“Ўзбекистон аккредитация маркази”ДКда “Коррупцияга қарши курашиш борасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари” мавзуида семинар бўлиб ўтди.
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш изчиллик билан олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон 2008 йилда Коррупцияга қарши конвенцияга, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига қўшилганлигини таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Шунингдек, Олий Мажлис томонидан 2011 йилда Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битим ратификация қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва бу йўналишда Давлат дастурларининг қабул қилинганлиги юртимизда коррупция билан боғлиқ хуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.
“Ушбу саъйи-ҳаракатлар натижасида 2013—2020 йиллар оралиғида мансабдор шахслар томонидан содир этилган коррупцияга оид жиноятлар 43 фоизга камайди,” дея таъкидлаб ўтди эксперт Баҳодир Исмоилов. Мансабдор шахсларга чекланмаган дискрецион ваколатларнинг берилиши, жумладан, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишдаги камчиликлар, тарбиявий ишлардаги нуқсонлар, замонавий фан, техника ва технологияларнинг жорий этилмаганлиги каби қатор омиллар коррупциявий жиноятларнинг содир этилишига шароит яратиб беради, дейилди машғулотда. Бу каби холатлар эса давлат, жамият ва фуқароларнинг манфаатларига катта зарар етказади, соғлом рақобатга тўсқинлик қилиб, ҳалол ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатади, хуфиёна иқтисодиётни ривожлантиради.
Коррупциянинг олдини олиш учун мансабдор шахсларнинг асосланмаган дискрецион ваколатларини чеклаш, даҳлсизлик иммунитетларидан воз кечиш, ички назорат тизимларини такомиллаштириш, давлат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш лозимлиги таъкидланди.