Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълум қилди.
Танловда чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш, шунингдек, ободонлаштириш бошқармаларида тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ишчи-ходимлар қатнашади.
Танловнинг 100 нафар ғолиби давлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган фарзанди ёки невараси учун бир йиллик контракт тўлови билан рағбатлантирилади.
Бунда қоплаб бериладиган контракт тўлови миқдори БҲМнинг 30 бараваридан ошмаслиги белгиланган. Имтиёздан фойдаланган талабалар келгусида давлат органлари ва ташкилотларида камида 3 йил ишлаб бериш мажбуриятини олади.
Танлов учун аризалар 1 сентябрдан 1 октябрга қадар санитар тозалаш корхоналари ва ободонлаштириш бошқармаларида қабул қилинади.
Аризага номзоднинг паспорт ёки ID-карта нусхаси, 3×4 ўлчамдаги рангли фотосурати, маълумотнома, сўнгги уч йилдаги фаолияти ва натижаларини акс эттирувчи тавсифнома, фарзанди ёки невараси давлат ОТМда контракт асосида таҳсил олаётганини тасдиқловчи маълумотнома ва шартнома нусхаси, шунингдек, қариндошликни тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Танловнинг асосий мақсади кўп йиллар давомида тозалаш ва ободонлаштириш соҳасида ҳалол ва фидокорона меҳнат қилиб келаётган ходимларни муносиб рағбатлантиришдан иборат.