Айни дамда ишсиз ва вақтинча ишсиз аҳоли орасидан ихтиёрий равишда теримчилар гуруҳлари шакллантирилмоқда, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Матбуот хизмати.
Хабарда қўшимча даромад олиш истагида бўлган теримчилар Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларига барча шарт-шароитлар ҳозирланиб, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда жўнатилмоқда.
Хабарда айтилишича, теримчилар гуруҳи ишчи кучи ортиқча бўлган ҳудудлардан теримчиларга эҳтиёж сезилаётган вилоятларига жўнатилмоқда. Терилган ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча рағбат сифатида устамалар ўрнатилгани теримчиларга ўзига хос куч ва мадад бағишламоқда.
Эслатиб ўтиш жоиз, қўлда терилган ҳар бир килограмм пахтага биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўм пул тўланадиган бўлса, мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида қўшимча рағбат сифатида устамалар ўрнатилган. Шу жумладан, Жиззах вилоятида ҳам 1 килограмм пахта учун 200 сўмдан устама тўланади.
Куни кеча Наманган ва Андижон вилоятларидан теримда қатнашиш истагини билдирган юртдошларимиз Наманган темир йўл вокзалидан поездларда йўлга чиқди. 723 нафар кўнгилли учун кунига 3 маҳал иссиқ овқат, ишдан ташқари вақтларида маданий ҳордиқ чиқариш дастурлари ташкил этилади. Ишлаб топилган маблағларнинг ўз вақтида тўланиши устидан доимий назорат ўрнатилган.
Оила бюджетини тўлдириш ва қўшимча даромад олиш истаги билан Андижон вилоятининг 1055 нафар вакили ҳам Жиззах вилоятига йўл олди. Улар билан ҳам шартномалар тузилмоқда. Ушбу фуқаролар Зарбдор туманидаги “Paxtakor teks” кластер қўшма корхонаси томонидан ташкил этилган теримчилар шаҳарчасига жойлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, тузилаётган ишчи гуруҳлар таркибида пахтани териб олишда иштирок этишни истаган юртдошларимиз www.terim.uz сайтида рўйхатдан ўтиши, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жойлардаги ҳудудий бўлинмаларига мурожаат этиши ёки 71 200-06-00 ишонч телефонига қўнғироқ қилиши мумкин.