Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай -

деган лутфларида ҳам кишиларга яхшиликлар улашиш, уларнинг кўнглини шод қилишдек улуғ амаллар ифода этилган.

Инсон ҳар доим ўзига ҳамда яқинларига эзгуликларни соғиниб яшайди. Яхши кунлари кўп бўлишини, тўйлар қилиб, фарзандлари бахту камолини кўришни истайди. Бироқ турли сабаблар туфайли моддий тақчиллик ҳолатларига ҳам тушиб қолиши мумкин.

Наманган туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси Бобир Жўраевнинг таъкидлашича, вилоятда мазкур фонд томонидан бир қатор беморлар, боқувчисини йўқотган оилалар, кўп фарзандли, яшаш шароити оғир оилалар, оиласида ногиронлари мавжуд хонадонларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда эсдалик совғалари тарқатилиши мунтазам таъминланиб келинмоқда.

Фонд ходимлари томонидан “Маҳаллабай”, “Хонадонбай” ва “Фуқаробай” ишлаш тизими асосида моддий қийинчиликка учраганлар аниқланиб, эҳтиёжлари учун зарур бўлган озиқ-овқатлар ҳамда эсдалик совғалари топширилиши одатга айланган.

Наманган туманининг Қоракўл маҳалласида яшовчи Робахон Ҳожиакбарова кам даромадли оиладан бўлганлиги сабабли маҳаллада “Темир дафтар” рўйхатига киритилган, 4 нафар вояга етмаган фарзанди бор. 2020 йилда турмуш ўртоғининг акаси Олимжон Ҳожиакбаров, сўнг қисқа муддат ичида унинг турмуш ўртоғи Дилбархон Ҳожиакбарова касаллик туфайли вафот этишди, уларнинг 2 нафар фарзандини Р. Ҳожиакбарова васийлик орқали қарамоғига олди. Ўз қарамоғидаги 4 нафар вояга етмаган фарзанди билан ҳозирда яна икки нафар бола тарбиясини зиммаларига олишди.

Р. Ҳожиакбарова яшаш шароитидан нолимайди, турли идораларга ёрдам сўраб мурожаат этмайди. Аксинча, эрта тонгдан тун ярмига қадар меҳнат қилиб, фарзандларини ҳалол луқма билан боқишга интилади.

Наманган туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда “Қоракўл” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан Р. Ҳожиакбарованинг турмуш аҳволи ўрганилганда уйининг томидан чакка ўтиши, деворлари нураганлиги маълум бўлди. Ёғин-сочин ва совуқ кунлар бошланишидан аввал Р. Ҳожиакбарованинг хонадонини таъмирлаш мақсадида хайрия жамоат фонди 5 тонна арзик, 30 дона шифер ва 20 дона фанер билан таъминлаб берди. Шунингдек, маҳалладошларнинг ҳашари уюштирилиб, чакка ўтаётган том қопламаси алмаштирилди, хоналар шифтига фанер қадалиб, деворлари арзик билан сувоқ қилинди.

— 2020 ва 2021 йил оиламиз учун синовли бўлди. Қайиним ва унинг турмуш ўртоғи кетма-кет хасталик туфайли вафот этишди. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, уларнинг ўғли ва қизини васийликка олдик. Нолимайман, рўзғор қилиш ва болаларнинг мактабда ўқишлари учун тинмай ҳаракатдамиз, — дейди Робахон Ҳожиакбарова. — Маҳалламиз раиси Зумрадхон Исақовага раҳмат, имконият даражасида масъулларни бизга моддий ёрдам кўрсатишга ундамоқда. Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида туман ҳокимлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ходимлари хонадонимизга ташриф буюриб, таъмирталаб ҳолатдаги уй-жойларимиз учун керак бўлган қурилиш ашёлари олиб беришди. Маҳалладаги қўшниларни ҳашарга жалб қилиб, таъмирлаш ишларини кўнгилдагидек бажариб кетишди. Бундан жуда ҳам хурсандмиз, барча ташкилотчи-мутасаддиларга чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз.

Наманган вилоятида шундай хайрия ишлари давом эттирилмоқда.

Орифжон ЖЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири