Дунёнинг 65 давлатидан 260 нафар ўқувчи қатнашган халқаро мусобақада 4 ватандошимиз мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди.
— Пандемия туфайли икки йилдан буён халқаро кимё олимпиадаси онлайн ўтказиляпти. Шу боис, ўқувчилар фақат масала ишлаш билан чекланяпти. Илгари офлайн шароитда, мусобақа шартига кўра, иштирокчидан лаборатория ишини бажариш ҳам талаб этиларди, — дейди терма жамоа раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Ортиқбой Эшонқулов. — Иштирокчиларга тўққизтадан масала берилди. Вакилларимиздан бири тўлиқ, қолганлари қисман ишлашга муваффақ бўлди. Шундай бўлса-да, бирорта ҳам вакилимиз совринсиз қолмади. Бу ўтган йиллардагига нисбатан яхши кўрсаткич ҳисобланади.
Кучли рақобат муҳитида кечган нуфузли мусобақа якунига кўра, Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ўқувчиси Собиржон Омонов олтин, Бухоро шаҳридаги 35-мактаб ўқувчиси Фирдавс Собиров, Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари Дурдона Мухторхўжаева ҳамда Икромиддин Боймаҳаммадов бронза медалга муносиб топилди.
— Бу халқаро фан мусобақаларидаги учинчи иштироким. Олдин икки марта Халқаро Менделеев олимпиадасида қатнашиб, бронза ва кумуш медални қўлга киритганман. Бу галги уринишим олдингиларидан муваффақиятли чиқди. Бундан ота-онам, устозларим жуда хурсанд, — дейди олтин медаль соҳиби Собиржон Омонов. — Одатда, Халқаро Менделеев олимпиадаси саволлари бир хил мураккабликда бўлади. Лекин халқаро кимё олимпиадаси топшириқлари, беллашувни ўтказган давлатнинг таклифига қараб, турли савияда бўлиши мумкин. Япония — илм-фанда илғор давлатлардан бири. Шунинг учун ташкилотчи тақдим этган масалалар ҳам шу даражага мос бўлди. Кимёнинг физика ва математика билан боғлиқ жиҳатлари акс этган масалалар берилди. Шунга қарамай, топшириқларни аъло даражада бажариб, бизга билдирилган ишончни оқладик
* * *
Индонезия ташкилотчилигида ўтказилган 27-халқаро математика мусобақасида ҳам вакилларимиз бошқа давлат ёшларидан билим ва заковатда кам эмаслигини исботлади. Иштирокчилар мусобақада якка ҳамда жамоавий тартибда қатнашиб, икки ёш тоифасида билимларини синовдан ўтказди. Жараёнлар ZOOM платформаси орқали ташкилий қўмита томонидан кузатиб борилди.
Мусобақа якунига етгач, ўқувчиларнинг ишлари жамоа раҳбарлари томонидан сканердан ўтказилиб, ташкилий қўмитага юборилди.
Дунёнинг 36 давлатидан ёш математиклар иштирок этган мусобақа якуний натижаларига кўра, яккалик баҳсларида ўқувчиларимиз 4 та кумуш, 2 та бронза медални қўлга киритди. Жамоавий баҳсларда эса кичик ёшлилардан иборат терма жамоамиз 4 та бронза медаль билан 3-ўринни эгаллади.
Катта ёшлилар тоифасида иштирок этган ўқувчиларимиз 4 та кумуш медаль билан 2-ўринга муносиб кўрилди. Бу ютуқлар юртимизда илм-фан янги босқичга чиқаётгани, бир пайтлар дунёга машҳур бўлган аниқ ва табиий фанлар бўйича илмий мактаблар фаолияти жонланаётганидан далолат беради.