— Барча бинолар, йўлаклар, бассейн, ўйингоҳ тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бунинг учун 400 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди, — дейди оромгоҳ раҳбари Баҳодиржон Холмирзаев. — Тарбиячилар, ошпазлар, тўгарак раҳбарлари ва шифокорлар билан болажонларни қучоқ очиб кутиб олдик. 12 кун давомида уларнинг мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун ҳамма шароит етарли. Фаолият бошлашимизда кўмаклашган вилоят ва туман ҳокимлиги, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларига миннатдорчилик билдирамиз.
Карантин қоидаларига биноан 120 ўринга мўлжалланган оромгоҳга ҳар сменада 80 нафардан дам олувчи қабул қилинади. Болалар тўрт маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Шунингдек, турли қизиқарли ўйинлар, спорт мусобақалари, кўнгилочар тадбирлар болажонларнинг кўнгилдагидек дам олишларига замин яратади.
Бу йил Фарғона вилоятидаги 19 та оромгоҳда 12 минг 700 нафар, мактаблар қошида ташкил этиладиган 127 та кундузги оромгоҳда 21 минг 100 нафар бола дам олиши режалаштирилган.
Расулжон КАМОЛОВ.