Ушбу форум глобал иқтисодиётнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда замонавий ечимларни топиш учун ноёб платформадир.
«Ўзбекистон Республикаси илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш халқаро Зиё Форум фонди» директори Бобур Фарманов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ушбу форумда иштирок этди. Форумнинг асосий сессиясида Зиё Форум халқаро фонди директори сўзга чиқди. Бобур Фарманов ўз нутқида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган таълим тизимидаги ислоҳотлар, талабаларга бериладиган имтиёзлар ва меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган катта саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб берди. «Бизнинг мақсадимиз юртимизда ҳар бир ёш сифатли таълим олиши учун қулай бўлган шарт-шароитларни яратишдир». – деди Бобур Фарманов.
Форум доирасида иқтисодиёт, маданият, спорт ва ижтимоий сиёсат соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ва шартномалар имзоланди. Хусусан, форум давомида BRIKS+ савдо-саноат (Ҳиндистон), ШҲТ аъзо давлатларнинг Хитой технологиялар трансфери маркази, BRIKS маркази (Бразилия), Value Makers Studio (Саудия Арабистони), China Guanghua фан ва технологиялар жамғармаси, OBM Foundation (Mиср), Nahdet Misr Publishing group (Mиср), Миллий инновация фонди (Ҳиндистон), Ўзбекистон Республикаси илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш Зиё Форуми фонди (Ўзбекистон) каби 8 та давлатдан келган ташкилотлар томонидан BRICS+ «Жамғармалар лигаси»ни ташкил этиш қарори бир овоздан қабул қилинди.
Лиганинг асосий мақсади халқаро миқёсда, илм-фан ва таълим соҳасини ривожлантиришга кўмаклашиш, муҳандислик ва касбий кўникмаларга эга малакали кадрларни тайёрлаш, келажакдаги муаммоларни халқаро ҳамкорлик ва ресурслар алмашиш орқали биргаликда аниқлаш ва ҳал қилишдан иборат.
«Жамғармалар лигаси» — бу дунёда аналоги мавжуд бўлмаган ноёб лойиҳа. Ушбу ташкилот ягона тизимга айланади, бунинг натижасида мамлакатлар илм-фан ва таълим соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш дастурларига алоҳида эътибор қаратади. Қолаверса, «лига»га аъзо ташкилотлар ёшларга сифатли таълим олиши учун умумий саъй-ҳаракатларини йўналтириши мумкин бўлади», — дея таъкидлади Ўзбекистон Республикаси илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш халқаро фонди директори Бобур Фарманов.
Шартномаларни имзолаш маросимидан сўнг «Келажак бошида. Қандай қилиб фондлар ҳамкорлиги BRIKS мамлакатлари салоҳиятини оширишга ёрдам беради» мавзусида сессия бўлиб ўтди. Сессия давомида BRIKS + ва ШҲТга аъзо давлатлар вакиллари ўз давлатларида илм-фан соҳасини қамраб оладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тажрибасини муҳокама қилдилар, молиялаштиришдан тортиб зарур инфратузилмани яратишгача бўлган жиҳатларни қамраб олувчи илмий тадқиқотлар ва таълим дастурларини рағбатлантиришга қаратилган стратегия ва амалиётлар ҳақида фикр алмашдилар. Бундан ташқари, иштирокчилар илм-фан ва таълимни ривожлантириш шароитларини яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, жумладан, молиялаштиришни кенгайтириш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва турли таълим ва илмий муассасалар ўртасида самарали ўзаро таъсир механизмларини яратиш муҳимлигини таъкидладилар.
Сессия давомида, эндиликда, ҳар йили ўтказиладиган BRIKS+ Future Makers Award халқаро мукофоти эълон қилинди. Мукофот BRIKS, МДҲ ва ШҲТ мамлакатларидан иқтидорли ёш олимлар ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган. У келажакдаги глобал муаммоларни ҳал қилишга ҳисса қўшиши мумкин бўлган ёш олимларнинг халқаро илмий ҳамжамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга ёрдам беради.
«Жамғармалар лигаси»га аъзо давлатлар ушбу ҳамкорлик илм-фан ва таълимни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам деб ҳисоблайди.