Ўзбекистон томонидан  ушбу  тадбирни  ўтказиш учун ариза 2019 йилда берилган ва 2022 йилда тасдиқланган.

Тадбирда 73 давлатдан 2000 дан ортиқ меҳмонлар, жумладан, хорижий ҳукуматлар вакиллари, трансмиллий корпорациялар, халқаро молия институтлари ва банклари раҳбарлари, иқтисодиёт, инвестициялар, молия ва технологиялар соҳасидаги экспертлар, шунингдек, етакчи хорижий ОАВ вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Иқтисодиёт барқарорлигига инвестициялар киритиш масалалари тадбирнинг асосий мавзуси бўлади. Йиғилиш давомида Банкка аъзо мамлакатлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мавзуларига бағишланган панел мунозаралари ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Тадбир шунингдек, ЕТТБга ўтган йил давомида эришган ютуқларини таҳлил қилиш ва режалар тузиш имкониятини беради.

Йиғилиш асосий тадбирларидан бири «Ўзбекистоннинг инвестициявий истиқболлари тўғрисида»ги сессия бўлади. Унда мамлакат иқтисодиётининг кутилаётган ўсиш суръатлари ва инвестицияларни жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинади.

Тадбирнинг уч кунлик кун тартибидан экспертлар иштирокидаги турли мавзуларда, жумладан, минтақалар ва алоҳида мамлакатларга бағишланган бир қатор панел мунозаралари ҳам ўрин олган.

Улар қаторидан:

• халқаро савдо муносабатлари;

• энергия хавфсизлиги, қайта тикланадиган энергия манбалари;

• кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги аҳамияти;

• ривожланаётган бозорларда рақамлаштириш жараёнлари;

• ЕТТБ «Яшил шаҳарлар» дастури;

• ЕТТБнинг «Минтақавий иқтисодий истиқболлар» мавзусидаги асосий макроиқтисодий тадқиқоти ва бошқалар ўрин олган.

Йиғилиш давомида халқаро ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтади. Унда макроиқтисодий вазият, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришда хусусий сектор ва давлатнинг роли, ҳудудлараро алоқалар, иқтисодий интеграция, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш ва бошқа масалалар юзасидан эксперт муҳокамалари ўтказилади.