Йиғилиш аввалида жорий йилнинг биринчи чорагида эришилган макроиқтисодий натижалар кўриб чиқилди. Хусусан, ялпи ички маҳсулот 8,7 фоизга, саноат 8 фоизга, хизматлар 16,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,1 фоизга ўсди. Экспорт 5,8 миллиард долларни, хорижий инвестициялар ҳажми 13,7 миллиард долларни ташкил қилди. Инфляция йиллик ҳисобда илк бор 7,1 фоизгача пасайди.
Бунинг ҳисобига январь-март ойларида бюджет даромадлари ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпайиб, 103 триллион сўмга етди. Маҳаллий бюджетларда қўшимча 2 триллион 200 миллиард сўм маблағ шаклланди. Муҳими, шундан 1 триллион 400 миллиард сўми туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилди.
Давлатимиз раҳбари иқтисодиётни халқаро миқёсда янги босқичга олиб чиқиш учун тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Жумладан, келаси ой 2 миллиард 400 миллион долларлик давлат активларининг 30 фоизи илк бор халқаро фонд бозорларига чиқарилиши қайд этилди. Бу Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилиб, 13 та стратегик корхона бошқаруви нуфузли “Franklin Templeton” компаниясига берилгани билан боғлиқ.
Ўтган ҳафта Халқаро валюта жамғармаси эълон қилган ҳисоботда юқори иқтисодий фаоллик орқали Ўзбекистон кучли ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолаётгани қайд этилгани таъкидланди. Шунингдек, жорий йил мамлакатимиз нуфузли “Иқтисодий эркинлик индекси”да 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди.
Шу билан бирга, Президентимиз биринчи чоракдаги натижаларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка берилиш мутлақо нотўғри эканини таъкидлади. Глобал зиддиятлар, қарама-қаршиликлар ва етакчилик учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги шароитда дунё иқтисодиёти аввалгидек “сокин” бўлмаслиги, бундай вазиятда барча раҳбарлар ўз иш услуби, ёндашуви ва дунёқарашини тубдан ўзгартириши зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш масалалари алоҳида таҳлил қилинди. Жорий йил банклар орқали ушбу йўналишга 140 триллион сўм йўналтирилмоқда. Кичик бизнесга берилган ҳар 1 миллиард сўм кредит ҳисобига Ширин шаҳрида 20 та, Учқудуқда 17 та, Хонобод ва Сўхда 14 тадан, Томди туманида 13 та доимий иш ўрни яратилган.
Бироқ Учкўприк, Пискент, Бўстонлиқ, Кармана, Қўрғонтепа туманларида 1 миллиард сўмлик кредитга ўртача 3 та иш ўрни тўғри келмоқда.
Шу боис, кредит ресурсларини тақсимлашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Соҳа масъулларига туман банкларини сунъий интеллект билан ишлашга ўқитишни бошлаш, банкларда “Сунъий интеллект маслаҳатчиси” платформасини ишга тушириш топширилди. Бу платформа тадбиркорларга кредит олиш учун лойиҳанинг параметрлари, рисклари ва бозордаги талабни таҳлил қилиб, тайёр ечимлар бериши кераклиги таъкидланди.
Тадбиркорлар билан ишлашдаги камчиликлар ҳам кескин танқид қилинди. Айрим раҳбарлар тадбиркор муаммосини ҳал қилиш ўрнига масъулиятдан қочаётгани, масала республика даражасига чиққач, ўзини оқлаш билан овора бўлаётгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Нурафшон шаҳрида бюрократик тўсиқлар сабабли икки йилдан бери қурилишни бошлай олмаётган тадбиркорга ёрдам бериш ўрнига бу маълумот Президент даражасига қандай етиб борганини қидириш билан овора бўлингани танқид қилинди. Шунингдек, Ғузор, Нарпай, Урганч, Янги йўл, Чиноз туманларида тадбиркорлик инфратузилмаси учун ажратилган 262 миллиард сўм маблағ бўла туриб, лойиҳалар бошланмагани қайд этилди. Тегишли вилоят ҳокимларига бундай раҳбарларнинг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.
Йиғилишда инфляцияни жиловлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари иқтисодиёт ўсгани билан агар инфляция ҳам ошса, аҳоли ва тадбиркорлар ҳаётида ижобий ўзгариш сезилмаслигини таъкидлади.
Йил бошидан дунёда нефть нархи 40 фоизга ошди. Зиддиятлар оқибатида логистика коридорлари ўзгариб, маҳаллий маҳсулотлар экспорти ва асосий истеъмол товарлари импортида ташиш харажатлари 25-30 фоизга кўпаймоқда. Бу ички нарх-навога қўшимча босим юзага келтирмоқда.
Шу билан бирга, ташқи босимларни баҳона қилиб, инфляция бўйича ишларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик кераклиги таъкидланди. Истеъмол саватидаги маҳсулот ва хизматларнинг 70 фоизи маҳаллий экани қайд этилиб, мутасаддилар ва ҳокимларга жорий йилда инфляцияни 6,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш учун маҳаллий маҳсулотлар таклифини кўпайтириш ва нархларни арзонлаштириш вазифаси қўйилди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Логистикадаги узилишлар оқибатида биринчи чоракда қорамол импорти икки карра камайган. Бунга тезкор ечим сифатида самолётда ташиладиган ҳар бир наслли қорамол учун 4 миллион сўмгача, гўшт импортида эса транспорт харажатининг ярмини қоплаш йўлга қўйилди.
Иккинчи чоракда 45 минг тонна, йил якунигача жами 130 минг тонна гўшт импортини таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддиларга қайси йўналишда тўсиқ бўлса ёки юк тўхтаб қолса, тадбиркорлар мурожаат қилишини кутмасдан, онлайн мониторинг орқали тезкор ечим бериш топширилди.
Ҳудудларда 478 минг гектарда озуқа экинлари экилиши режалаштирилган. Лекин Наманганда озуқа ерларининг 74 фоизига ҳалигача экин экилмагани, чорвачиликда имконияти юқори бўлган Зарбдор, Қизилтепа ва Поп туманларида силос экиш бошланмагани, Амударё, Ғиждувон, Хонқа ва Бағдодда ҳам ишлар қониқарсиз экани танқид қилинди.
Яна 100 минг гектар экин ерини янги тизим асосида аукционга чиқариш белгиланган. Мазкур ерларни тезкор аукционга чиқариб, экин экиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Саноат плантациялари ташкил этадиган тадбиркорларга имтиёз ва молиявий ресурслар берилаётгани қайд этилиб, вилоят ҳокимларига бу йил камида 5 тадан йирик саноатлашган мева-сабзавот плантациясини намунали ташкил этиш топширилди.
Йиғилишда саноат ва экспорт масалалари ҳам танқидий таҳлил қилинди. Қамаши, Қарши, Миришкор, Арнасой, Шароф Рашидов, Янгиобод, Навбаҳор, Косонсой, Қумқўрғон, Фурқат, Шовот, Шайхонтоҳур ва Сергели туманлари саноат прогнозига чиқа олмагани қайд этилди. Ушбу 13 та туман ҳокимига режага қанча етмаганига қараб интизомий чора кўриш топширилди.
Ички бозорда мис таклифи кўпайтирилган бўлса-да, қайта ишлаш ойига 6 минг тоннадан ошмаётгани кўрсатиб ўтилди. Оқибатда биринчи чоракда электротехника соҳасида саноат ўсиши прогноздаги 11,2 фоиз ўрнига 7,8 фоизни ташкил қилди, экспорт прогнози эса 57 фоизга бажарилди.
Мутасаддиларга ишлаб чиқариши ва экспорти камайган ҳар бир корхонага бориб, экспортни молиялаштириш ҳамда инвестиция лойиҳалари бўйича муаммоларни жойида ҳал қилиш топширилди. Иккинчи чорак якуни билан соҳада ишлаб чиқаришни 25 триллион сўмга, экспортни 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Корхоналарда ресурс самарадорлиги ва меҳнат унумдорлигини ошириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Кўп давлатлар саноат ва сервисда “Кайзен”, “Lean production” каби прогрессив усулларни қўллаётгани, мамлакатимизда ҳам 50 га яқин тадбиркор бундай ёндашувларни жорий этишни бошлагани айтилди. Бироқ бу етарли эмаслиги қайд этилиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бу йил 100 та корхонада самарадорликни ошириш бўйича илғор дастурларни жорий этиш, бунинг учун 30 миллион доллар грант жалб қилиш топширилди.
Экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Сўнгги олти ойда 908 та тадбиркор 3 миллиард 600 миллион долларлик шартнома тузган бўлса-да, ҳамкорлардаги вазият ўзгаргани сабабли экспортни бошлай олмаган. Айрим ҳокимлар эса уларга ёрдам бериш ўрнига вазиятни ўз ҳолига ташлаб қўйган.
Оқибатда биринчи чоракда экспорт Норин, Касби, Шеробод, Ёзёвон ва Деновда 2 каррадан зиёд камайган. Шаҳрисабз, Учқудуқ, Паркент, Тошкент туманлари, Жиззах, Навоий, Наманган, Ангрен, Бекобод ва Нурафшон шаҳарларида эса экспорт режаси 70 фоизга ҳам етмаган. Ушбу ҳудуд раҳбарлари биринчи ярим йилликда ўсишни таъминламаса, қатъий хулоса қилиниши маълум қилинди.
Саноат зоналаридан самарали фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бюджет ҳисобидан йўл, электр ва сув инфратузилмаси олиб борилган 226 та саноат зонасидаги 213 гектар майдонда ҳалигача лойиҳа бошланмагани танқид қилинди. Шу билан бирга, 27 та саноат зонасида лойиҳалар жойлаштирилган бўлса-да, инфратузилма етиб бормаган.
Вилоят ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари зиммасига инфратузилмаси бор саноат зоналаридаги бўш ерларга жойлаштириладиган лойиҳалар портфелини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Давлат идораларини ихчамлаштириш ва бизнес учун янги майдонлар очиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Туманлардаги марказий кўчалар ва аҳоли гавжум жойларнинг катта қисмида давлат идоралари жойлашгани қайд этилди. “Кўкдала тажрибаси” асосида 19 та туман ва шаҳарда давлат идораларини ягона маъмурий марказга кўчириш бошланмоқда.
Мазкур ишларни барча туманларда ташкил этиш орқали давлат идораларида йилига 1 миллиард 800 миллион киловатт-соат электр ва 340 миллион куб метр газ тежалиши, бизнес учун 5 миллион квадрат метр жой очилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Шу мақсадда беш йиллик дастур тайёрлаш, жорий йил 26 та туманда давлат идораларини бир жойга кўчиришни бошлаш топширилди. Янги маъмурий марказлар қуришда ҳар бир ходимга тўғри келадиган майдон ўртача 15 квадрат метрдан ошмаслиги белгиланди.
Инвестиция лойиҳалари сифатига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир янги лойиҳа, ҳар бир доллар сармоя фақат ва фақат қўшилган қиймат, юқори даромадли иш ўрни ва экспортни кўпайтиришга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Барча раҳбарлар учун инвестиция сифати асосий мезон бўлиши шартлиги қайд этилди.
Ушбу лойиҳалар ишга туширилганидан кейин уларни мониторинг қилиш платформаси яратилган. Масалан, охирги уч йилда ишга тушган 688 та корхонадан 210 таси қувватидан тўлиқ фойдаланмаётгани аниқланган. Оқибатда 33 триллион сўмлик ишлаб чиқариш бой берилган, 23 минг иш ўрни бўш турибди.
Мутасаддиларга ушбу 210 та корхона кесимида “йўл харитаси” тузиб, муаммолар ечими бўйича аниқ муддат ва масъулларни белгилаш топширилди.
Жорий йилда 53 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган. Президентимиз раҳбарлар биринчи қадамданоқ тўғри лойиҳа танлаб, унга мос салоҳиятли инвестор топсагина, инвестицияда сифат бўлишини таъкидлади.
Мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида мавжуд қувватлар, ички ва ташқи бозордаги талабни ўрганиб, қайси ҳудудда қандай лойиҳа қилиш бўйича ечим берадиган платформани ишга тушириш топширилди. Инвесторлар ва консалтинг компанияларига ушбу платформадан “ягона дарча” тамойили асосида фойдаланиш учун шароит яратилади.
Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Юртимизда бундай 18 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Лекин ишлаб чиқариши бор 526 та корхона бирор марта ҳам экспорт қилмаган. Яна 767 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фақат четдан товар олиб келиб, сотиш билан шуғулланмоқда.
Улар билан ишлаб, четдан маҳсулот олиб келиб сотаётган корхоналарга шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар таклиф қилиш, уларни маҳаллий тадбиркорлар билан боғлаш, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш бўйича кооперацияни йўлга қўйиш, ички бозорда ишлаётган корхоналарга экспортга чиқишда кўмак бериш зарурлиги таъкидланди. Мутасаддиларга бу борада алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда “Ақлли туман” платформаси ва вазият-таҳлил марказлари тажрибасини кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари кеча Мирзо Улуғбек туманидаги ситуацион-таҳлил марказида мазкур платформа қандай ташкил қилингани билан танишгани қайд этилди. Бугун барча вилоят ҳокимлари ушбу туманга бориб, янги тизим қандай ишлаётгани, маҳаллалар қиёфаси ва қурилишлар ҳолати билан танишди.
Вилоят ҳокимларига икки ойда ушбу тажриба асосида вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда худди шундай ситуацион-таҳлил марказларини ишга тушириш топширилди.
Давлатимиз раҳбари барча даражадаги раҳбарлар бугунги мураккаб вазиятда натижа учун шахсан масъул эканини таъкидлади. Иқтисодий ўсишни таъминлаш, инфляцияни жиловлаш, иш ўринлари яратиш, экспортни кўпайтириш, инвестиция сифати ва тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ҳар бир раҳбар фаолиятининг асосий мезони бўлиши белгиланди.
Йиғилишда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг ҳисоботлари тингланди.