Бу борада Фарғона вилоят жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йилнинг 9 ой давомида 8 минг 239 шахсга нисбатан қўзғатилган 6 минг 748 та жиноят иши келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 минг 242 тага кўп.
Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, туман (шаҳар) судлари томонидан мазмунан кўриб чиқилган 3 минг 441 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган. 2 минг 349 шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят ишларнинг 2 минг 248 таси тугатилган. Шунингдек, 14 та иш бўйича 14 шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган, 4 та иш бўйича 8 шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. 599 шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 199 шахс суд залидан қамоққа олинган.
Кўриб тамомланган ишлар бўйича 45 шахсга нисбатан 38 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган, 107 шахсга нисбатан 81 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган (шунингдек, озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган 33 та иш бўйича 35 нафар шахслар амалда етказилган зарарни қоплангани сабабли суд қарорлари ўзгартирилиб, суд залидан озод этилиб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари тайинланган), 464 шахсга нисбатан 392 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.
Таҳлилар шуни кўрсатмоқдаки, кейинги йилларда судланганлик билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Хусусан, 2021 йил 9 ойида 4 минг 404 шахс судланган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1465 тага кўп. Айниқса, қасдан одам ўлдириш, баданга оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш, босқинчилик, талончилик, фрибгарлик безорилик билан боғлиқ ҳолатлар кўпайган.
Бу борадаги салбий ишларнинг олдини олиш мақсадда, корхона, ташкилот ва муассасаларга 109 та тақдимнома киритиди, жойларда сайёр учрашув, мулоқотлар ўтказиш йўлга қўйилди, оммавий ахборот воситаларида тарғибот ишларни кучайришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мақсад жиноят содир этган шахсни жазолаш эмас, балки жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларни ўрганиш, ҳар бир жиноят тафсилотларини профилактика инспекторлари, маҳалла ва жамоатчилик иштирокида чуқур таҳлил қилган ҳолда иш олиб бориш бугунги кунинг муҳим вазифаларидан.
Бобохон ВАХОБОВ,
Фарғона вилоят судининг раис ўринбосари