Осиё чемпионатида қитъамизнинг 21 мамлакатидан жами 352 боксчи баҳсларда иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон шарафини ўсмирлар ўртасидаги жангларда 25 нафар, ёшлар ўртасида эса 24 нафар, жами 49 нафар спортчимиз ҳимоя қилмоқда.

Мусобақа ўсмирлар ўртасида 2006-2007 йилларда, ёшлар ўртасида эса 2004-2005 йилларда таваллуд топган боксчилар ўртасида ташкил этилган. Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати доирасида қизлар ярим финал жангларида рингга кўтарилди ва финалчиларни аниқлаб беришди. Ушбу босқичга Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 11 нафар аъзоси етиб келган бўлса, улардан 9 нафари финал йўлланмасини қўлга киритди. Яна икки нафар қизимиз эса бронза медалини нақд қилди.

Қуйида ёшлар (қизлар) ўртасида Осиё чемпионати финалига йўл олган спортчиларимиз билан танишинг:
-48 килограмм: Саидахон Раҳмонова,
-50 килограмм: Робияхон Бахтиёрова,
-52 килограмм: Мунаввар Фозилова,
-54 килограмм: Раъно Муратбаева,
-60 килограмм: Мухлиса Тохирова,
-63 килограмм: Сетора Баҳодирова,
-70 килограмм: Азиза Зокирова,
-81 килограмм: Олтиной Сотимбоева,
+81 килограмм: Саҳобат Ҳусанова.
-57 килограмм вазн тоифасидаги қизимиз Рухшона Ўктамова таиландлик рақибасига имкониятни бой бериб қўйган бўлса, -66 килограмм вазн тоифасидаги вакиламиз Феруза Алижонова ҳам афсуски, қозоғистонлик рақибасига ютқазди ва ҳар икки боксчимиз бронза медалини нақд қилди.