Шунингдек, “лайк” тўплаш, обуначилар сонини ошириш ёки турли контент орқали эътибор қозониш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этиш, уни тасвирга олиб интернет тармоқларида тарқатиш орқали қонун-қоидаларни менсимасликни тарғиб этганлик учун ҳам маъмурий жарима қўллаш назарда тутилмоқда. 

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишида биринчи ўқишда муҳокама қилинган.

Қонун лойиҳаси ташаббускори депутат Хушвақт Хайитовнинг ёзишича, ижтимоий тармоқларда мазкур қонун лойиҳаси нотўғри талқин қилинмоқда

Гўёки, “лайк” тўплаш, обуначилар сонини ошириш ёки турли контент орқали эътибор қозониш мақсадида амалга оширган ҳаракати учун жавобгарлик белгиланмоқда, тарзида талқин қилиниб, маълумотлар тарқатилди. 

Биринчидан, лойиҳа билан “лайк” тўплаш, обуначилар сонини ошириш учун жавобгарлик белгиланаётгани йўқ. Бу ерда шахснинг ўзи содир этган ҳуқуқбузарлигини ўзи Интернетда тарқатганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда. 

Ҳозирги кунда ёшлар орасида осон йўл билан “машҳурлик”ка эришиш мақсадида ўз ҳуқуқбузарликларини (кўпинча, йўл ҳаракати қоидаларини, жамоат тартибини ва одоб-аҳлоқ талабларини бузиш) видеога олиб, Интернетда тарқатиши оммалашиб бормоқда. Бу ҳаракатлари билан улар жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликни, ҳуқуқбузарликлар содир этишни тарғиб қилмоқда. 

Ушбу ҳолатларда шахс фақат содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликка тортилади. Аслида унинг иккинчи ҳаракатида, яъни ушбу ҳуқуқбузарлигини тарғиб қилганликнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори.

Чунки, бунинг оқибатида ёшларда жазо муқаррарлигига шубҳа уйғонади, жамиятда шундай ҳаракатлар содир этиш обрў олиб келиши мумкинлиги тўғрисида янглиш таассурот пайдо бўлади ҳамда деструктив оммавий маданият шаклланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўзининг ҳуқуқбузарлигини, қонунларни менсимаслигини тарғиб қилганлик учун жавобгарлик белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Иккинчидан, ушбу тақиқ бадиий асарлардаги ёки юмористик йўналишдаги қисқа видеоларда акс эттирилган ва ҳақиқий ҳаётда содир этилмаган ҳуқуқбузарликлар видеосини тарқатганликка татбиқ этилмайди.

Учинчидан, алоҳида таъкидлаш лозимки, бошқа шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик акс этган материалларни, шу жумладан бу ҳақда тегишли органларга хабар бериш мақсадида тарқатганлик учун ҳеч қандай жавобгарлик назарда тутилмаяпти.