Сўнгги йилларда, хусусан, ўтган 2022 йилда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Сана муносабати билан уларнинг айримларига тўхталмоқчимиз.
Дунё тажрибасидан келиб чиққан ҳолда соҳа бозорига профессионал бошқарув сервис компаниялари кириб келди. Бугунги кунга келиб республикада жами 800 га яқин бошқарув сервис компаниялари фаолияти йўлга қўйилди. Эътиборлиси, ўтган қисқа даврда мамлакатимиздаги мавжуд 40 631 та кўп қаватли уйнинг 90 фоизига ушбу бошқарув ташкилотлари томонидан хизмат кўрсатила бошланди. Бошқарув компаниялари ҳозирга қадар уйларни таъмирлаш, ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш, моддий-техник базасини шакллантиришга ўз ҳисобидан 268 млрд сўмдан ортиқ инвестиция маблағларини киритди.
Сўнгги 6 йил давомида кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш дастурлари доирасида жами 2 трлн 270 млрд сўм маблағ ҳисобидан 31 000 та уй мукаммал ёки жорий таъмирланди ҳамда 1 114 та лифт ускуналари янгисига алмаштирилди. Хусусан, сўнгги 6 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга 10 трлн сўмга яқин маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 1 176 та сув иншооти ва 20,8 минг км узунликдаги ичимлик суви тармоқлари тортилди. Натижада республика аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилда 63,9 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб ушбу кўрсаткич 74,4 фоизга етказилди.
Иссиқлик таъминоти соҳасида ҳам кейинги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, республика бюджети маблағлари ҳисобидан, шунингдек Оролбўйи минтақасини ривожлантириш дастури доирасида 50 дан ортиқ марказий ва маҳаллий қозонхоналар ҳамда 132, 2 км узунликдаги иссиқлик қувурлари модернизация қилинди. Натижада 45 721 та хонадондан иборат 1 069 та кўп қаватли уй ва 143 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси билан таъминланди.
Соҳада ахборот-коммуникация технологиялари самарали жорий этилиб, “Менинг уйим” биллинг тизими ишга туширилди.