БМТ маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи тоза ичимлик суви етишмайдиган ҳудудларда яшайди. 2025 йилга келиб ҳар 10 кишидан 6 нафари ёки 5,5 миллиард аҳоли чучук сув танқислигидан азият чекиши мумкин. Мазкур муаммога қўшимча равишда таъкидлаб ўтиш жоизки, юқумли касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи айнан ичимлик сув сифатининг пастлиги ҳамда сув таъминотида санитар–гигиеник қоидаларнинг бузилиши билан боғлиқ. Табиийки, бу глобал муаммо инсониятнинг тўкис ҳаёт кечиришига, келажак тараққиётга ўз таъсирини ўтказмоқда.
Шу боис, жаҳон ҳамжамияти инсоният эътиборини доимий равишда мазкур муаммога қаратиб келаётир. Сайёрамизда ҳар йили 22 март – Бутунжаҳон сув куни сифатида нишонланиши замирида ҳам шу мақсад мужассам.
Аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш мамлакатимиз учун ҳам ўта долзарб масаладир. Президентимизнинг 2018 йил 30 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги долзарб вазифаларни амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур қарорда белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилиши натижасида биргина 2020 йилда мамлакатимизда марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 3, 4 триллион сўм ёки 2017 йилга қиёслайдиган бўлсак, ўн баробар кўп маблағ ажратилди. Бу маблағдан мақсадли фойдаланилиши натижасида аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 73 фоизга етказилди.
Айни кунларда Тошкент вилояти шаҳар ва туманларининг ичимлик сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш, Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилояти ичимлик сув таъминоти тизимини яхшилаш, Бухоро вилояти Олот ва Қоракўл туманлари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, Оқсув–Деҳқонобод сув қувури қурилиши орқали Деҳқонобод тумани аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
— Сўнгги 4 йилда сув тармоқларида реконструкция ишлари тўрт баробарга ортган. 2017 йилда 1115 киломерт сув тармоғи модернизация қилинган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 4109 километрга етди, – деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров. – Бугунги кунда жамиятимизнинг бошқа соҳалари каби аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш йўналишидаги ишларни ташкил этиш борасида ҳам янги тизим яратилди. Охирги 4 йилда соҳага 4 триллион сўмдан ошиқ маблағ йўналтирилди. Бунинг натижасида қарийб 3 миллион аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2006 –2016 йилларда, яъни ўн йил ичида 2 миллион аҳолига тоза сув етказиб берилган эди.
Ҳозирги кунда обиҳаёт таъминоти бўйича шароити оғир бўлган уч минг уч юздан ортиқ маҳалладаги ҳолат ўрганилмоқда. Аҳолини марказлашган сув билан таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган дастурлар аввал депутатлар, кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Улар томонидан тасдиқлангач, амалий ишлар бошланади. Шу кунларда бошқа соҳалар каби марказлашган сув таъминотини ташкил этишга қаратилган ишлар ҳам маҳаллабай, хонадонбай тизимда ташкил этиляпти. Сув тармоғи хонадонларгача олиб кирилиб, ҳисоблагич ҳам ўрнатиб берилмоқда.
Шу кунларда Қибрай туманидаги Қодирия сув тозалаш ва таъминлаш иншоотида қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этяпти. Ҳозирда Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Тошкент туманлари аҳолисининг олтмиш фоизи тоза ичимлик сув билан таъминланган бўлса, янги лойиҳа ишга тушгач бу кўрсаткич 92 фоизга етади.
Аҳолини марказлашган тарзда обиҳаёт билан таъминлаш бўйича яна бир йирик лойиҳа Бухоро вилоятининг Олот туманида амалга оширилмоқда. Бу ерда суткасига 50 минг куб метр сувни тозалаб аҳоли етказиб берадиган иншооти қуриляпти. Жаҳон банкининг қиймати 139 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳаси якунланиб, сув иншооти ишга тушгач, Олот ва Қоракўл туманларида истиқомат қиладиган 267 минг аҳоли марказлашган тарзда обиҳаёт билан таъминланади. Бу юртимизнинг чекка ва экологик шароити нисбатан мураккаб бўлган ҳудуди аҳолиси учун жуда катта қулайликдир.
Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида шу пайтгача бор йўғи икки фоиз аҳоли марказлашган ичимлик сув тармоғидан фойдаланиб келган. Туманда жадаллик билан амалга оширилаётган қиймати 252 миллиард сўмга тенг Оқсув –Деҳқонобод тоза сув таъминоти лойиҳаси амалга оширилгач, Деҳқонобод туманининг 78 фоизи ёки 116 та қишлоқдаги 112,8 мингдан ортиқ аҳоли ичимлик сув билан таъминланиши кўзда тутилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Оқсув –Деҳқонобод сув тармоғи жуда мураккаб шароитда барпо этиляпти. Яъни, сув тармоқлари баланд тоғликлардан аҳоли яшаш ҳудудларигача бўлган узоқ масофага тортиб келинмоқда. Айтишларича, бу лойиҳа анча мураккаб бўлгани боис, илгарилари бир неча бор лойиҳалаштирилган, бироқ амалга ошмай қолиб кетган. Бугунги кунда жамиятимизда инсон манфатлари барча нарсадан устун қўйилиб амалга оширилаётган эзгу ислоҳотлар туфайли бундай мураккаб лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишнинг ҳам оқилона ечими топилаётгани аҳолини беҳад мамнун этмоқда.
Зарафшон дарёсидан Жиззах вилояти аҳоли пунктларига сув етказиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа ҳам бугунги яратувчилик ва бунёдкорлик ишларимизнинг муҳим кўзгусидир. Ушбу лойиҳа доирасида суткасига юз минг куб метр сув тозалаш қувватига эга Узунбулоқ сув тозалаш иншоотида қурилиши ишлари якунига етмоқда. Бу ерда замонавий технологиялар асосида тозаланган сув Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик, Шароф Рашидов, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳригача етиб боради ва 600 минг аҳолининг марказлашган тоза ичимлик сув таъминоти яхшиланади. Жумладан, 65 та қишлоқ аҳолиси ҳам тоза сувдан баҳраманд бўлади.
— Бу лойиҳани амалга ошириш учун жуда мураккаб ишлар бажариляпти, – дейди жиззахлик меҳнат фахрийси Саъдулло Шукуров. – Зарафшон дарёсининг суви 100 метр юқорига кўтарилиб сув иншоотига йўналтирилмоқда. Бунинг учун катта маблағ ва ресурслар сарфланаётир. Халқ манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган бу ишларнинг аҳамиятини барчамиз тўлиқ англаб, сувнинг ҳар томчисини тежаш асосий вазифамизга айланмоғи лозим.
Аҳолини обиҳаёт билан таъминлашдек бундай хайрли ишлар бу йил ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Бу йилги инвестиция дастурида бу тадбирларга 1 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. “Ўзсувтаъминот” АЖ дан маълум қилишларича, бу маблағ биринчи навбатда амалга оширилаётган лойиҳаларни якунига етказишга йўналтирилади. Қолаверса, маҳаллабай ўрганиш давомида ишлаб чиқилган янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига, жорий йилда яна 700 минг аҳоли илк бор тоза ичимлик суви таъминотига эга бўлади.
Сўнгги йилларда жадаллик билан амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар халқимиз ҳаётига янги маъно-мазмун бахш этиши баробарида халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилаётгани юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзига хос эътирофидир. Хусусан, экология кўрсаткичлари халқаро рейтинг агентлиги хулосасига кўра, мамлакатимиз 2021 йилда сув сифати бўйича жаҳон мамлакатлари рейтингида 58- ўринни эгаллади. 2016 йилда бу борада 136-ўринда бўлганимизни назарда тутсак, ўсиш суръатлари яққол намоён бўлади. Экспертлар бу рейтингни тузишда ичимлик сувининг сифати ва аҳолини қамраб олиш даражасини асосий мезон этиб белгилаган.
Юртимизда бундай хайрли ишлар кун сайин кенгаймоқда. Унинг натижалари эса аҳолининг саломатлик кўрсаткичи яхшиланаётгани, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларида яққол кўзга ташланаётир.
Баҳор ХИДИРОВА,
"Янги Ўзбекистон” мухбири