Ана шундай юксак эътибор ва ғамхўрлик натижасида охирги йилларда хотин-қизларнинг орзу-интилишлари рўёбга чиқиб, интилувчан ва ташаббускор аёллар турли соҳаларда юксак натижаларга, улкан муваффақиятларга эришмоқда. Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, касаначилик учун яратилган қулай шароитлар, аёлларнинг қобилият ва имкониятларини юзага чиқариш учун берилаётган кенг имкониятлар, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ижобий ўзгаришлар уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни пайтда Хоразм вилоятида халқ депутатлари шаҳар (туман) кенгашлари депутатларининг 112 нафари, вилоят кенгаши депутатларининг 17 нафари хотин-қизлардир. Хоразмлик икки аёл Олий Мажлис Сенати аъзоси, икки нафари Қонунчилик палатаси депутати. Шу билан бирга бир минг ўн саккиз нафар хотин-қиз турли раҳбарлик лавозимларида, ўн минг уч юз беш нафари эса тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳам бўлса, давлатимиз раҳбарининг биз, аёлларга кўрсатаётган юксак эътибори ва ғамхўрлигининг амалий натижасидир.
Жорий йил 5 март куни Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор юртимизда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг янги даврини бошлаб берди.
Боиси, унда ҳаётнинг барча жабҳасида аёлларнинг иштироки ва фаоллигини ошириш, таълим олиши ва касбий кўникма ошириши ҳамда бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жойларда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ва хотин-қизларнинг унга киритилган муаммолари, эҳтиёж ва қизиқишларини тизимли ўрганиш, уларга зарур ечим топиш борасидаги ишларни янада ривожлантиришга алоҳида урғу берилган. Бу эса, шубҳасиз, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилади.
Жумладан, қарорга биноан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил қилиш орқали мамлакатимиз аёлларини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал қилишнинг ўзига хос янги тизими яратилди.
Хоразм вилоятида қирқ нафар, шаҳар ва туманларда ўн етти нафардан жами икки юз олтмиш бир нафар фаол хотин-қиздан иборат жамоатчилик кенгашлари ташкил қилинди. Энди ушбу кенгашлар вилоятимизда яшайдиган хотин-қизлар билан тизимли ва самарали иш олиб боради. Энг асосийси, зиммамизга юклатилган барча вазифани талаб даражасида уддалашга интиламиз.
Жорий йил 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Мўътабар аёлнинг иззат-икромини жойига қўймас эканмиз, қилаётган барча ишларимиз беҳуда”, дея таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда мўътабар аёлларни эъзозлаш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишнинг мутлақо янги тизими шакллантирилмоқда. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”нинг ташкил этилиши, маҳаллада “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “фуқаробай” иш олиб борилаётгани, энг аввало, хотин-қизларнинг манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилиш, уларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига мустаҳкам замин яратмоқда.
Бугунгача вилоятимизда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш мақсадида 366 минг 322 нафар хотин-қиз билан мулоқотлар ўтказилиб, 52 минг нафардан зиёд аёл ушбу дафтарга киритилди. Уларнинг 41 минг 859 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, 2 минг 936 нафари боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, 2 минг 567 нафари ижтимоий ёрдамга муҳтож, 244 нафари уй-жойини таъмирлатишга муҳтож, 100 нафари нотурар жойларда истиқомат қилаётган, 215 нафари қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз хотин-қизлар, 1 минг 548 нафари тиббий ҳимояга, 1 минг 626 нафари ҳуқуқий ёрдамга ҳамда 922 нафари психологик маслаҳатга эҳтиёжманд аёллардир.
Ўтган йили Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир шароитда яшаётган саксон нафар аёлнинг уй-жой шароитини яхшилаш учун турар жойнинг бошланғич бадали тўлаб берилган эди.
Президентимиз қарорига кўра, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилиши белгиланган бўлиб, энди вилоятимизда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш имконияти янада кенгаяди.
Хусусан, жамғарма ҳар йили АТ “Халқ банки”га юз миллиард сўм миқдоридаги маблағларни 2021 йилда Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз паст ставкада, 2022 йилдан бошлаб эса Марказий банкнинг асосий ставкасида йўналтириши мамлакатимиздаги эҳтиёжманд аёлларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, 2021 йилда Хоразм вилояти бўйича ушбу имтиёзли кредитдан 8 минг 461 нафар опа-синглимиз фойдаланиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, қарорда махсус жарроҳлик амалиёти ўтказиш орқали даволанишга муҳтож ҳамда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг даволаниши учун янги жамғармага ўттиз миллиард сўм маблағ йўналтириш кўрсатилган. Ушбу хушхабарни Хоразм вилоятидаги мазкур дафтарларга киритилган ва жарроҳлик амалиётига эҳтиёж сезаётган хотин-қизлар катта хурсандлик билан қабул қилди.
Ўтган йили пандемия даврида давлатимиз томонидан юртимиздаги юз минглаб эҳтиёжманд оилаларга моддий-маънавий кўмак берилди. Қарорда 2021 йилда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун саксон миллиард сўм, шунингдек, нотурар жойларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга турар жой ижараси компенсациясини тўлаш учун ўн бир миллиард сўм ажратилиши кўрсатиб ўтилган.
Қолаверса, 2021 йил мобайнида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида, асосан, хотин-қизлар фаолият юритадиган, ҳунармандчилик турларига ихтисослашган кластерлар фаолияти тажриба сифатида жорий этилади.
Бугунги кунда вилоятимизда 1 минг 117 нафар аёл ҳунармандчилик билан шуғулланади. Бироқ очиғини айтиш керак, уларнинг ҳаммаси ҳам ўз ҳунари ортидан кўнгилдагидек даромад топаётгани йўқ. Янги қарорда ҳунармандчиликнинг кластер асосида йўлга қўйилиши ва бу соҳа билан шуғулланадиган хотин-қизлар сафи янада кенгайиши, шубҳасиз, уларнинг даромади ошишига, ҳунармандчилик маҳсулотларининг жаҳон бозорида савдоси янада ривожланишига хизмат қилади.
Ўтган йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз тарихида илк бор кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларда тарбияланаётган қизлар учун олий таълим муассасаларига ўқишга киришда алоҳида имтиёз берилган эди. 2020 йили вилоятимиздан 50 нафар иқтидорли қиз ана шу имтиёз асосида олий ўқув юртларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, бу йил уларнинг сафи икки баробар кўпайишидан жуда мамнун бўлдик. Боиси, Хоразмда илм олиш, касб-ҳунар эгаллашга интилувчи қизлар жуда кўп. Аммо турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар туфайли аксарият иқтидорли қизларнинг бу орзуси армонга айланиб қолаётган эди. Энди ҳар бир қизнинг қалбида олий ўқув юртида таҳсил олишга иштиёқ жўш урмоқда.
Қолаверса, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни маҳаллий бюджет ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилмоқда. Бу ҳам юзлаб қизларнинг илм олиш, касб эгаллашга иштиёқини оширади, жамиятимизда зиёли аёллар сафи кенгайишига хизмат қилади. Зеро, зиёли аёл зиёли миллатни тарбиялайди.
Умуман, ушбу тарихий ҳужжатнинг ҳар бир банди мамлакатимиздаги хотин-қизларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, бахтли-саодатли турмуш кечиришини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шундай экан, воҳамиз аёллари яратилган бу имкониятдан самарали фойдаланиб, буюк Хоразмийларнинг муносиб издоши эканини исботлашига, Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишда ўз ҳиссасини қўшишига ишончим комил.
Гулсара ҚУРБОНБОЕВА,
Хоразм вилояти ҳокимининг хотин-қизлар
масалалари бўйича маслаҳатчиси,
вилоят хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси