Ушбу нотада Грузиянинг “Туризм тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб Грузия ҳудудига туристик мақсадларда кирадиган барча чет эл фуқаролари амалдаги тиббий суғурта полисига, қоғоз ёки электрон шаклда расмийлаштирилган ва грузин ёки инглиз тилида мавжуд бўлган бахтсиз ҳодисалардан суғурталашга эга бўлишлари шартлиги маълум қилинган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Суғурта полиси Грузиядаги ёки хорижий суғурта компанияси томонидан берилиши мумкин. Бунда энг кам суғурта суммаси камида 30 минг грузин ларига (1 минг 154,88 АҚШ доллари) тенг бўлиши керак.

Суғурта полиси мажбурий тартибда қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

  • суғурта шартномаси томонлари;
  • суғурталанган ҳудуд;
  • суғурта предмети;
  • суғурта қопламасининг бошланиш ва тугаш саналари;
  • суғурталанган рисклар;
  • суғурта суммаси миқдори (жавобгарлик лимитлари);
  • суғурта мукофотининг миқдори, уни тўлаш жойи ва шартлари.

Полис туристнинг Грузия ҳудудида бўлган бутун даврини, шу жумладан, кириш ва чиқиш саналарини қамраб олиши керак.

Қуйидаги тоифадаги шахслар суғурта полиси мавжуд бўлишини мажбурий талаб қилишдан озод этилади:

  • дипломатик ва махсус виза эгалари;
  • дипломатик, хизмат, расмий ва махсус паспорт эгалари;
  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган тузилмаларнинг аккредитация қилинган ходимлари ҳамда уларнинг аккредитация қилинган оила аъзолари;
  • Грузияга кириши Грузиянинг халқаро шартномалари ва битимларига мувофиқ амалга ошириладиган шахслар;
  • автомобилда халқаро юк ва йўловчи ташишни амалга оширувчи ҳайдовчилар.

Элчихона ушбу маълумотни Ўзбекистондаги вазирлик ва идоралар ҳамда фуқароларга белгиланган тартибда етказиш, уларга давлат чегарасини кесиб ўтишда юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликларнинг олдини олиш учун Грузия қонунчилиги талабларига мувофиқ суғурта полисларини олдиндан расмийлаштиришни тавсия қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.