Танлов Британия Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “ChangeSchool London” билан биргаликда ташкил этилди. Танлов натижаларига кўра, Тошкент Давлат техника университети “Йилнинг тадбиркор университети” мукофоти ғолиби, деб топилди.

Танловда Британия Кенгашининг “Creative Spark” дастури иштирокчилари бўлган Ўзбекистоннинг 11 та етакчи университетлари саккизта номинация бўйича иштирок этди. Ғолибларни танлаш Буюк Британиянинг етакчи тадқиқот марказларининг ижодий иқтисодиёт мутахассислари томонидан амалга оширилди.

Танловнинг тақдирлаш маросимида Ўзбекистондаги Британия Кенгаши директорининг ўринбосари Жамиля Ғуломова нутқ сўзлаб, “Ушбу ташаббус — лойиҳа жамоаларининг биргаликдаги ишларини намойиш этиш ва биргаликда қилинган меҳнатнинг самараси учун ажойиб имконият. Тадбирда университетларнинг иштирок этиши жуда муҳим, чунки у ижодий фикрлаш, кооперация ва тармоқни ривожлантиришга ёрдам беради. Қолаверса, иқтисодий ривожланиш, иш билан таъминлаш ва янги корхоналар яратилишини қўллаб-қувватлайди”, — дея таъкидлади.

ТДТУ “Йилнинг тадбиркор университети” танловида бирданига учта номинация бўйича ғолиб бўлди. Улардан бири — “Йил мукофоти” номинацияси.

2019 йилдан бошлаб ТДТУ ҳар йили талабалар учун “Start up” танловини ўтказиб келмоқда. Шунингдек, университет 2019 йилги танлов ғолиблари билан ҳамкорликда ўзларининг 3D-принтер моделини йиғган UZDELTA жамоаси мактаблар учун асбоблар ва намойиш материаллари ҳамда 3D принтерда босилган тиббиёт ходимлари учун технологик ниқоблар яратадиган завод очишни режалаштирган.

ТДТУ энергия танқислиги ва углеродсиз иқтисодиёт муаммоларини ҳал қилиш учун мутахассисларни тайёрлайдиган янги “Муқобил энергия манбалари” ўқув дастурини жорий қилганлиги учун “Яшил университет” номинациясида ҳам мукофотни қўлга киритди.

Танлов иштирокчилари орасида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти “Тўқимачилик” номинацияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Таъсир” номинацияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти “Ўқув дастурида тадбиркорлик” номинациясида ғолиб, деб топилди.

Маълумот учун, Тадбиркорлик университети мукофоти — бу Ўзбекистонда биринчи маротаба ўтказилаётган тажриба лойиҳасидир ва университетларга тадбиркорликни ўргатиш, корхоналарда ўқитиш, талабалар марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, саноат билан боғланиш, экотизим ва жамоаларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар учун берилади. Ушбу ташаббуслар тадбиркорлик, ўқувчиларда мураккаб муаммоларни ҳал қилиш салоҳияти, билим мослашувчанлиги, ижодкорлик ва танқидий фикрлаш қобилиятларини ривожлантиради.