Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда  “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши ҳамда айрим жиноятларни декриминализация қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Ушбу лойиҳа билан электр ва иссиқлик энергияси, газ, ичимлик сувидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни, агар ҳуқуқбузарлик натижасида анча миқдордан кам бўлган зарар етказилган бўлса, декриминализация қилишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланяпти.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқубузарликларнинг сони ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларнинг сони ўсиб борганини кузатиш мумкин.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 163-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик 2018 йилда 1,5 мингта, 2019 йилда эса 1,6 мингта аниқланиб, ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судларга юборилган. Шулардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида юқорида қайд этилган моддаларнинг санкцияларини ошириш таклиф этилмоқда.

Мисол учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасида электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилган ҳолда фуқароларга БҲМнинг 7 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 15 бараваридан 25 бараваригача жарима жазосини белгилаш назарда тутилмоқда. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этилган бўлса, фуқароларга БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 25 бараваридан 50 бараваригача жарима жазосини белгилаш кўзда тутиляпти.

Қонун лойиҳасини қабул қилиниши туфайли ижро тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади, суд ҳамда бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ва ўз вақтида ижро этилиши таъминланади, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати.