Бундай ютуқлар юртимизда ҳам кенг оммалашаётгани қувонарли ҳол. Уларнинг салмоғини янада кенгайтириш учун замонавий технологиялар ва салоҳиятли кадрлар зарур. Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази мазкур йўналишда қатъий мақсад ва вазифаларни белгилаб олган.
— Аҳолига урологик хизмат кўрсатиш сифатини жойларда ҳам пойтахт даражасига етказишимиз шарт, — дейди марказ директори Шуҳрат Мухтаров. — Шу мақсадда Қувайт араб иқтисодий ривожланиш фондининг 3,5 миллион АҚШ долларилик маблағи ҳисобидан муассасамизга сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар келтирилиши режалаштирилган.
Марказда кам инвазив операциялар улушини 60 фоиздан 70 фоизга ошириш, мини-перкутан жарроҳлик амалиёти ҳамда ангиограф ёрдамида янги даволаш услубларни амалиётга жорий этиш ҳаракатидамиз.
Салоҳиятли кадрлар тайёрлаш учун симуляцион марказ ташкил қилиш — олдимизда турган яна бир муҳим вазифа. Бунинг натижасида кам инвазив амалиётларни барча вилоятларда кенг йўлга қўйиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни 50 фоизгача камайтириш имконияти юзага келади.
“Дренажсиз ҳаёт” дастури ҳам йирик истиқболли режаларимиздан. Ҳозир мамлакатимизда 2,5 мингга яқин киши буйрагига дренаж (найча) уланган ҳолда яшамоқда. Беморлар туғма ривожланиш нуқсонлари ёки орттирилган касалликлар асоратлари туфайли умрбод дренаж билан юришга мажбур бўлишмоқда.
Уларни алмаштириш учун ҳар бир беморга давлат томонидан йилига 24 миллион сўм атрофида маблағ сарфланади. Найча билан яшаш, нафақат беморлар, балки улар оила аъзоларининг ҳам ҳаёт сифатига таъсир қилиб, жамиятдан ажралиб қолишига сабаб бўлади.
Ҳозирги кунда марказда мураккаб жарроҳлик амалиёти ҳисобланган “Сунъий қовуқ ясаш” амалиётини татбиқ қилиш ишлари бошланган. Натижада келгуси беш йил ичида 20 фоиз юртдошларимиз бу муаммодан халос бўлишлари мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
матбуот хизмати