганда, Эски шаҳар ўтмишимизнинг гуркираган миллий маданиятидан, миллий анъаналаримиздан донишмандона ҳикоя қилиб беради.
– Суҳбатларимиздан бирида, романни ёзиб бўлганимдан сўнг менга Маъсума Қориеванинг қариндошлари қўнғироқ қилди, деган эдингиз. Уларнинг асарга бўлган муносабати ва сизга айтиб берган янги ва қизиқарли маълумотлари ҳақида билмоқчи эдик.
– Асар қаҳрамонлари ҳақида маълумотлар жуда-жуда оз экан. Бу борада Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджоновнинг хотиралари, академик Наим Каримов, Шуҳрат Ризаев, Сирожиддин Аҳмад тадқиқотларининг, ўша даврда яшаган кишиларнинг хотиралари катта ёрдам берди.
Асар тақдимотидан сўнг, Рашида Қориева деган бир аёл қўнғироқ қилди. Учрашиб, суҳбатлашдик. Унинг кўз ёшларга тўла ҳикояларидан Маъсума Қориеванинг Розия деган опаси бўлгани, синглисининг вафотидан сўнг анча йиллар яшагани ойдинлашди. Рашида шу кишининг келини экан. Ота-онаси ёшлигида вафот этиб кетган Масъумага Тошкент уламоларининг пешқадамларидан бўлмиш Абдувоҳид Абдурауф ўғлининг тўнғич ўғли Боситхон қаттиқ ошиқ бўлиб қолади ва яқинларининг қаршилигига қарамай, унга уйланади.
Рашида опанинг ҳикояси ҳам қайғули: Розия опа ҳар йил тўққизинчи май куни уйидан ҳеч қаёққа чиқмасдан, кечгача йиғлаб ўтирарди, дейди. Замона ўзгарганидан кейин ҳам бу оила бошидан кўргиликлар кетмайди, умрининг охиригача бир четда қўрқиб, изтироб чекиб яшаб ўтишади.
Президентнинг сўзларига диққат қилинг:
“Юртга ёв бостириб келган оғир кунларда Маъсума Қориева ўз бошига тушган фожиани унутиб, икки фарзанди – Шавкат ва Ботир Қориевларни фашизмга қарши жангга юборади. Ўзи эса ҳозирги Ўзбек миллий театрида касаба уюшмасига раҳбарлик қилиб, ғоят оғир даврда ходимларни моддий таъминлаш учун жонбозлик кўрсатади.
Уруш тугайди, лекин Маъсума аянинг фарзандларидан дарак бўлмайди. Муштипар она уларнинг изларини излаб Москвага боради. У ерда иккала ўғли ҳам жангларда ҳалок бўлганини аниқлайди.
Маълум бўлишича, урушда кўрсатган жасорати учун Шавкат Қориев “Қизил байроқ” ордени, Ботир Қориев эса “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланган экан. Минг афсуски, Маъсума Қориева у пайтда бундан бехабар эди. Онаизор фарзандлари доғини кўтаролмасдан, 1946 йили Москвада вафот этади.
Мана шундай қайғули воқеалар билан танишганда, қаҳрамон аждодларимизнинг ўчмас хотираси олдидаги қарзимиз ва бурчимизни янада чуқур ҳис этамиз. Бугунги тинч, эркин ва ёруғ кунларнинг қадрига етиш кераклигини яна бир бор англаймиз”.
Яъни, 1937 йилда етмиш тўққиз ёшли Абдувоҳид қори, унинг тўнғич фарзанди Боситхон ва жияни Акмал Икромов қамоққа олинади. Маъсума Қориева театр жамоаси учун ажратилган Қорасаройдаги боғда сабзавот етиштириб, сигир соғиб кун ўтказади. Қайинукаси – янги ҳукуматга ишонган шоир Олтой аввалроқ Сибирга сургун қилинган бўлиб, у ердан қайтиб келгач, Туркистонда яшайди ва қайта-қайта қамоққа ташланади. Ниҳоят, бу кўргиликлардан бир қадар қутулиб, Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлай бошлайди ва 1977 йилда вафот этади. Устоз Наим Каримов у кишини кўрган эканлар, биров билан гаплашмайдиган, одамови инсон эди, деб эслайдилар.
Шу тариқа, янги замонанинг хайрли бўлишига умид боғлаган ва ишончлари саробга айланган кишилар тақдири юзага чиқа бошлайди.
Миллатнинг сара гул-чечаклари, ватан эрки йўлида жон фидо қилган шаҳидларимиз хотирасини шарафлаш, албатта, авлодлик бурчимиздир. Бундай эзгу бурчимизни эмин-эркин ўтай олишимизга имкон яратиб бергани учун Президентимизга ва ҳукуматимизга ҳар қанча ташаккур изҳор этса арзийди.
– Романда тасвирланган воқеалар – ҳаётда содир бўлган, бадиий бўёқ берилган ҳаққоний воқеалардир. Мамлакатимиз тарихининг жадидлар даври қандай мураккаб бўлганини бир оила мисолида кўриш мумкин. Чунончи, Абдувоҳид қори машҳур уламо, “Шўрои исломия”ва “Маҳкамаи исломия” жамиятлари раиси, босқинчилар Уфага олиб кетган муқаддас осори атиқа – Усмон Қуръонини юртимизга қайтариб олиб келишда жонбозлик кўрсатган арбоб, яъни жадидлик даврининг “қадимчи”ларидан. Мана шу жараённинг ўзи ҳам катта бир асар яратишга сабаб бўлгувчи маълумот эмасмикан?
– Нафақат бир асарга, балки ўнлаб бадиий асарларга, киноэпопеяларга мавзу бўла олади.
Абдувоҳид қори машҳур шайх Ҳованд Тоҳурнинг авлоди, Тошкентнинг машҳур уламоларидан бири бўлган. Билими ва закоси туфайли, 1909 йилда Тулада сургунда эканида, улуғ ёзувчи Лев Толстой билан суҳбатлашади, адиб дунёдан ўтганида, унинг дафн масросимида ҳам иштирок этади. Абдувоҳид қори кенг билим ва тафаккурга эга “қадимчи” зиёли бўлса, бошқалар – яъни, жияни Акмал Икромов, фарзандлари Боситхон, Боисхон ва Мавдуд янги замона кишилари бўлишган.
Бу кишининг, шунингдек, Тўрахон Махдум Ҳўқандий, Заҳириддин Аълам каби зиёлиларнинг миллатга хизматлари катта. Қаранг, Самарқандда сақланаётган Усмон Қуръони 1869 йилда оқпошшо амалдорларига арзимаган пулга сотиб юборилади. Номлари зикр этилган фидойи кишиларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли, 1924 йилда Уфадан Тошкентга олиб келинади.
Жадид боболариимзнинг изтироблари буни таъкидлаб тургандек:
“Эй воҳ, агар ўз давлатимиз бўлганида эди, бу ишларга ҳожат қолмас, давлат халқ равнақи учун керакли бўлган барча ишларни бажарар, сиз билан биз эса, ўйнаб-кулиб яшар эдик. Афсуски, давлатимиз йўқ, қудратимиз ҳам йўқ, барча бу ишларни ёлғиз бошимиз билан қилишга мажбурмиз... – дейди Абдувоҳид қори...”
Замона ўта мураккаб бўлган экан-да. Бироқ, у давр воқеаларига муносабат бобида етти ўлчаб бир кесиш кераклиги ойдинлашади. Мисол учун, Акмал Икромов ҳақида турлича қарашлар бор. Лекин у киши Фавқулодда Қўмита аъзоси бўлиб ишлаган пайтларида анча-мунча кишининг ҳаётини сақлаб қолгани ҳам ҳақиқат, ўрнида бошқа одам бўлганида, бешбаттар бўлармиди, дейсиз. Шу сабабли, у ҳам, унинг аёли ҳам 1937 йилда отиб ўлдирилади.
– Миллий театримиз ривожи билан боғлиқ бебаҳо лавҳалари борлиги учун ҳам мен ушбу романни ноёб асар деб номлагим келди. Илк ўзбек миллий театрининг долғали жараёнлари – қувончлари, кулфатлари, кашфиётлари ўқувчида жуда катта таассурот уйғотишига ишонаман...
– Миллий театримизнинг ривожи ўзига хос. У аввалбошда татар, озарбайжон, гуржи театрлари билан бирга равнақ топгани сир эмас. Бу маърифат тўлқинларига аслида, ёпирилиб келаётган мустамлака балосига қарши маърифат билан курашиш ғоясини ифодалайди. Давр ситамларига ақл лол қолади. Мисол учун, ўн тўққизинчи аср охирида қурилган, кейинчалик Свердлов концерт зали деб номланган “Колизей” биносининг тарихини айтайлик. Георгий Цинцадзе деган бир орзуманд киши Тошкент марказида “Европа” ва “Бельвю” номли иккита муҳташам меҳмонхона қуради. Сўнг бирини сотиб юбориб, иккинчисига “Колизей” деб янги ном беради-да, театрга айлантиради. Абдулла Авлоний Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” томошасини биринчи марта шу бинода халққа кўрсатган, ундаги бой ролини Авлонийнинг ўзи ўйнайди. Бироқ, Цинцадзенинг бошига ҳам қора кун тушади: ўша кезларда оқпошшо қўшинидан шундай исм-насабли бир зобит қочиб кетади. Излай-излай, гуржи тадбиркорини қамоққа олиб, отиб ташлашади. Орадан бир қанча вақт ўтиб, ҳақиқий айбдор топилади, қарашса, адашиб бошқа кишини қатл қилишган экан. Узоқ ўйлаб ўтирмасдан, бунисини ҳам отиб ташлай қолишади.
Жадид боболаримиз миллий театрни бежиз “ойина” деб аташмаган. Унинг ривожида нафақат ўт юракли ўзбек тараққийпарварларининг, балки бошқа миллат кишиларининг ҳам ҳиссаси анчагина. Мисол учун, татар театр арбоби Камол Биринчи, рус режиссери Сергей Ладигин, актёрлардан наманганлик Мария Кузнецова, янгийўллик Зайнаб Садриевалар соф ўзбек тилида саҳна ўйнашган. Ўша йилларда театрда фолият кўрсатган кишиларнинг ва улар авлодларининг хотиралари, ҳурматли олимларимизнинг тадқиқотлари бу борада кўмак бўлди.
Даврнинг кўзга кўринган кишиларидан ташқари, яна қанчасининг номлари махфий турган экан? Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Қўқон воқеаларида яна қанча кишилар жон фидо қилган экан? Нима бўлганида ҳам, у кишилар умрларини яшаб ўтиб, охират манзилларига равона бўлишди, авлодлар учун ибрат ва хулосаларга айланишди.
Адолат ва эрк – нақадар керакли, ҳаётбахш тушунчалар. Айни шундай ёниқ чорловлар бугунимизда ҳам янграётгани, миллий давлат орзуси рўёбга чиққан шу кунларда янги тараққиёт уфқлари манзил қилиб кўрсатилаётгани бежиз эмас, деб ўйлаб қоласиз.
– Тарихий асарлар яратиш ижодкордан жуда катта масъулиятни талаб қилади. “Алишер Навоий” ҳамда “Маъсума” романларини яратишда тарихимизнинг ёритилиши зарур бўлган қайси қатламлари жиддий тадқиқотларга муҳтож эканлигини англадингиз?
– Устоз адибларнинг шоҳ асарлари яратилган даврдан буён саксон йил ўтди. Бу давр мобайнида мустақил навоийшунослик фанимиз илм-фани эришган ютуқлар оз эмас. Мисол учун, кўп йиллар давомида Алишер Навоий султон Ҳусайн Мирзога қарши қўйилиб келинди. Бунинг мазмуни шуки, илғор фикрли мутафаккирлар ўз давлати, салтанатини қўллаб-қувватламаган бўлиб чиқади. Ваҳоланки, бу икки зот бир-бири билан қиёматга қадар дўст тутинган бўлиб, бир-бирининг шаънига мутлақо гард юқтирган эмас. Бу ҳақда бир қанча манбалар шоҳидлик беради. Ҳатто, мавлоно Сонеъий деган бир киши кўпчиликнинг олдида ҳазрат Алишер Навоийга қарата беиззатона бир сўз айтгани учун, султон Ҳусайн уни ҳибсга улоқтиргани маълум. Улуғ бобомизнинг ноёб адабий мероси, юксак фазилатлари кўпчиликка аён, шу билан бирга, у зотнинг дўстга садоқати ҳам авлодларга ўрнак бўла олади.
Халқимизнинг буюк тарихи – шумерлар давридан то “Девони луғотит-турк”кача, ибн Асирнинг “Ал комил фит-тарих” асари воқеаларидан “Тўрт улус тарихи” ва “Шажараи тарокимага”гача, Амир Темур замонасидан бугунгача бўлган воқеаларнинг барчаси замонавий бадиий асарларда акс этиши керак, деб ўйлайман.
Мисол учун, бундан ўн беш аср илгариги Ўрхун-Энасой ёзувларининг аслини ўқиб кўрган киши турли таниш сўзлар қаторида, “келдимиз, кетдимиз” шаклидаги феълларга ҳам дуч келади. Ушбу лаҳжа туркий улусларнинг биронтасида учрамайди, ваҳоланки, Тошкент, Самақанд ва Наманган вилоятининг айрим қишлоқларида бу лаҳжа ҳали ҳам бор.
Дунёнинг энг қадимги эпик асари – “Билгамиш”да юзлаб сўзларимиз борлиги ҳам у шон-шараф достонининг қаҳрамонлари аждодларимиз эканини кўрсатади.
Улуғ алломаларимиз инсониятга одоб ва ахлоқнинг, инсон камолотининг мукаммал ўрнакларини туҳфа этишган. Улар шунчаки тарихий рисолалар эмас, заковат қаймоғи, бир қанча авлодлар ҳаёти мобайнида жамланган хулосалардир. Подшоҳлари олим, раҳнамолари шоир ва файласуф бўлган бундай ажойиб юртни олам кезиб топиб бўлмайди. Тарихимиздаги бундай хайрли ранг-баранглик унча-мунча халқ тарихида учрамайди.
Ўзбекистон – бутун туркий халқлар тарихини ўзида жамлаган ўхшаши йўқ она ватан, илм-фан ва маърифатнинг олтин бешигидир.
Буни замонавий фан ҳам тақдиқлайди. Академик олимлар Иброҳим Абдураҳмонов, Абдусаттор Абдукаримов, Шуҳрат Шерматов, Забардаст Бўриев ҳамда чет эл илмий марказларининг мутахассислари – Эрик Девор, Марк Злоютро, Мередич Миллис, Жессика Галбрайт, Майкл Кроуфордларнинг “The Open Genomics Journal” халқаро журналида эълон қилинган “Инсоният чорраҳасида ген оқимлари: Ўзбекистонда учрайдиган инсерцион полиморфизмлардаги мт-ДНК турли-туманликлари” тадқиқотида Марказий Осиё чиндан ҳам дунё тараққиёти йўлидаги олтин бешик экани ўз исботини топган. Бу – ҳақиқатан ҳам, ўта қадимги тарих. Шунингдек, тадқиқотлар натижасида халқимиз цивилизациядаги мавжуд барча генлар хилма-хиллигига эга эканлиги ва улар орасида инсон цивилизациясидаги энг қадимий генотиплар мавжудлиги исботланган. Бу халқимизнинг ўта қадимий генетик ўтмишига урғу бериши билан бирга, “тирик тарихий музей” эканидан ҳам далолат беради. Яъни, юртимиз нафақат сиёсий, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга, балки ўта қадимий ва хилма-хил бўлган инсонлари билан халқаро миқёсда жуда катта биологик бойликни ўзида мужассам этган. Биз бу бойликни англашимиз, қадрлашимиз, асраб-авайлашимиз ҳамда ундан ғурурланишимиз керак. Шу сабабли, энг қадимги даврлардан то бугунимизга қадар бўлган бадиий тарих яратилиши олимларимиз ва ижодкорларимизнинг қутлуғ вазифасидир.
– “Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик. Бировга ёқадими-ёқмайдими, ғуруримизми-армонимизми, муваффақиятми ё хиёнатми – ҳаммасини ҳаққоний ёзиш керак”, – деган эди Президентимиз 2021 йилнинг 31 августида Шаҳидлар хиёбонида сўзлаган нутқида. Романни ёзиш ва нашр этиш жараёнида сиз асарга киритишни хоҳламаган воқеликлар ва маълумотлар бўлдими? Ёки қайсидир тарихий ҳақиқатни биринчи марта ошкор тарзда беришга эришганингиз учун хурсанд бўлдингиз?
– Давлат раҳбаримизнинг мазкур сўзлари ижод аҳли учун дарҳақиқат, зулматларни ёритувчи бир маёқ бўлди. Юз йилдан буён ёпиқ турган таъқиқ қопқаларини осиб берди, ўзлигига муштоқ минглаб кишилар ҳаққоний ўтмишни билиб олиш имкониятига эга бўлишди.
Тарихимиз шон-шараф, қаҳрамонлик, мардлик ўрнакларига бой, бироқ акси ҳам учраб туриши кишини изтиробга солади. Жадидлик даврини ўрганишда шундай маълумотларга ҳам дуч келасизки! Шахсиятларнинг заифликлари ва адашишлари дейсизми, жон қайғуси ватан қайғусидан устун келган ҳолатлар дейсизми, хиёнатлар дейсизми... Ёзай десангиз, қалам юрмай қолади, юрак чидамайди, қоғоз кўтармайди. Бироқ, шундай бўлса ҳам, Президент таъкидлаганидек, ҳақиқатнинг юзига тик боқиш, тарихни ҳаққоний гавдалантириш керак. Бу борада ҳам насиб қилса, асарлар ёзилади, албатта.
Инсон турли вазиятларда турлича тутум тутади, бу унинг инсонийлигидир. “Янглиш ва хато кишилик шартидир” дейди Навоий бобомиз. Ўз вақтида Чўлпон, Қодирий ёки ўша давр тараққийпарварларининг бирон суҳбатига қўшилиб қолган ёхуд асарини ўқиган киши қамоққа олинган, сургун қилинган, отилган эди. Минг шукр, бугун уларнинг асарлари тўла чоп этилибгина қолмай, балки ҳаёти, ижоди ҳақида жилд-жилд китоблар ёзилиб, фильмлар суратга олинмоқда. Яъни, халқимиз атай чалкаштирилган ўз тарихини, ўзлигини билиб олмоқда, адолат тикланмоқда. Ишончим комилки, узоқ асрлик тарихимизнинг зулматларига шу орқали нур тутилади, турли кунларни кўра-кўра ўтиб келган шу буюк халқ тарихи бор-бўйича ёритилади.
Юртимизда амалга оширилаётган янгиланишлар ижодкорлар учун ҳам янги манзилларни, уфқларни кўрсатиб, илҳом бағишламоқда ва халқимизнинг шарафли ўтмиши, бунёдкор бугуни, бетакрор яратувчилик салоҳияти ва кўзлаган улуғ манзиллари ҳақидаги асарлари билан эл хизматига бел боғлашларига имкон яратмоқда.
Зиёли ва адиблар учун бундан ортиқ саодат борми?
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди