Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида айни пайтда тутзорларни янгиланаяпти, янги тутзорлар барпо қилинмоқда.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳи айни кунда республикамизнинг барча ҳудудида бўлиб, бу борада қилинаётган ишларга амалий кўмак бермоқда.
Жойларда мутахассислар томонидан ўтказилаётган амалий семинарларда янги тутзорлар ташкил этиш, мавжудларида мавсумий агротехник чора- тадбирларни амалга ошириш борасидаги муаммолар ўрганиляпти.
Бугунга кунда тутзорлар майдони 52, 4 минг гектарга, якка тут қаторлари эса 79, 9 минг тупга етказилди. Тармоқдаги тутчилик хўжаликларида жорий йилда 119, 9 минг туп тут кўчати ва ниҳоллари етиштирилди.
Жорий йил баҳорги тут экиш мавсумида 48,7 миллион туп тут кўчатлари ўтказилиб,янгидан барпо этилган тутзорлар 3 минг 648 гектарни ташкил қилди. Кузги тут экиш мавсумида 1341 гектар янги тутзорлар барпо этилиб, 66,7 миллион туп тут кўчатлари экиш режалаштирилган.
Айни кунларда, Республикамизнинг Андижон , Бухоро , Жиззаҳ, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида тут кўчати экиш ва унга агротехник ишлов бериш бўйича ўқув-амалий семинарлар ўтказилди. Қолган вилоятларда ҳам шундай семинарлар ташкил этилмоқда. Жонли мулоқот тусини олаёган учрашувларда муаммо ва камчиликлар таҳлил этиляпти. Пилла етиштирувчи фермер хўжаликлари ва касаначиларни кўпроқ соҳада жорий этилаётган янгилик ва ўзгаришлар қизиқтираяпти.
Гулчеҳра Мирзаева,журналист