Моҳичеҳра Мамедованинг Қўлба маҳалласига келин бўлиб тушганига 7 йил бўлди. У сартарошлик бўйича ўқув курсларида таълим олган, сўнг шогирд бўлиб уч йил аёллар сартарошхонасида малака оширган. Фарзандлари ёш бўлгани туфайли ҳеч қаерда ишлай олмади. Шунга қарамай, Моҳичеҳра изланувчан, ўзига ниҳоятда талабчанлиги боис, уйда бекор ўтиришни истамади. Турмуш ўртоғининг ёнида туриб, рўзғор аравасини бирга тортишга, оила фаровонлигига ҳисса қўшишга қарор қилди.
— Уй шароитида бўлса-да, бекор ўтирмай, пул топишга ҳаракат қилдим, —дейди Моҳичеҳра Мамедова. — Маҳалламизда аёллар сартароши ва пайнет тўлов тизими йўқлиги учун шу ишларни ўзим қилмоқчи бўлдим. Туман ҳокими қабулига бориб, ўзига учрашдим. У ниятимни тўғри тушунди. “Иштиёқ билан келибди. Юрагида ўти бор экан, ёрдам берамиз. Ишни эплаб кетади”, деди.
Ниҳоят Моҳичеҳра Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими орқали субсидия олди, гўзаллик салони учун керакли жиҳозлар билан таъминланди. Яқинда “Ҳунарманд” уюшмасига ҳам аъзо бўлди.
— Қўлба маҳалласида қарийб 4 минг одам яшайди, — дейди маҳалланинг ёшлар етакчиси Фарид Искандаров. — Уларнинг мингдан зиёди ёшлар. Ёшларга ҳунар ўргатишда Моҳичеҳра каби ҳунарманд аёллар борлиги жуда асқатади. Ижтимоий аҳволи оғир қизларга бепул касб ўргатади.
Моҳичеҳра Жиззах педагогика коллежини битирган. Ўқитувчи бўлишни орзу қиларди, бироқ ўрта махсус маълумотга эга бўлгани сабабли ниятига етолмади. Сўнг Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлимига мурожаат қилгач, “Ёшлар дафтари”га киритилди. Компьютер саводхонлиги бўйича бепул курсларда ўқиди, қўшимча ҳунар ўрганди. Тиришқоқ ҳунарманд тадбиркорлик фаолиятини бошлаб олди.
— Иш бошлаганимга бир ой бўлди. Дастлаб қўшниларим мижоз бўлиб келди. Уларга хизматим маъқул келганидан хурсанд бўлдим. Турмуш ўртоғим салон учун алоҳида жой очиб, таъмирлаб бермоқчи. Ўшанда ўқув курси очиб, битирувчи қизларгаям ҳунар ўргатаман. Ҳозир уч нафар шогирдим бор, — дейди ҳунарманд аёл. — Орзуларим жуда кўп. Ишбилармон хонимларни кўрсам, ҳавасим келади. Ўзим ўқий олмаганим учун болаларимни ўқитишни ният қилганман. Тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтиришни, элдан кам бўлмасликни истайман. Яқинда турмуш ўртоғим иссиқхоначиликка қизиқиб қолди. Ҳокимликка мурожаат қилдик, ҳозир фақат ташқи қолипини келтириб қўйишди. Қолган ишлар ҳам тезроқ ҳал бўлишига умид қиляпмиз.
Бунёдкорликлардан илҳом оладиган ҳунарманд
Руслан Янгибоев Фориш туманининг Хонбанди маҳалласида яшайди. 2018 йилдан буён ҳунармандлик билан шуғулланади. У ясаган темир буюмларнинг харидори кўп. Шу билан бирга, Руслан тумандаги “Ҳунарманд” маркази раҳбари.
— Маҳалламизда ҳунармандлик марказини ташкил қилганмиз. Шу ерда ишсиз фуқаролар, йигит-қизлар бандлигини таъминлаш учун қўл меҳнатини ривожлантиряпмиз, — дейди тиришқоқ йигит. — Ҳозир марказда 12 нафар ҳунарманд бор. Улар зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик ва миллий либослар тикиш билан шуғулланмоқда. Ўзим замонавий тўсин, сейф, металл ҳайкалчалар ясайман. Буюртма асосида ишлайман. Болаликдан оилавий муҳитимиз шу касб билан боғлиқ, отам темирчилик қилган. Ўзим ҳам устачиликка қизиқиб, шу йўналишда ўқияпман.
Руслан Ҳиндистоннинг “Sambhram” университети Жиззах филиали 3-босқичида ўқийди. Устозларидан керакли билимларни олиб, ҳунармандликка доир янгиликларни ўрганиб, ўзлаштириб, даромади ҳам кун сайин ортмоқда.
— Бир ойда иш ҳақимдан ташқари ўртача 2 миллион сўм атрофида даромад топаман. Яқинда Хитой билан шартнома туздик. Хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускуналарини келтирдик. Шуларни ишга туширсак, маҳалламиздаги 9 нафар ёшни иш билан таъминлаймиз, оиламизга қўшимча даромад келтирамиз. Бугунги кунда инновацион янгиликлар устида ишлаяпмиз, металлга ишлов беришнинг янги усулини топганмиз. Шуни қўллашга ҳаракат қиляпмиз, — дейди ёш ҳунарманд.
Шу йилнинг июнь-июль ойларида Фарғона вилоятида ўтказилган ёш тадбиркор ва ҳунармандлар форумида Руслан ҳам иштирок этди. Бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган ёшлар, тенгқурлари билан фикр алмашди. Ўзига керакли маълумотлар олди, тажриба тўплади. Уйга қайтгач, қўшимча иккита ускуна сотиб олишга қарор қилди. Бошланишига Халқ банкининг туман филиалидан 33 миллион сўм кредит ва шахсий маблағи ҳисобидан ускуналар олиб келди. Маҳалласидаги 4 нафар ишсиз ёшни иш билан таъминлади. Ҳозир бир кунда 3000 дона совун ишлаб чиқаряпти.
— Бугун ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қатор имтиёзлар бор. Бундан менга ўхшаган тенгқурларим самарали фойдаланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Кўп ёшлар берилаётган имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилганида баъзида эътиборсизликка дуч келади. Ўзим ҳам аввалига 6-7 ой шу масаланинг ечимини қилолмаганман, — дейди ёш ҳунарманд. — Ишбилармон тенгқурларимни кўрганда ҳавас қилиб, улардек бўлишга, олға юришга уринаман. Бундан-да юксак марраларга эришишга, нималардир янгилик қилишга интиламан. Мамлакатимиз янада гуллаб-яшнасин, биз, ёшлар шундан қувват олиб, униб-ўсаверайлик.