Бухоро вилоятининг олис чўл ҳудудларида йўқолиб кетиш хавфи остида турган ва ноёб бўлган йўрға тувалоқларни қўйиб юбориш анъанага айланган.

Ҳар йили 3-4 мингга яқин қушлар Бирлашган Араб Амирликларига қарашли бўлган "Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази"да кўпайтириляпти. Маълумотларга кўра, бу ерда инкубация усулида етиштирилаётган тувалоқлар ёввойи табиатда яшаш, ўзларининг озуқаларини топиш, йиртқич ҳайвонларни таниб олиш ва улардан ўзларини ҳимоялаш кўникмаларига ҳам эга бўлишади.

Маълумот учун, тувалоқ қуш наслчилик маркази 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, биринчи наслдор қушларни чиқариш учун тухумлар вилоят ҳудудидаги чўллардан йиғиб олинган эди. Табиатга ҳеч қандай таъсир ўтказмаган ҳолда тухумлар мавсумда имкон қадар эрта тўпланди.

Лойиҳа илмий далилларга мувофиқ, яъни тутқинликда кўпайтириш ва озод қилиш рақамлари билан барқарор тамойилга асосланган. Қушларнинг қўйиб юборилиши ҳар йили эрта баҳорда ёки кузда, сентябрь ойининг ўрталарида амалга оширилади. Бу йилги куз мавсумида тувалоқларнинг 1500 тасини тур учун мақбул деб ҳисобланган ҳудудларга қўйиб юборилди.

Аҳамиятли томони, тувалоқларга уларнинг тарқалиши, омон қолиши ва ёввойи популяцияга интеграциялашувини вақти-вақти билан ўрганишни давом эттириш учун сунъий йўлдош трансмиттерлари ўрнатиб чиқилган.

Албатта, бугунги кунда истиқболли лойиҳани амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этяпти.

Бухородаги ушбу марказда келгусида қуш турларини кўпайтириш, ноёб саналган жонзотларни она табиат бағрига қўйиб юбориш, бу орқали флора ва фауна дунёсини қайта тиклаш бўйича ҳам режалар ишлаб чиқилмоқда.