Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилоят бошқармаси томонидан фуқаролар мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқиш ва уларни тегишли тартибда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади. Кўплаб фуқаролардан туғилганликни ўз вақтида қайд қилмаслик ёки қонуний никоҳ билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушмоқда.
Оҳангарон туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига тумандаги Эйвалик кўрғонида яшовчи Насиба Холмуродовадан мурожаат келиб тушди. У 18 ёшли қизи Чарос Холмуродовага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ололмаётганлигини, 2 йил давомида кўплаб идоралар эшигини таққиллатганлигини, аммо иш ҳал бўлмаётганлигини билдиради. Фуқаро томонидан қилинган мурожаат ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, мурожаатчининг қизи Чарос 2003 йил 27 октябрда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган бўлиб, ўша вақтда унга берилган худди шу рақамли туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома бошқа болага ҳам берилган экан. Шу сабабли Чарос 16 ёшга тўлганда паспорт ололмайди. Мактабни ҳам ўша эски ҳужжат билан тамомлаган.
Насиба Холмуродова қизи турмушга чиқаётганлиги сабабли, унга янги гувоҳнома олиш учун туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган. Унинг мурожаати мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилиб, ДХА Тошкент вилояти бошқармасининг ҳуқуқий ва амалий кўмаги боис, қизининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси расмийлаштириб берилди.
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
матбуот хизмати