Жорий йилнинг 28 сентябрь куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва “Societe Generale” банки (Франция) вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Ушрашувда банк раҳбарияти Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖда амалга оширилаётган трансформацион ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Томонлар жорий бозор конъюнктурасини, қарз капитали бозорларини, геосиёсий вазиятнинг фоиз ставкаларига таъсирини муҳокама қилиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ўтган йилнинг ноябрь ойида 700 млн доллар миқдоридаги дебют еврообондларнинг 7 йил муддатга ўз вақтида ва муваффақиятли жойлаштирилишини алоҳида эътироф этдилар.

Шу билан бирга, “Societe Generale” вакиллари банки жорий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини ва кредит рейтингини янгилаш, ESG-рейтингини олиш учун маслаҳат хизматларини кўрсатиш имконияти бўйича маълумотларни тақдим этди.

Ҳозирги юқори ўзгарувчанликни ҳисобга олган ҳолда, мутахассислар жаҳон бозоридаги тенденцияларни батафсил ўрганиш ва молиялаштиришни жалб қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда, ҳар томонлама ўлчовли ёндашувни қўллашлари муҳимлигини таъкидладилар.

Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари ESG кун тартиби доирасида барқарор ривожланиш ва корпоратив ислоҳот мақсадларига эришиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар, шунингдек, компания фаолиятига хатарларнинг таъсирини камайтириш бўйича маслаҳатчилар билан фаол иш олиб борилаётганига тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида, "Societe Generale” банки вакиллари корпоратив маданиятни яхшилаш, ESG ҳисоботларини жорий этиш, молиявий ҳисоботларнинг рентабеллигини тизимлаштириш, шунингдек, қарз портфелини оптималлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни давом эттиришни тавсия қилди.

Маълумот учун: "Societe Generale” банки — француз молиявий конгломерати, Франциянинг энг йирик банкларидан бири ҳисобланади ва активлари бўйича дунёдаги энг яхши 20 таликка киради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати